Бозулбанг 
Lagochilus inebrians Bunge

Ўсимлик тавсифи. 

 Lamiaceae оиласига мансуб ярим бута, баландлиги 24-60 см, ўқ илдизли, шарсимон шакл берувчи кўп сонли тик турувчи, оддий ёки шохланган тиканли поялардан иборат. Барглари қарама-қарши, кенг тухумсимон, учга, бешга бўлинган, кўп сонли тукчалари ва безли тукчалари бор. Гуллари 4-6 та дан қўлтиғдан чиққан ярим халқада, узун бошоқсимон тўпгулда тўпланган. Косачабарглари қўнғироқсимон, воронкосимон кенгайган, 5 та эгилган тиканли тишларга эга, гултожибарглари пушти, икки лабли, юқори лабда узун тик турувчи тукчалари бор. Меваси ценобий (бўлинадиган мева), узунлиги 3-4 мм бўлган, силлиқ сарғиш-кулранг 4 та ёнғоқчадан иборат. Май-июлда гуллайди, уруғлар август-сентябрда пишади.

Ўсиш жойи. Тарқалиши.

Бозулбанг Ўзбекистоннинг Жиззах, Самарқанд ва Навоий вилоятларининг тоғ олди адирларининг шағалли қияликларида ўсади. Унинг майдони жуда чекланган. ХХ асрнинг 80-йилларида унинг ҳаддан ташқари хом ашёси йиғилганлиги туфайли табиий ценопопуляциялари деярли йўқ қилинган. Тур Ўзбекистон Республикасининг Қизил китобига киритилган (2019).
Гуллаш даврида ўрилган ўт хом ашё бўлиб ҳисобланади.
Қуритиш. Сояда сийракроқ қатлам қилиб ёйиб, 5-6 кун давомида ҳар куни айлантириб қуритилади. Кейин улар майдаланади, поялардан ва аралашмалардан тозаланади.
Ташқи белгилар. Тиббиётда ўсимликнинг барглари ва гулларидан фойдаланилади. Хом ашёнинг асосий қисми косачабарглардан иборат. Барглари майдаланган, кулранг-яшил рангга эга, иккала томони ҳам тукланган, ҳиди кучсиз, хом ашёни ишқалашда кучаяди, таъми аччиқ. Намлик миқдори 13% дан, умумий кул миқдори 11% дан, ўсимликнинг бошқа органлари 3% дан, тешиклари диометри 1 мм бўлган элакдан ўтган эзилган қисмлар 2% дан, органик аралашмалар 1% дан, минерал аралашмалар 1% дан ошмаслиги керак. Хом ашё таркибида лагохилин миқдори камида 0,5% бўлиши керак.

Кимёвий таркиби.

Ўсимликнинг гуллари ва баргларида тўрт атомли спирт бўлган лагохилин мавжуд. Баргларда, шунингдек, эфир мойи (0,03%), танинлар (11-14%), шакар, органик кислоталар, аскорбин кислотаси, каротин, К витамини, микроэлементлари, кальций тузлари, илдизларда – танинлар ва шакар мавжуд.
Сақлаш. Қуруқ хонада токчаларда сақланади.

Фармакологик хусусиятлари.

Бозулбанг препаратлари ҳар хил фармакологик фаолликка эга. Бозулбангни фармакологик ўрганиш дастлаб Самарқанд тиббиёт институтининг фармакология кафедрасида олиб борилган. Бозулбангнинг гуллари ва баргларидан қайнатма, дамламаси ва настойкаси қон ивишини тезлаштиради. Бозулбангнинг сув экстрактлари гипотензив ва тинчлантирувчи фаолликка, стрихнин, кофеин, коразол, камфора, ареколин ва никотин таъсирида юзага келадиган экспериментал тортишишларда тортишишга қарши хусусиятларига эга, тери рецепторлари қўзғалувчанлигини пасайтиради ва денгиз чўчқаларида оғриқ сезгирлигини камайтиради. Бозулбанг препаратлари ҳиссиётни пасайтирувчи адаптоген хусусиятга эга. Улар кўз ичи босимини пасайтиради, кўриш кескинлигини ва ранг идрокини оширади. Бозулбанг препаратлари меъда ширасининг овқат ҳазм қилиш қобилиятини, умумий ва эркин кислоталилигини оширади. Карбахолин сабаб рўй берган спазмда бозулбанг дамламасининг оғриқ қолдирувчи таъсири қайд этилган. Бозулбангнинг терапевтик дозаларда дамламаси ва настойкаси токсик таъсирга эга эмас, кумулятив хусусияти ҳам йўқ; настойкасини таъсири оғиз орқали қабул қилинганда 20-30 дақиқадан сўнг, дамламасиники эса бир неча соатдан кейин пайдо бўлади.
Доривор воситалар. Бозулбанг қайнатма, дамлама, настойкаси ва экстрактининг таблеткалари.
Ишлатилиши. Бозулбанг келиб чиқиши турли хил (климакс олди, ювенил, бачадон фиброматози, жароҳат, бавосил, ўпка, бурун ва бошқалар сабабли) қон кетишида, шунингдек, операциядан олдидан қон кетишининг олдини олиш, тиш олдириш, кўп миқдорда оғир ҳайз кўришдан олдин, гемофилия, Вергольф касаллиги, Шенлейн-Генох касалликлари ва бошқа геморрагик диатезида ёрдамчи восита сифатида ишлатилади. Гемофилия билан оғриган беморларда бозулбанг препаратлари таъсирида қон кетиши камайиши, бўғимларда ва тери ости тўқималарида гематомалар тезроқ сўрилиши, қонда антигемофил гамма глобулинлари миқдори ошиши кузатилган. Гемофилияда бозулбанг препаратлари ичга қабул қилинади ва ташқарига ҳам қўлланилади. Бозулбанг дамламаси билан дока намланади ва улар қон кетадиган тўқималарга қўйилади. Глаукомада бозулбанг дамламаси ичиш учун буюрилади. Шунингдек, у ревматизм билан оғриган беморларни капилляр ўтказувчанлигини камайтириш ва салицилатларнинг гипокоагуляцион таъсирини камайтириш учун ҳамда ҳссиётни пасайтирувчи восита сифатида комплекс даволашда ишлатилади. Бозулбанг препаратлари юқори ҳарорат ва кучли қуёш нурланиши шароитларида инсоннинг иш қобилиятини ва чидамлилигини оширади. Марказий асаб тизимининг функционал касалликлари бўлган беморларда бозулбанг препаратларини қўллашда ижобий натижаларга эришилган. Клиник соғайишнинг асоси препаратнинг тинчлантирувчи таъсири ҳисобланади, натижада уйқу яхшиланади, таъсирчан қўзғалувчанлик, йиғлоқилик ва бошқа аломатлар йўқолади. Болалардаги экссудатив диатезда бозулбанг дамламаси ичга қабул қилинади, шунингдек, 0,1-0,5% дамламали ванналар бошқа доривор препаратлар билан биргаликда ишлатилади.
Экзема ва қизил ясси лишай билан оғриган беморларда бозулбанг билан даволашнинг ижобий натижалари ҳам қайд этилган. Дамлама (1:20) 1 ош қошиқдан кунига 3 марта буюрилади. Даволаш курсининг давомийлиги 1,5-2 ойни ташкил қилади.
Бозулбанг дамламаси ўсимлик баргларидан 1:10 ёки 1:20 нисбатда тайёрланади. Барглар 5 мм дан кўп бўлмаган заррача катталигида эзилади, устига хона ҳароратидаги сув қуйилади, қайнаётган сув ҳаммомига қўйилади, 15 дақиқа давомида тез-тез аралаштириб иситилади, хона ҳароратида 45 минут совутилади. Тинчлантирувчи восита сифатида дамлама катталарга кунига 3-6 марта 1 ош қошиқдан буюрилади. Дамлама дозаси касалликка қараб ўзгаради. Сурункали қон кетиш ва гинекологик операциялардан сўнг қон йўқотилишининг олдини олиш учун кунига 3-5 марта 2 ош қошиқ дамламадан ичилади. Геморрагик диатез учун дамламадан кунига 3-5 марта 1/2 стакандан ичиш тавсия этилади. Маҳаллий фойдаланиш учун асептика қоидаларига риоя қилган ҳолда 1:10 нисбатда дамлама тайёрланади.
Бозулбанг настойкаси – ўткир таъмга эга тиниқ ароматик суюқлик. Бозулбанг баргларидан 70% ли спиртда тайёрланади. 1 чой қошиқдан кунига 3 марта 1/4 стакан сув билан қўшиб ичилади. Хавфли қон кетишни тўхтатиш учун – ҳар 2 соатда 1/4 стакан сувга 1-2 чой қошиқ настойка солиб ичилади. Қон кетишининг камайганда настойканинг кунлик дозаси камайтирилади. Геморрагик диатезда кунига 5 марта 3 чой қошиқдан қабул қилиш учун буюрилади. 50 мл шиша флакон идишларда чиқарилади.

Фойдаланиган адабиётлар рўйхати:

1. Акопов И.Э. Важнейшие отечественные лекарственные растения и их применение. – Ташкент: Медицина, 1990. – 446 с.
2. Алимбаева П.К., Гончарова А.В. Дикорастущие лекарственные растения Киргизии. – Фрунзе: Илим, 1971. – 98 с.
3. Атлас ареалов и ресурсов лекарственных растений. – М.: ГУГК, 1983. – 340 с.
4. Биологические особенности и распространение перспективных лекарственных растений // Под редакцией Т.А.Адылова. – Ташкент: Фан, 1981. –158 с.
5. Биологически активные вещества растительного происхождения. Б.Н. Головкин, Р.Н. Руденская, И.А.Трофимова, А.И. Шретер – в 3 томах. М.: Изд-во Наука, 2001. – 764 с.
6. Ботанико-фармакогностический словарь // Под ред. Блиновой К.Ф. – М.: Высшая школа, 1990. – 272 с.
7. Гаммерман А.Ф., Кадаев Г.Н., Янценко-Хмелевич А.А. Лекарственные растения (растения-целители). – М.: Высшая школа, 1984. – 400 с.
8. Гесь Д.К., Горбач Н.В. Лекарственные растения и их применение. – Минск: Наука и техника, 1977. – 552 с.
9. Гончарова Т.А. Энциклопедия лекарственных растений. – М.: Дом МСП, 1997. – C. 15-22
10. Государственная Фармакопея СССР // 11-е изд. – М.: Медицина, 1989. – 398 с.
11. Государственный реестр лекарственных средств. Официальное издание: в 2 т.- М.: Медицинский совет, 2009. – Т.2, ч.1 – 568 с.; ч.2. – 560 с.
12. Лесиовская Е.Е., Пастушенков Л.В. Фармакотерапия с основами фитотерапии. Учебное пособие. – М.: ГЭОТАР-МЕД, 2003. – 592 с.
13. Палов М. Энциклопедия лекарственных растений». Под ред. канд. биол. наук И.А. Губанова. – М.: Мир, 1998. – 467 с.
14. Растительные лекарственные средства Абу Али ибн Сино (Авицены). Справочник // Под редакцией Ш.Б.Иргашева. – Ташкент: Абу Али ибн Сино, 2003. – 457 с.
15. Фитотерапия с основами клинической фармакологии. Под ред. В.Г. Кукеса. – М.: Медицина, 1999. – 192 с.
16. Хожиматов К.Х., Хожиматов О.К., Собиров У.А. Сборник правил пользования объектами лекарственных, пищевых и технических растений. Ташкент: «Янги аср авлоди», 2009. – 171 с.
17. Чиков П.С. Лекарственные растения. М.: Медицина, 2002. – 496 с.
18. www.ipni.org
19. https://www.greeninfo.ru
20. http://lektrava.ru
21. http://manual-plants.com.ua/section/opisanie-rasteniy
22. http://www.fito.nnov.ru
23. http://n-retsept.ru
24. www.plantarium.ru
25. http://pharmspravka.ru
26. http://www.plantsoftheworldonline.org/taxon/urn:lsid:ipni.org:names:448735-1
27. http://www.theplantlist.org/
28. http://www.u-lekar.ru/
29. http://100trav.su/
30. https://kiberis.ru/?p=4416
31. https://mag.org.ua/rast/trava636.html
32. https://dic.academic.ru/dic.nsf/ruwiki/638668