











Оқ қайин
Betula pendula Roth
Identifier
CSTR: UZ113.45.PL.Betula.pendula.IBUz.00070
Ўсимлик тавсифи.
Оқ қайин – дарахт ўсимлиги, баландлиги 20 м гача, Betulaceae оиласига киради. Илдиз тизими одатда тупроқ юзасига яқин жойлашган, аммо ўсиш шароитга қараб, у қиялама ҳолда чуқурликка кириб боради. Поянинг диаметри 0,6-0,8 м га этади. Шох-шаббалари зич бўлмаган, тарвақайлаб кетган. Пўстлоғи силлиқ, оқ, поянинг пастки қисмида ёриқли, қора-кулранг (етук ёшли дарахтларда). Бошида ёш дарахтларда пўстлоқ сарғиш-оқ, кейин эса оқ рангга айланади. Ёш новдалар эгилган, туксиз, эгилувчан, смола сақловчи безчалар билан қопланган. Куртаклари силлиқ. Барглари кетма-кет, узунлиги тахминан 2,5 см узун бандларда, учбурчак ёки ромбисимон-тухумсимон, асоси кенг понасимон шаклида, қирраси бўйлаб икки тишли, тепада кўпроқ ёки камроқ чўзилган ва учқирлашган. Гуллари тўғри, шохларнинг учида бир жинсли осилган кучалаларда жойлашган. Чангчи гуллари қисқа гулбандли, узунлиги 5-6 см, осилган, 2-4 та бўлиб ўтган йилги новдалар учида жойлашади. Уруғчи гуллари якка, қисқа яшил ғуддасимон тирсларга тўпланган, қисқарган ён новдаларда жойлашган. Меваси қанотли кичик ёнғоқчадан иборат. Апрель ойининг охирида – май ойининг бошларида гуллайди. Октябр ойида мевалар пишиб етилади.
Ўсиш жойи. Тарқалиши.
Оқ қайин Ғарбий Тиён-Шоннинг (Тошкент вилояти) тоғ водийлари ва ён бағирларида ўсади.
Хом ашёни йиғиш ва унинг сифати.
Доривор мақсадларда қайин барглари, ёш барглари, шира (баъзан пўстлоғи) олинади. Шира эрта баҳорда шира ҳаракати бошлаганида йиғилади (баҳорги «шира ҳаракатланиши»). Куртаклари шишган вақтда, барглари ҳали ёпишқоқ бўлганда йиғилади (апрел – май ойининг боши). Куртаклари ва барглари очиқ ҳавода сояда қуритилади, қоғозга ёки матога юпқа қатлам қилиб ёйилади. Вақти-вақти билан уларни аралаштириш керак. Агар об-ҳаво шароити қулай бўлмаса, нормал ҳаво айланадиган хонада қуритиш керак. Қуритгичларда улар 25-30°С ҳароратда қуритилиши мумкин. Қуритилган хом ашё қуруқ хонада сақланади. Яроқлилик муддати – 2 йил. Қайин куртаклари дорихоналарда сотилади.
Қайин ширасини шаҳардан четки ва автомобил йўлларидан узоқда бўлган жойлардан йиғиб олинади. Диаметри камида 20 см бўлган дарахтлардан шира олинади. Ердан 40-50 см баландликда пояда 6-8 см диаметрли ва 2,5-3 см чуқурликда тешик очилади (жануб томондан бўлиши маъқулроқ). Тешикни ерга бироз бурчак остида очиш керак, шунда шира осонроқ оқиб чиқади. Тешикка пластик найча киритилади. Шиша банка пояга маҳкам боғлаб қўйилиб, банканинг бўйни найча остида 5-7 см масофада жойлаштирилади. Сутка давомида битта дарахтдан 2 литргача шира тўплаш мумкин. Битта дарахтдан бир кундан ортиқ шира йиғиш мумкин эмас, чунки бу дарахтга зарар етказиши мумкин. Ширани йиғгандан сўнг, найча поядан чиқарилади, тешик боғ елими ёки пластилин билан маҳкам ёпилади. Янги қайин шираси музлатгичда 3 кундан ортиқ бўлмаган муддатда сақланиши мумкин. Узоқроқ сақлаш учун ширани музлатиб, консервация қилиш мумкин. Бунинг учун шиша банкалар ва металл қопқоқлар стерилизация қилинади, шира 80°C га қадар иситилади (пастеризация). Кейин шира банкаларга қуйилади ва қопқоқ билан бекитилади.
Қайин пўстлоғидан қуруқ ҳайдаш орқали қайин қатрони олинади ва у ҳам доривор мақсадларда ҳам қўлланилади.
Кимёвий таркиби.
Қайин куртаклари, барглари, пўстлоғи таркибида эфир мойи, танинлар, қатронлар, сапонинлар, никотин кислотаси, С витамини бор. Куртаклари ва баргларида, бундан ташқари, каротин, гиперозид ва флавоноидлар мавжуд. Эфир мойи таркибида бетулен, бетулол, нафталин, бетулен кислотаси, бўёқлар мавжуд. Қайин ширасини таркибида шакар, олмали кислота, кальций, магний, темир, танин ва ароматик моддалар мавжуд.
Тиббиётда қўлланилиши.
Қайин препаратлари сийдик ҳайдовчи, ўт ҳайдовчи, яллиғланишга қарши, спазмолитик, антивирусли, балғам кўчирувчи, яраларни битказувчи, антипаразитик хусусиятларга эга. Шунингдек, улар метаболизмни, аёл жинсий аъзоларини ва овқат ҳазм қилиш тизимини тартибга солади. Куртак ёки қайин баргларидан ўсимлик препаратлари шишишлар (айниқса юрак касалликлари оқибатида), ошқозон ва ўн икки бармоқли ичак яралари, атеросклероз, қовуқнинг яллиғланиши, буйракнинг сурункали касаллиги, буйрак тош касаллиги, гипо ва авитаминоз учун берилади. Оғриқ қолдирувчи восита сифатида дорилар ичак ва бошқа силлиқ мушакларнинг спазмлари учун ишлатилади, ўт ҳайдовчи восита сифатида – жигар касалликларида; балғам кўчирувчи сифатида – бронхит, ларингит, трахеитда қўлланилади. Баргларнинг дамламаси албуминурия (сийдикда оқсил ажралиши), урат диатези, холециститнинг енгил формаларида ишлатилади. Қайин препаратлари акушерлик ва гинекологик амалиётда: барг дамламаси нефропатия, ҳомиладор аёлларнинг шишиши, гипоменструал климактерик синдромларда ишлатилади; баргларнинг дамламаси – туғруқдан кейинги даврдаги анемияда, климактерик неврозларда, шунингдек, умумий тикловчи восита сифатида ишлатилади; куртаклар қайнатмаси – нефропатияда самарали ҳисобланади.
Халқ табобатида қайин барглари ва куртакларидан тайёрланган препаратлар ошқозон ва ўн икки бармоқли ичак яраларини, бронхит, ўт тоши ва буйрак тоши касалликларида, подагра ва шишларни даволашда ишлатилади. Қайин куртакларининг қайнатма ва дамламаси сурункали ич кетишда ва гельментларни даволашда (аскарида, острица) самарали ҳисобланади. Қайин куртаклари дамламаси ревматизм, артрит, миозит, чақалар, яхши битмайдиган яралар, ётоқ яралари, йирингли яралар, абцессларни кесгандан кейин суртма ва компресслар шаклида қўлланилади. Ҳуснбузар тошмасида юзни қайин шираси суртиш керак, шунингдек, доғларни кетказишда қўлланилади, экземада компресслар шаклида ишлатилади.
Қайин шираси умумий мустаҳкамловчи восита сифатида ичилади, буйрак тоши, қон кетиши, метаболизмни бузилишида комплекс терапияда ишлатилади, қонни тозаловчи воситаси сифатида юқори ҳарорат билан бирга кечадиган тери, нафас олиш йўллари касалликларида (балғам кўчирувчи таъсирга эга), юрак касалликларидан келиб чиққан шишишларда диуретик восита сифатида буюрилади. Халқ табобатида қайин препаратлари турли хил локализацияга эга саратон касалликларида қўлланилади. Бу касалликларда қайин куртаклари дамламасидан фойдаланиш афзалроқ. Қайин супурги ҳаммомда подагра, радикулит, оғриётган бўғимлар, терини ва шамоллаш касалликларини даволашда фойдали бўлади.
Рецептлар:
Қайин баргларининг дамламаси. 2 чой қошиқ қуруқ эзилган баргларни устига бир стакан қайноқ сув қуйиб, 30 дақиқа давомида дамланади, кейин сузгичдан ўтказилади. Совутгандан сўнг, пичоқ учида истеъмол содаси қўшилади, аралаштирилади. Бир стаканнинг чорак қисми кунига овқатдан 20-30 дақиқа олдин 3-4 маҳал ичилади. Қайин барглари дамламаси қўлланиладиган ҳолатлар:
· Альбуминурия,
· Уратурия,
· Холецистит ва холецистоангиохолитнинг енгил шакли,
· Гипоменструал синдроми,
· Климактерик неврози.
Шунингдек, у юрак касалликларидан келиб чиққан шишишлар, ошқозон ва ўн икки бармоқли ичак яралари, гастрит, колит, ичак спазмлари, буйрак спазмлари, атеросклероз, сурункали буйрак касалликлари, сийдик пуфаги яллиғланиши, буйрак тош касаллиги, бош оғриғи ва мигрен, гипо- ва авитаминозлар, грипп, ўткир ва сурункали бронхит, пневмония, сил касалликларида умумий мустаҳкамловчи восита сифатида ишлатилади.
Қайин куртакларини қайнатмаси. Бир ош қошиқ (тепаси тўлдирилмайди) куртакларга бир стакан сувга солиб, паст оловда қайнатишга олиб борилади, қайнатгандан кейин 5 дақиқа қайнатилиб, оловдан олинади ва совутгандан кейин сузгичдан ўтказилади. 1 ош қошиқдан бир кунда 3-4 маҳал ичилади. Қайин куртаклари тайёрлашдан сурункали ич кетиш ва дизентерия касалликларида анча фойда беради. Қолган ҳолларда баргларнинг дамламаси билан бир хил кўрсатмалар бўйича қўлланилади.
Қайин куртаклари дамламаси. Бир ош қошиқ (тепаси тўлдирилмайди) куртакларни устига бир стакан қайноқ сув қуйилади, 20 дақиқа давомида бекитилган идишда дамланади ва кейин сузгичдан ўтказилади. Илиқ ҳолда ярим стаканнинг учдан бирида овқатдан 15 дақиқа олдин кунига 2-3 марта ичилади. Бу дамлама ўт ҳайдовчи ва сийдик ҳайдовчи восита тарзида микозларда, шунингдек, баргларнинг дамламасидаги кўрсатмаларда қабул қилинади.
Қайин куртаклари настойкаси. 90% ёки 70% спиртда 1: 5 нисбатда тайёрланади. Икки ош қошиқ (20 г) эзилган қайин куртаклари кичик шиша идишга солинади, 200 мл спирт қуйилади ва қопқоқ билан ёпилади. Қоронғи жойда 1 ой туриш керак, вақти-вақти билан чайқатиб туриш керак. Бир ойдан кейин сузгичдан ўтказилади. Кунига бир чой-ош қошиқдан 3 маҳал овқатдан 20 дақиқа олдин ичилади, (50 мл) хона ҳароратида қайнатилган сувда суюлтирилади ва ўт ҳайдовчи (жигар, ўт пуфаги ва унинг йўллари касалликлари учун), сийдик ҳайдовчи (юрак касалликларидан келиб чиққан) сифатида ишлатилади. Бошқа кўрсатмалар учун – баргларнинг дамламаси каби, 20-30 томчи 1 ош қошиқ сувга овқатдан 15-20 дақиқа олдин кунига 3 маҳал ичилади.
Ташқи томондан қайин куртаклари дамламаси ревматизм, артрит, миозит, чақалар, яхши битмайдиган яралар, ётоқ яралар, йирингли яралар, абцессларни кесгандан кейин суртма ва компресслар шаклида қўлланилади.
Янги ёш қайин баргларининг дамламаси. 2 ош қошиқ майда туғралган янги ёш барглар устига 200 мл 70% спирт қуйилади, 1 ҳафта давомида дамланади ва сузгичдан ўтказилади. Кунига 30 томчидан 2 маҳал ичилади. Анемия учун туғруқдан кейинги даврда, климактерик неврозларда ва абортдан кейинги реабилитация даврида янги қайин баргларининг дамламаси яхши фойда беради. Ташқи томондан бу дамламани бўғимларга компресс сифатида ишлатилади.
Янги ёш баргларнинг совуқ дамламаси. 100 грамм барглар майдаланади ва устига совутилган қайнатилган сув қуйилади (0,5 литр), 2 соат дамланади, сузгичдан ўтказилади. Туз ва лимон кислотаси таъбга қараб қўшилади. Витаминли ичимлик сифатида ичилади. 0,5 л катталар учун максимал суткалик доза ҳисобланади.
Қайин шираси кунига 2-3 марта 1 стакан ичилади.
Қайин қатрони малҳам тайёрлашда ишлатилади (ташқи фойдаланиш учун). Қатрон вазелин билан 2:8 нисбатда аралаштирилади. Бундай малҳам ташқи томондан қўзиқорин ва паразитар зарарланишларни даволашда, шунингдек, экзема, лишай касалликларни даволашда ишлатилади.
Қайин қатрони Вишневский ва Вилькинсон малҳамларининг таркибига киради.
Вишневскийнинг малҳами жарроҳлик амалиётида, шунингдек, фурункул, карбункул, экзема, куйиш яраси, совуқ урганда, ётоқ яралари, варикоз ва трофик яралар, псориаз, тромбофлебит, емирилувчи эндартериит, лимфангит, лимфаденитни даволашда қўлланилади. Вилькинсоннинг малҳами қўтир, экзема, ётоқ яралари, трихофит, трофик яралар учун ишлатилади.
Қўллаш мумкин бўлмаган ҳолатлар.
Ҳомиладорлик пайтида ва буйрак функционал етишмовчилиги бўлган ҳолатларда қайин куртаклар препаратларини ичиш тавсия этилмайди.
Фойдаланилган адабиётлар рўйхати:
1. Акопов И.Э. Важнейшие отечественные лекарственные растения и их применение. – Ташкент: Медицина, 1990. – 446 с.
2. Алимбаева П.К., Гончарова А.В. Дикорастущие лекарственные растения Киргизии. – Фрунзе: Илим, 1971. – 98 с.
3. Атлас ареалов и ресурсов лекарственных растений. – М.: ГУГК, 1983. – 340 с.
4. Барабанов, Е.И. Ботаника: учеб. для студ. высш. учеб. заведений. – М.: Академия, 2006. – 448 с.
5. Биологические особенности и распространение перспективных лекарственных растений //Под редакцией Т.А.Адылова. – Ташкент: Фан, 1981. –158 с.
6. Биологически активные вещества растительного происхождения. Б.Н.Головкин, Р.Н.Руденская, И.А.Трофимова, А.И.Шретер – в 3 томах. М.: Изд-во Наука, 2001. – 764 с.
7. Борисова Н.А., Шретер А.И. К методике определения запасов и картирования ресурсов лекарственного растительного сырья // Раст. ресурсы. – Ленинград: Наука, 1966. – Т. 2. – Вып. 2. – C. 271-277.
8. Ботанико-фармакогностический словарь // Под ред. Блиновой К.Ф. – М.: Высшая школа, 1990. – 272 с.
9. Гаммерман А.Ф., Кадаев Г.Н., Янценко-Хмелевич А.А. Лекарственные растения (растения-целители). – М.: Высшая школа, 1984. – 400 с.
10. Гесь Д.К., Горбач Н.В. Лекарственные растения и их применение. – Минск: Наука и техника, 1977. – 552 с.
11. Губанов И.А., Киселёва К.В., Новиков В.С., Тихомиров В.Н. Иллюстрированный определитель растений Средней России. В 3 т. – М.: Т-во науч. изд. КМК, Ин-т технолог. иссл., 2003. – Т. 2. – 31 с.
12. Государственная Фармакопея СССР // 11-е изд. – М.: Медицина, 1989. – 398 с.
13. Государственный реестр лекарственных средств. Официальное издание: в 2 т.- М.: Медицинский совет, 2009. – Т.2, ч.1 – 568 с.; ч.2. – 560 с.
14. Лесиовская Е.Е., Пастушенков Л.В. Фармакотерапия с основами фитотерапии. Учебное пособие. – М.: ГЭОТАР-МЕД, 2003. – 592 с.
15. Лищинская, С.Н. Эколого-биологические особенности берёзы повислой (Betula pendula Roth.) как компонента антрогенных лесонасаждений г. Самары: Автореф. дисс. … канд. биол. наук. – Самара. – 2003. – 18 с.
16. Палов М. Энциклопедия лекарственных растений». Под ред. канд. биол. наук И.А.Губанова. – М.: Мир, 1998. – 467 с.
17. Растительные лекарственные средства Абу Али ибн Сино (Авицены). Справочник // Под редакцией Ш.Б.Иргашева. – Ташкент: Абу Али ибн Сино, 2003. – 457 с.
18. Хожиматов К.Х., Хожиматов О.К., Собиров У.А. Сборник правил пользования объектами лекарственных, пищевых и технических растений. Ташкент: «Янги аср авлоди», 2009. – 171 с.
19. www.ipni.org
20. https://www.greeninfo.ru
21. http://lektrava.ru
22. http://manual-plants.com.ua/section/opisanie-rasteniy
23. http://pharmspravka.ru
24. http://www.fito.nnov.ru
25. http://n-retsept.ru
26. www.plantarium.ru
27. http://www.plantsoftheworldonline.org/?q=Betula%20pendula
28. http://www.theplantlist.org/
29. http://www.u-lekar.ru/
30. http://100trav.su/
31. https://russianpermaculture.ru/rastenia/bereza-povislaya-betula-pendula/
32. http://oldmuzzle.ru/flora/betula-pendula.html
33. https://dic.academic.ru/dic.nsf/ruwiki/242921
34. https://www.syl.ru/article/153562/new_bereza-povislaya-opisanie-vidov
https://cstr.cn/UZ113.45.PL.Betula.pendula.IBUz.00070


РУ