Зоғоза 
Ephedra equisetina Bunge

Ўсимлик тавсифи. 

 Зоғоза Ephedraceae оиласига мансуб бута, баландлиги 1,5 м га етади. Катта ёшли ўсимлик турли ёшдаги новдалар тизимидан иборат; биринчи тартибли новдалар асосий танада деярли вертикал жойлашган. Новдалар 1-1,5 ёшгача яшил рангда бўлиб, кейинчалик улар ёғочлашади ва кулранг пўстлоқ билан қопланади, улар эски шохларда бир текис ажралмайди ва толали кўринишга келади. Зоғоза новдалари бўғимли, узунлиги 1,5-3 см баргсиз тўғри узун бўғим оралиқларига эга, улар асоси қўшилиб ўсган, ҳалқада тўпланган редукциялашган пардасимон барглар билан бўғимларда галлашиб жойлашади. Икки йиллик ва ундан ортиқ новдаларда кейинги тартибли новдалар ҳосил бўлади. Яшил новдаларнинг бўғим оралиғи майда чизиқли, ёғочлашган тупларда силлиқ. Барглари қисқарган ва хлорофилл доначалари бўлмайди. Хлоропластлар ўсимликларнинг ҳаво орқали озиқланиш функциясини бажарадиган ёш ва ёғочланмаган пояларида жойлашган. Зоғоза икки уйли ўсимлик. Гуллари майда, бир жинсли, кичик бошоқчаларда йиғилган. Мевалари шарсимон, уруғнинг ярмидан кўпини қоплайди (қуббасимон резавор мева). Пишиб етилган қуббалари узунлиги 6-7 мм, қизил ёки тўқ сариқ, этли, битта уруғли. Май ойида гуллайди.
Зоғоза ўтининг хом ашёси «зоғоза ўти» деб товар номига эга яшил (ёғочлашмаган) новдалари ҳисобланади.

Ўсиш жойи. Тарқалиши.

 Зоғоза Ўзбекистон тоғларининг ўрта минтақаси бўйлаб тошли қияликларда ўсади.
Зоғозанинг илдиз системаси яхши ривожланган, кам тупроқли, тошли ва шағалли жойларда, қоялар орасида ва бошқа ўсимликлар ўсмайдиган жойларда ўсади. Унинг илдиз системаси бир неча катта илдизларга эга бўлиб, улар таянч вазифасини бажаради, майда илдизлаар сув ва минерал озуқа моддалар билан таъминлайди. Зоғозанинг ўзига хос хусусияти кўп йиллик новдаларининг тўкилиши ва келгуси йил уларнинг ўрнига ёш новдаларнинг чиқишидир. Кам сонли новдалари ёғочлашиб, вегетациясини давом эттиради. Новдаларнинг қайта ўсиши амалий аҳамиятга эга: уларни керакли ўлчамда кесиш, ўсимликка зарар етказмайди. Зоғоза чакалакзорлари деярли очиқ қуёшли жойларда, тоғ тизмасининг жанубий, ғарбий ва шарқий ён бағрида жойлашади. Чакалакзорларни қуйи чегарасида асосан шимолий ёён бағирда ва жарлликларнинг тубида ўсади. Уларнинг юқори чегарасида тизманинг чўққисида, яъни қуёшли жойларда ўсади. Унинг чакалакзорлари тоғ, дашт, ўрмон ва субальп минтақаларида жойлашади. Зоғоза баъзи жойларда зич чакалакзорларни ҳосил қилади. Унинг буталари орасида кўплаб бошқа буталар ва ўт ўсимликлар учраб, зоғоза чакалакзорлари учун хос бирор тур аниқланмаган.
Зоғоза чакалакзорларидан оқилона фойдаланиш тизими улардан алмашлаб амалга оширилиши керак. Зоғоза чакалакзорларидан тўғри фойдаланилганда уларнинг яшил новдалари кесилгандан сўнг 3-5 йил ўтгач ўзини тўлиқ тиклаб олиш имконига эга.

Хом ашёни йиғиш ва унинг сифати.

Зоғоза хом ашёси эрта баҳорда апрель ойида йиғиб олинади. Яшил новдалари ўроқлар ёки боғ қайчилари билан кесиб олинади. Йиғиб олинган новдалар қуруқ шағал устига 80-100 см кенглик ва 1-1,5 м баландликгача (ихтиёрий узунликда) ғарам қилиб жойлаштирилади. Бундай ғарамларда қаттиқлиги ва зичланмаганлиги учун ҳўл новдалар тез қурийди. Май ойининг ўрталарида зоғоза янги новдалари жадал ўсиши бошланганда, ҳосил йиғиш тўхтатилади. Қуритилган хом ашё қопларга солиниб, қайта ишлаш заводларига юборилади. Июль ойи бошларида ёш новдалар ўсишдан тўхтаб, эгилувчан бўлганда, қайта хом ашё йиғиш бошланади ва кеч кузгача давом этади (сентябрь охири октябрь бошигача). Йиғим пайтида бутанинг барча яшил новдалари кесилмаслиги, маълум бир қисмини ассимиляция қилиши учун қолдириш зарур.
Мавжуд талабларга кўра, зоғозанинг тайёр хом ашёси узунлиги 25 см гача, йўғонлиги 3 мм гача бўлган, бутун ёки қисман майдаланган ёғочланмаган новданинг юқори қисмини ташкил этади ёки бўғим оралиқлари 2 см, диаметри 1,2-2 мм бўлган ўтсимон бўғимли шохлардан иборат. Ҳидсиз, таъми аниқланмаган, чунки хом ашё заҳарли ҳисобланади. Рақамли кўрсаткичлар: қуруқ хом ашё миқдорида нисбатан алкалоидлар 1,6% дан кам бўлмаслиги; намлик миқдори 12% дан; умумий кул миқдори 7% дан; ёғочлашган қисми 10% дан; органик бирикмалар (бошқа ўсимликлар қисмлари) 1% дан; минерал бирикмалар (қум, тупроқ, тошчалар) – 0,5% дан кўп бўлмаслиги керак.
Хом ашё соф оғирлиги 30 кг гача бўлган қопларга ёки 50 кг гача бўлган тойларга жойланади. Бошқа доривор хом ашёлардан алоҳида қуруқ, ҳаво яхши айланадиган жойларда сақланади. Зоғазани қадоқлаш ва юклаш жараёнида шиллиқ пардаларни заҳарланиши ва қичимаслиги учун докадан боғич ва ҳимоя кўзойнаклардан фойдаланиш зарур, ишдан сўнг қўлни совун билан ювиш керак. Зоғоза хом ашёсидан фармакологик хусусиятлари бўйича адреналинга яқин бўлган эфедрин олинади.

Кимёвий таркиби.

Ўсимлик таркибида эфедрин ва унинг изомерлари учраб, уларнинг ярмини баъзан псевдоэфедрин ташкил қилади. Унинг фармакалогик хусусиятлари эфедринга ўхшаш бўлиб, аммо фаоллиги анча паст. Зоғоза таркибидаги алкалоидлар йиғиндисида эфедрин устунлик қилиб, бошқа турларда псевдоэфедрин кўпинча асосий алкалоид ҳисобланади.

Тиббиётда қўлланилиши.

 Зоғоза томирлар торайиши, қон босимини кўтарилиши, бронхларнинг ва кўз қорачиғининг кенгайиши, ичак фаолиятини тормозлаши ва қонда шакар миқдорининг ошиб кетишини келтириб чиқаради. Адреналинга қараганда у кучли таъсир этмайди, аммо узоқ вақт давомида таъсири сақланади. Бундан ташқари зоғоза марказий асаб тизимини яхшилайди ва нафас олиш марказининг қўзғалувчанлигини оширади. Зоғоза бронхиал астма, кўк йўтал, ринит, паст қон босими, титроқли иситмалаш, денгиз касаллиги, заҳарланишда қарши восита сифатида, шунингдек, кўз амалиётида қўлланилади. Бронхиал астмада қўлланиладиган теофедрин препаратининг таркибига киради. Шунингдек, ушбу препарат зоғозадан эфедрин олишда чиққан чиқиндилардан ҳам олинади.

Фойдаланилган адабиётлар рўйхати:
1. Акопов И.Э. Важнейшие отечественные лекарственные растения и их применение. – Ташкент: Медицина, 1990. – 446 с.
2. Алимбаева П.К., Гончарова А.В. Дикорастущие лекарственные растения Киргизии. – Фрунзе: Илим, 1971. – 98 с.
3. Атлас ареалов и ресурсов лекарственных растений. – М.: ГУГК, 1983. – 340 с.
4. Биологические особенности и распространение перспективных лекарственных растений //Под редакцией Т.А.Адылова. – Ташкент: Фан, 1981. –158 с.
5. Биологически активные вещества растительного происхождения. Б.Н.Головкин, Р.Н.Руденская, И.А.Трофимова, А.И.Шретер – в 3 томах. М.: Изд-во Наука, 2001. –764 с.
6. Ботанико-фармакогностический словарь // Под ред. Блиновой К.Ф. – М.: Высшая школа, 1990. – 272 с.
7. Гаммерман А.Ф., Кадаев Г.Н., Янценко-Хмелевич А.А. Лекарственные растения (растения-целители). – М.: Высшая школа, 1984. – 400 с.
8. Гесь Д.К., Горбач Н.В. Лекарственные растения и их применение. – Минск: Наука и техника, 1977. – 552 с.
9. Государственная Фармакопея СССР // 11-е изд. – М.: Медицина, 1989. – 398 с.
10. Государственный реестр лекарственных средств. Официальное издание: в 2 т.- М.: Медицинский совет, 2009. – Т.2, ч.1. – 568 с.; ч.2. – 560 с.
11. Лесиовская Е.Е., Пастушенков Л.В. Фармакотерапия с основами фитотерапии. Учебное пособие. – М.: ГЭОТАР-МЕД, 2003. –592 с.
12. Мазнев Н.И. Энциклопедия лекарственных растений. – 3-е изд., испр. и доп. – М.: Мартин, 2004. – 496 с.
13. Муравьёва Д.А., Самылина И.А., Яковлев Г.П. Фармакогнозия. – М.: Медицина, 2002. – 656 с.
14. Палов М. Энциклопедия лекарственных растений. Под ред. канд. биол. наук И.А.Губанова. – М.: Мир, 1998. –467 с.
15. Растительные лекарственные средства Абу Али ибн Сино (Авицены). Справочник // Под редакцией Ш.Б.Иргашева. – Ташкент: Абу Али ибн Сино, 2003. – 457 с.
16. Хожиматов К.Х., Хожиматов О.К., Собиров У.А. Сборник правил пользования объектами лекарственных, пищевых и технических растений. Ташкент: «Янги аср авлоди», 2009. – 171 с.
17. www.ipni.org
18. https://www.greeninfo.ru
19. http://lektrava.ru
20. http://manual-plants.com.ua/section/opisanie-rasteniy
21. http://pharmspravka.ru
22. http://www.fito.nnov.ru
23. http://n-retsept.ru
24. www.plantarium.ru
25. http://www.theplantlist.org/
26. http://www.u-lekar.ru/
27. http://100trav.su/
28. https://doctor-v.ru/med/efedra-xvoshhevaya/
29. https://medicinal_plants.academic.ru/1689/Эфедра_хвощевая
30. https://mag.org.ua/rast/trava1287.html