Лойиҳа тўғрисида

Сўнгги йилларда ўсимликлардан олинадиган доривор воситаларининг оммавийлашуви туфайли мамлакатимизнинг барча ҳудудларидан йиғилган ёввойи доривор, озиқ-овқат ва баъзи саноат ўсимликларининг хом ашёсига талабнинг сезиларли даражада ошишига олиб келди. Шу билан бирга 1997 йил 26 декабрда қабул қилинган «Ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида» ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 20 октябрдаги 290-сонли «Биологик ресурслардан фойдаланишни тартибга солиш ва табиатдан фойдаланиш соҳасида рухсат бериш тартиб-таомилларидан ўтиш тартиби тўғрисида»ги қарори асосида табиатни муҳофаза қилиш, хусусан, ёввойи доривор, озиқ-овқат ва саноат ўсимликлари бўйича кўплаб тадбирлар ишлаб чиқилган.

Маҳаллий фармацевтика саноатини янада ривожлантириш, ишлаб чиқарилаётган дори-дармонлар турларини кенгайтириш, ёввойи ўсимликларни тизимли етиштириш ва йиғиш, уларни тайёрлаш ва қайта ишлашни ташкил этиш, ширинмияни хом ашё сифатида экспорт қилишдан манфаатдор бўлган хўжалик юритувчи субъектлар учун қулай шароитлар яратиш, шунингдек, тадбиркорлик субъектларининг фаолиятининг ташқи иқтисодий алоқаларни янада эркинлаштириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси «Ўсимлик дунёси объектларидан фойдаланишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» (2015 йил 30 сентябрдаги 278-сон) қарорини ишлаб чиқилди ва тасдиқланди.
Шунингдек, доривор ўсимликлар асосида фармацевтика маҳсулотларини ишлаб чиқаришни устувор йўналишлардан бири сифатида, ўсимлик хом ашёси асосида субстанциялар ишлаб чиқаришни ташкил қилишни кўзда тутадиган мақсадли дастурлар ишлаб чиқилган. Ушбу дастур Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 29 майдаги 142-сонли «2015-2017 йилларда Сурхондарё вилоятининг саноат салоҳиятини ривожлантириш дастури тўғрисида» қарори билан тасдиқланган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 16 сентябрдаги «2016-2020 йилларда республика фармацевтика саноатини янада ривожлантириш чора-тадбирлари дастури тўғрисида» ги ПҚ-2595-сонли қарори билан ташқи бозорларда талаб юқори бўлган юқори қўшимча қийматга эга тайёр фармацевтика маҳсулотларини минерал, кимёвий ва биологик хом ашёларини ишлаб чиқариш вазифаси қўйилди, шунингдек, юқорида кўрсатилган вазифалар доирасида инвестиция лойиҳалари рўйхати тасдиқланди. Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 26 декабрдаги «2017-2019 йилларда тайёр маҳсулот турлари, бутловчи буюмлар ва материаллар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштиришнинг истиқболли лойиҳаларини амалга ошириш давом эттириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-2698-сонли қарори, 2016 йил 31 октябрдаги «Аҳолини дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмлари билан таъминлашни янада яхшилашга доир чора-тадбирлар тўғрисида»ги №ПҚ-2647-сонли қарорлари асосида улгуржи, улгуржи-чакана савдо ташкилотлари ва дорихоналар ўртасидаги ўзаро муносабатларни ташкил этишни кўзда тутган ҳолда дорихоналар тармоғини мақбуллаштириш, шунингдек, уларга доривор ўсимликларни етиштириш учун ер участкалари ажратиш бўйича таклифлар киритилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 10 июндаги «Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Ўрмон хўжалиги бош бошқармаси қошидаги Ўрмон хўжалигини ривожлантириш жамғармаси маблағларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш тартиби тўғрисида»ги 198-сонли қарорининг Низомига кўра уруғчилик, ўрмончилик селекциясини ривожлантириш, махсус оналик плантацияларини яратиш, махсус питомниклар, иссиқхоналар, шунингдек доривор ўсимликлар плантацияларини ташкил қилиш учун тажриба майдонларида илғор технологияларни қўллаш каби муаммоларни бошқаради.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 3 майдаги «Нукус-Фарм», «Зомин-Фарм», «Косонсой-Фарм», «Сирдарё-Фарм», «Бойсун-Фарм», «Бўстонлиқ-Фарм» ва «Паркент-Фарм» эркин иқтисодий зоналарини ташкил этиш тўғрисида»ги ПФ-5032-сонли фармонида республиканинг фармацевтика саноатини ривожлантиришга йўналтирилган инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун ташқи ва ички инвестицияларни фаол жалб қилиш учун қулай шарт-шароитларни яратиш, ўзига хос ўсиш шароитини инобатга олган ҳолда доривор ўсимлик хом ашёсини етиштириш орқали ички дори бозорини юқори сифатли маҳаллий ишлаб чиқарилган дорилар билан тўлдириш, уни чуқур қайта ишлашни ташкил этиш ва юқори қўшимча қийматга эга фармацевтика маҳсулотларини ишлаб чиқариш, шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси, Жиззах, Наманган, Сирдарё, Сурхондарё ва Тошкент вилоятларининг ишлаб чиқариш ва ресурс салоҳиятидан комплекс ва самарали фойдаланиш, шу асосда янги иш ўринларини яратиш ва республика аҳолисининг даромадларини ошириш бўйича қатор чора-тадбирлар кўзда тутилган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 14 февралдаги «Фармацевтика тармоғини жадал ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ-3532-сонли қарори билан республикада фармацевтика саноатини давлат бошқаруви тизими қайта кўриб чиқилиб, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузурида Фармацевтика саноатини ривожлантириш агентлиги ташкил этилди. Бундан ташқари, фармацевтика соҳасининг жадал ривожланиши учун қулай шарт-шароитларни таъминлаш мақсадида «Йўл харитаси» қабул қилиниб, иқлим шароити, ернинг хусусиятлари ва бошқаларни ҳисобга олган ҳолда дори воситалари учун хом ашёни етиштириш учун қулай шароитга эга бўлган ҳудудларнинг ҳаммабоп хариталарини шакллантириш, Ўзбекистон Республикаси ҳудудлар кесимида турли тупроқ-иқлим шароитида етиштириш тавсия этилган доривор ўсимликлар рўйхатини тасдиқлаш, асосий мақсади янги доривор воситалар ва дори шаклларини яратишнинг комплекс ёндашувини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш учун фармацевтика саноати учун янги технологиялар ва маҳсулотларни яратиш дастурини ишлаб чиқиш, субстанция, дженерик ва тиббиёт воситаларини олиш технологияларини ишлаб чиқиш, зарур ўзгартиришлар киритиш мақсадида фармацевтика соҳасида янги технологиялар ва маҳсулотларни яратиш дастури доирасида илмий-тадқиқот ишларини бажаришни доимий равишда назорат қилиш ва хом ашё экспортини ички фармацевтика саноатида ишлаб чиқаришга йўналтириш орқали аста-секин пасайтириш кабилар кўзда тутилган.

Бундан ташқари, ушбу соҳанинг долзарблиги, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 10 апрелдаги «Ўзбекистон Республикасида анъанавий тиббиётни ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ-4668-сонли ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 10 апрелдаги «Ёввойи ҳолда ўсувчи доривор ўсимликларни муҳофаза қилиш, маданий ҳолда етиштириш, қайта ишлаш ва мавжуд ресурслардан оқилона фойдаланиш чора-тадбирлари тўғрисида» ПҚ-4670-сонли қарорлари билан таъкидланган.
Ўзбекистонда доривор ўсимликларни йиғишнинг узоқ тарихи ва мавжуд адабиётларига қарамай, ушбу йўналишда оддий хом ашё йиғувчи ва тайёрловчилар учун доривор, озиқ-овқат ва техник хом ашёларни йиғиш ва қуритишнинг замонавий барқарор усуллари тўғрисида маълумотлар ниҳоятда кам. Ушбу усуллар нафақат тежамкор йиғиш усулларини тавсия этиши, юқори сифатли хом ашё олишни таъминлаши лозим, балки доривор ўсимликларнинг табиий захираларини сақлаш ва қайта тикланишини ҳам таъминлаши керак.

Мавжуд маълумотларни таҳлил қилиш кўплаб доривор ўсимликларни қуритишнинг оптимал режимларини аниқлаш ва хом ашё йиғимидан кейин зич ўсиш майдонларини тикланиш даражасини ўрганиш бўйича кенг қамровли тадқиқот дастурини ташкил этиш зарурлигини кўрсатди. Ушбу йўналиш бўйича керакли тажриба маълумотлари йўқлиги сабабли тавсиялар фақат яқин турларга ўхшашлиги бўйича берилган.
Ушбу тўпламнинг талаб қилинган кўрсатмаларига биноан доривор ўсимлик хом ашёсини йиғиш қоидаларига амал қилиш табиатни муҳофаза қилиш ва хом ашё тайёрловчи ташкилотларининг давлат инспекторлари томонидан, давлат ўрмон фонди ҳудудида эса Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси томонидан назорат қилиниши керак.
Хом ашёни тайёрлаш ушбу тўпламда келтирилган кўрсатмаларга қатъий мувофиқ равишда амалга оширилиши ва топширилган хом ашё амалдаги меъёрий-техник ҳужжатлар талабларига жавоб бериши керак. Ушбу атласда Ўзбекистондаги ёввойи ҳолда ўсадиган асосий квота бериладиган доривор ўсимликлар тақдим этилган. Маълумотлар базасида ёввойи доривор ўсимликларни йиғиш, қуритиш ва улардан оқилона фойдаланиш бўйича баъзи кўрсатмалар мавжуд.

Ўсимликларнинг илмий номлари қуйидаги сайтлар бўйича текширилган ва келтирилган:  http://www.ipni.org/,  http://www.theplantlist.org/https://www.plantarium.ru/. Ўсимликларнинг ўзбекча номлари маҳаллий аҳоли томонидан айтилгандек берилган. Arc GIS 10.0 и SASPlanet_140505 дастурлари ёрдамида тарқатиш жойлари ва хом ашё йиғиладиган асосий майдонларининг хариталари тузилган.

Умид қиламизки, Ўзбекистонда доривор ўсимликларнинг мазкур атласини яратиш ёввойи доривор ва техник ўсимликлари учун хом ашё сифатини яхшилашга ёрдам беради ва шу билан бирга хом ашё йиғувчи ва тайёрловчиларнинг эътиборини мамлакатимиз табиий ўсимлик ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва муҳофаза қилишга қаратади.

МУАЛЛИФЛАР

Ушбу лойиҳа Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлигининг «Ўзбекистондаги истиқболли доривор ўсимликларнинг интерактив атласини тузиш (асосан ҳимояга муҳтож турларнинг мониторинги, захираси ва уларни ҳимоя қилиш усуллари)» ПЗ-20170920219 амалий лойиҳаси доирасида Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Ботаника институти «Ўсимликлар ресурслари» лабораторияси ходимлари томонидан амалга оширилди.