Шашир
Ferula tenuisecta Korovin

Identifier

CSTR: UZ113.45.PL.Ferula.tenuisecta.IBUz.00019

Ўсимлик тавсифи. 

 Баландлиги 1 м гача бўлган кўп йиллик поликарпик ўсимлик. Каудекси шохланган. Пояси ингичка, пастки қисмида диаметри 2 см гача, ўртасидан шохланган; новдалари кетма-кет ёки бир-бирига яқинлашиб ҳалқада жойлашган. Барглари узоқ вақт қуримайдиган, қисқа ва қаттиқ туклар борлиги учун дағалсимон; илдизбўғзи барглари узун бандларда жойлашган, пластинкаси кенг учбурчак шаклида, уч бўлакка бўлиниб, иккита қўшимча сегментга эга, сегментлар узунлиги ва эни 3-4 см, думалоқ эллипссимон, асосида чўзилган, икки-уч карра бўлинган, охирги бўлаклари узунлиги 1-5 мм, чизиқсимон, ўткирлашган, бир-бирининг устига чиққан; поядаги барглар пластинкаси қисқарган, узунроқ ва сийрак бўлакли, уларнинг қини шишган, терисимон, тухумсимон-ланцетсимон, ўткирлашган, пояни ўраб олган. Марказий соябонлари ўтроқ, диаметри 12 см гача, 8-12 нурли, ён соябонлари 6-10 нурли, ҳар бири 1-3 та, узун бандчаларда жойлашган. Соябончалари 5-14 гулли, жуда қисқа пардасимон ўрама баргларга эга. Косачабарглар тишлари жуда қисқа. Тожибарглари сариқ, тухумсимон, узунлиги 1,5 мм гача, учи қисқа торайган ва ичига қайрилган. Стилоподий косасимон, четлари бўлакли. Устунча узунлиги 1,5-2 мм гача. Мевалар узунлиги 12-18 мм, эни 5,5-8 мм, чўзинчоқ тухумсимон, орқа томондан бироз бўртган. Орқа қирралари бироз чиқиб турган, четдагилари тор қанотсимон. Экзокарп қирраларида деярли изодиаметрик ҳужайралар ва ложбинкаларда прозенхима ҳужайралардан иборат, ташқи деворлари сезиларли даражада йўғонлашган. Мезокарпнинг субэпидермал қатлами ҳужайраларини деворлари колленхимал қалинлашга эга. Гипэндокарп 2-3 қаторли прозенхимал, кам лигнификациялашган ҳужайралардан иборат. Четдаги қирраларда склеренхиманинг механик массивлари ва 3 та ўтказувчи боғлам мавжуд. Ложбинкасимон ажратма каналлари якка, орқа томонни тўлиқ эгаллайди; баъзан кичик қўшимча ажратма каналлар учрайди; катталиги жиҳатидан тенг бўлмаган 6-8 та комиссурал ажратма каналлар мавжуд; ажратма каналлар септаларга бўлинган; четдаги қирраларда 3-5, орқа томонда 1-2 та қиррасимон ажратма каналларга эга.
Май-июнь ойларида гуллайди, июнь-июль ойларида мевалайди.

Ўсиш жойи. Тарқалиши.

 У юмшоқ тоғ қияликларида бутазорларда, майда шағалли, тошли ва лойли қияликларда, тўкилмаларда, тоғ тармоқларининг чўққиларида, дарё водийлари террасаларида ўсади. У Тошкент вилоятининг тоғли қисмида учрайди.

Кимёвий таркиби.

Адабиётларда илдизларнинг кимёвий таркиби ва улардан ажратилган эфирларнинг хусусиятларини ўрганиш бўйича етарли даражада маълумотлар мавжуд. F. tenuisecta дан C23H32O5 эфири илдизларидан ажратиб олинган, 78-80°C э.т., [α] 20/Д + 86,5° (хлороформ), у теферин деб номланган. 4 соат давомида калий ишқорининг 5% ли эритмаси билан тефериннинг гидролиз қилинганда, гидролизатга олинган, унинг нейтрал қисмидан спирт – ферутинол, 90-91°С э.т., ва кислота фракциясидан 4-гидрокси-3-метоксибензой кислотаси э.т. 205-206°С ажратилган. F. tenuisecta илдизларидан учта янги модда – тенуферин, тенуферинин ва тенуферидин ажратилган. Уларнинг ҳали таърифланмаган сесквитерпен спиртининг – 8,10-дигидрокси-3,4-эпоксигуаин – ва изованилик, ванил ва п-гидроксибензой кислоталарининг эфирлари эканлиги кўрсатилган. F. tenuisecta илдизларидан C22H30O5, mp 209-211°C, [α] 22D +125° (c 0,8; этанол) янги эфир ажратилган, уни эса фертенин деб номланган. Янги мураккаб эфир фертидин F. tenuisecta нинг фенолик фракциясидан кимёвий трансформациялар ва спектрал хусусиятлар асосида ажратилган. F. tenuisecta илдизларидаги мураккаб эфирлар йиғиндисини сифат жиҳатидан аниқлаш ва ферулен моддаси таркибидаги эфирлар йиғиндисини миқдорий аниқлаш услуби ишлаб чиқилган F. tenuisecta илдизларидан мураккаб эфирлар йиғиндисини ажратиб олиш параметрлари ўрганилиб, бу жараён учун хом ашёнинг зарралари катталиги 2-6 мм, спирт концентрацияси эса 95% бўлиши кераклиги аниқланган. Сесквитерпен спиртлари эфирлари асосида янги «Ферулен» препарати яратилган. Тажрибалар натижасида ушбу препаратни олиш технологияси ишлаб чиқилган. F. tenuisecta ўсимлигидан ажратилган терпеноид ферутинин сунъий ва ҳужайра мембраналарининг Cа2+ ионларига ўтказувчанлигини сезиларли даражада оширади ва митохондрияга боғлиқ ҳолда турли ҳужайра линияларида апоптотик ҳужайра ўлимига сабаб бўлади. F.tenuisecta нинг ер усти қисмидан сесквитерпен спиртларининг мураккаб эфирлари йиғиндисини ажратиб олиш ва олинган экстракти тозалаб, кейинчалик яшил рангсиз охирги моддани олиш босқичлари ўрганилди. Олинган натижалар асосида F. tenuisecta нинг ер усти қисмидан сесквитерпен спиртларининг мураккаб эфирлари асосида эстроген таъсирли тенэстрол деб номланган субстанцияни олиш технологияси ишлаб чиқилган.

Хом ашёни йиғиш ва унинг сифати.

Ғунчалаш даврида илдизлари йиғилади ва бўлакларга бўлиб қуритилади.
Стандартлаш. Хом ашё сифати ВФС42-2001-90 талабларига мос келиши лозим.
Ташқи белгилари. Майдаланган шохланган каудекслари ва илдизларининг бўлакларидан иборат. Морфологик белгилари юқорида келтирилган. Илдизb ва каудексининг ранги кулранг-жигар, синган жойида сарғиш ёки кулранг-оқ рангда; синган жойи кучли толали. Ҳиди кучли, ўзига хос, саримсоқ ҳидини эслатади. Таъми аччиқ.
Сифатли реакцияси. 1 мл спиртли экстракти пробиркага солинади, 0,1 мл сульфат кислота қўшилган ванилин қуйилади, кўк-яшил ранг ҳосил бўлади (сесквитерпенлар).
Микроскопия. Илдизнинг кўндаланг кесимида қалин қатламли пўкак кўриниб, унда деярли рангсиз ва тўқ бўялган қисмлари навбатлашиб жойлашади. Илдизнинг периферик қисмида флоэма ва ксилема елпиғичсимон қисмларни ҳосил қилади ва марказда қийшайган анастомозлар орқали боғланади. Флоэма ва илдиз паренхимасида диаметри 50 дан 70 мкм (флоэма ичида) 90-200 мкм гача (пўстлоқда) кўп сонли ажратма каналлари мавжуд. Ўзак нурлари ва илдиз паренхимасида кўплаб тешиксимон ёриқлар мавжуд ва емирилган тўқималарнинг гуруҳлари зич оқиш ёки кулранг-сарғиш тузилмалар шаклида жойлашган. Ажратма каналлар атрофидаги паренхима ҳужайраларида мойсимон киритмалар ва крахмал, ўзак нурларида – мойсимон киритмалар, улар атрофидаги паренхима ҳужайраларида крахмал учрайди. Крахмал доналари одатда оддий, диаметри 3-5 дан 12-16 мкм гача, юмалоқ, овалсимон ёки чўзиқсимон-эллипссимон шаклида бўлади. Каудекс қийшайган (юлдузсимон) ҳалқа ҳосил қилувчи ўтказувчи тўқималарининг жойлашиши ва диаметри 150-300 мкм бўлган кўплаб ажратма каналлари жойлашган ўзак қисмини борлиги билан илдиздан фарқланади.

Рақамли кўрсаткичлар.

Таркибида тефострол миқдори камида 4% бўлиши керак; намлик 12% дан; умумий кул миқдори 18% дан, ўсимликнинг бошқа қисмлари (барглар, барг бандлари, поя, шу жумладан, таҳлил пайтида ажратилган) 5% дан; органик моддалар 2% дан, минерал аралашмалар 2% дан ошмаслиги керак.
Сақлаш. Қуруқ ва салқин жойда сақланади, яроқлилик муддати 2 йил.

Фойдаланиш.

Ўсимлик илдизидан сесквитерпен спиртларининг мураккаб эфирларини табиий аралашмаси бўлган тефэстрол препарати олинади. Бу эстроген хусусиятга эга ва гинекологияда тухумдонларнинг гипофункцияси, аменорея, бепуштлик касалликлари ҳамда климаксда қўлланилади. Терпеноидлар эстроген таъсирга эга. Уларнинг асосида эстроген таъсирга эга «пенаферол» препарати яратилган. Мевасининг экстракти саратонга қарши in vitro таъсирга эга.

Ресурслар.

2020 йилги дала тадқиқотлари давомида ушбу турнинг табиий захиралари Тошкент вилоятининг Оҳангарон туманида аниқланди. Хусусан, Чотқол тизмаси ҳудудида 9850 гектар: Қизилчасой – 2950 га (Е70037’04.17″ N41015’62.36″), Келимчаксой – 2010 га (Е70037’97.33″ N41018’07.85″), Ертошсойда – 4890 га (Е70032’32.49″ N 41019’32.76″) зич ўсиш майдонларининг тарқалиши аниқланди. Шашир популяцияларининг ҳолати ўртача яхши даражада эканлиги кузатилди. Биологик, эксплуатацион ва хом ашёни йиллик йиғиш имкони мос равишда 4925, 4432,5 ва 70,35 тоннани ташкил этади.

Фойдаланилган адабиетлар рўйхати:

1. Акопов И.Э. Важнейшие отечественные лекарственные растения и их применение. – Ташкент: Медицина, 1990. – 446 с.
2. Алимбаева П.К., Гончарова А.В. Дикорастущие лекарственные растения Киргизии. – Фрунзе: Илим, 1971. – 98 с.
3. Атлас ареалов и ресурсов лекарственных растений. – М.: ГУГК, 1983. – 340 с.
4. Биологические особенности и распространение перспективных лекарственных растений //Под редакцией Т.А.Адылова. – Ташкент: Фан, 1981. –158 с.
5. Биологически активные вещества растительного происхождения. Б.Н.Головкин, Р.Н.Руденская, И.А.Трофимова, А.И.Шретер – в 3 томах. М.: Изд-во Наука, 2001. –764 с.
6. Государственная Фармакопея СССР // 11-е изд. – М.: Медицина, 1989. – 398 с.
7. Государственный реестр лекарственных средств. Официальное издание: в 2 т.- М.: Медицинский совет, 2009. – Т.2, ч.1. – 568 с.; ч.2. – 560 с.
8. Котенко Л.Д., Халилов Р.М., Маматхонов А.У. Методики качественного и количественного анализа суммы сложных эфиров из корней Ferula tenuisecta // Химия растительного сырья. 2009. №1. – С. 89-92.
9. Маматханова М.А., Халилов Р.М., Котенко Л.Д., Маматханов А.У. Разработка технологии получения субстанции тенэстрола эстрогенного действия из надземной части Ferula tenuisecta // Химия растительного сырья. 2019. №1. С. 269–276. DOI: 10.14258/jcprm.2019013988
10. Растительные лекарственные средства Абу Али ибн Сино (Авицены). Справочник // Под редакцией Ш.Б.Иргашева. – Ташкент: Абу Али ибн Сино, 2003. – 457 с.
11. Халилов, Р.М., Маматханов, А.У., Котенко, Л.Д. Технология выделения эстрогенного препарата ферулен из корней ферулы тонкорассеченной // Химико-фарм. журн. – 2009. – № 1. – С. 40-43.
12. Хожиматов К.Х., Хожиматов О.К., Собиров У.А. Сборник правил пользования объектами лекарственных, пищевых и технических растений. Ташкент: «Янги аср авлоди», 2009. – 171 с.
13. www.ipni.org
14. https://www.greeninfo.ru
15. http://lektrava.ru
16. http://manual-plants.com.ua/section/opisanie-rasteniy
17. http://pharmspravka.ru
18. http://www.fito.nnov.ru
19. http://n-retsept.ru
20. www.plantarium.ru
21. http://www.theplantlist.org/
22. http://www.u-lekar.ru/
23. http://100trav.su/
24. https://www.asienda.ru/plants/ferula/
25. http://twilightskystudio.com/farma/lekrast/F0028_ferula_01.php
26. https://med-tutorial.ru/lek-spav/item/9428.html

Khojimatov et al, 2024. Ferula tenuisecta Korovin Шашир
https://cstr.cn/UZ113.45.PL.Ferula.tenuisecta.IBUz.00019