Чаир
Ferula tadshikorum Pimenov

Identifier

CSTR: UZ113.45.PL.Ferula.tadshikorum.IBUz.00020

Ботаник тавсифи.

Кўп йиллик монокарп ўсимлик бўлиб, бўйи 1,5-1,8 м, кучли саримсоқ ҳидга эга. Илдизи йўғон, вертикал илдизпояли. Оддий каудексли. Пояси якка, асосида диаметри 5-9 см, сиёҳранг, силлиқ, тўлиқ. Барглари юмшоқ, эрта қурувчан, устки қисми деярли туксиз, остки томондан кулранг тукли, илдизбўғзи ва пастки поя барглари бандли, бандлари силлиқ ёки қисқа тукли, тўлиқ, кўп сонли ўтказувчи боғламли, барг япроғи йирик, узунлиги 40 см гача, эни 30 см, эллипссимон шаклда, уч карра бўлинган, биринчи тартибли сегментлари икки-уч марта патсимон бўлинган, юқори поя барглари бандсиз, пастки барглар илдизбўғзи баргларига ўхшаш, лекин кичикроқ ўлчамли, охирги бўлаклари йирик, узунлиги 20 см гача, эни 7-9 см, ланцетсимон ёки тухумсимон ланцет шаклда, ўткирлашган, четки қисми кунгурали, устки қисми силлиқ, остки қисми эса қисман тукланган. Тўпгули – кенг рўвак. Соябонлари кўп сонли, барчаси мева ҳосил қилувчи, марказий соябонлари йўғон бандли, аксарият ҳолда ёлғон ҳалқа ҳосил қилади, 20-30 нурли, нурлари 3-6 см узунликда, сиёҳранг, деярли тенг. Соябончалари 10-15 гулли, ўрама баргчасиз. Гулбандлари қисқа, узунлиги 0,5-0,8 см. Косачабаргларнинг тишчалари майда, учбурчак шаклида. Гултожибарглари сариқ, 2-2,5 см узунликда, чўзинчоқ-эллипссимон, тўмтоқ, учки қисми ичкарига қайрилган. Стилоподий косасимон. Меваси 1,5-2 см узунликда, эни эса 0,8-1 см, эллипссимон, орқа томондан сиқилган, ясси, туксиз. Орқа қирралари ипсимон, четки қирралари кенг қанотсимон. Ажратма каналлари ложбинкада якка жойлашган, жами 4 та, йирик, комиссура томонида 5-6 та, қиррали ажратма каналлари орқа қирраларда 1 тадан ва четкиларида 3-4 тага. 2n=22 (Хожиматов, Хамраева, 2018).
Апрель-май ойларида гуллаб, июнь-июль ойларида мевалайди.
Яримсаванна ва бутазор минтақаларда ўсади: қўнғирбошлар, арпазор, пистазор, бодомзорлар, арвуғонзорлар жамоасида (Cercis griffithii), зарангзорлар атрофида (Асеr regelii, А. ovchinnikovii), туяқорин, тоғжумрут ва олча, сажереция гуруҳлари таркибида эдификатор ёки субэдификатор сифатида ўрмоннинг майда заррали шағалли қияликларида, оҳактош, олажинсли тупроқларда водийларнинг қуруқ сойлари ва террассаларида денгиз сатҳидан 400-1800 м баландликда учрайди.

Ўсиш жойи ва тарқалиши.

«Ўзбекистон флораси» нинг 6 томлик монографиясида мазкур тур келтирилмаган, лекин ўсимлик Ўзбекистоннинг Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятлари ҳудудларида учрайди. Мазкур тур 2017 йил дала тадқиқотлари давомида йиғилган гербарий материаллари намуналари муаллифлар томонидан аниқланиб, кейинчалик М. Пименов томонидан тасдиқланган.
Умумий тарқалиши. Ўрта Осиё (жанубий-ғарбий Помир-Олой), Жанубий Тожикистон ва жанубий Ўзбекистоннинг эндеми.
Хўжаликдаги аҳамияти. Ем-хашак ва озиқ-овқат ўсимлиги. Ёқимсиз ҳидга эга қатрон сақлайди. Барглари қуритилган ҳолда чорва моллари учун ем-хашак сифатида фойдаланилади. Вегетация даврида баргларида (хом ашёнинг қуруқ вазнига нисбатан % ҳисобида ): протеин 22,75, оқсил 18,25, эрувчан шакарлар 1,1, гемицеллюлоза 3,15, клетчатка 12,81, ёғлар 3,3, барг бандларида – гемицеллюлоза 5,99, целлюлоза 21,7, протеин 7,02, оқсил 5,31, ёғлар 1,88, кул 10,41 мавжуд. Мевасидан терпеноид кумаринларидан тажикорин ва тажиферин ажратиб олинади, уларда ёқимсиз ҳидга эга 0,6% эфир мойи мавжуд. Баҳорда аҳоли томонидан ёш поялари истемол қилинади. Қатрон асосан илдизидан тиббий мақсадда йиғиб олинади. Ҳозирги вақтда қатронни йиғиш бўйича технологик кўрсатмалар ишлаб чиқилмоқда. Агар технологик кўрсатмаларга риоя этилса, ўсимлик хом ашёсининг йиғимидан кейинги иккинчи йилда қайта ўсиб, табиий популяцияларига ҳеч қандай зарар етказилмайди.
Ferula tadshikorum ва Ferula kuhistanica популяциялари Боботоғ ўрмон хўжалик ҳудудида Қуруқсойда қайд этганмиз. Ташқи томондан бироз фарқидан ташқари, тожик ковраги ўткир саримсоқ ҳиди билан ажралиб туради.
Ferula туркуми турлари ўзида шира, эфир мойи, илдизларида эса кўп миқдорда углевод ва оқсил моддалари сақлайди. Туркумнинг алоҳида турлари қадимдан доривор ўсимлик сифатида маълум бўлиб, ўрта асрлардан буён табиблар томонидан аҳамиятли ҳисобланади. Замонавий фармакогностикада Ferula туркуми турларининг шираси гуммиширалар ичида эфир мойи аралашмаси туфайли «дорихона шираси» номли гуруҳга киради. Улар Фетида, сагапен, гальбана, сумбул ва аммониакум номлари билан юритилади. Мазкур шираларнинг келиб чиқиши бўйича маълумотлар хилма-хил.
Айрим тадқиқотчилар фикрига кўра, фетида атамасининг келиб чиқиши F. foetida номи билан боғлиқ. Мазкур маҳсулот ёқимсиз саримсоқ ҳидга эга шира аралашмаси (31,35%) ва эфир мойи (6-9%) сақлайди. Маҳсулотнинг таркиби қуйидагича: эфир мойида эриган шира – 61,4%, эримаган шира – 0,60%, гуммилар – 25,10%, ванилин – 0,0696%, эркин ферула кислотаси – 1,2896%. Ферула кислотасидан H2SO4 билан гидролизлаш орқали умбеллифорон ҳосил бўлиб, бунинг натижасида гваякол ажралиб чиқади. Ширанинг спиртли эритмасини нитрификациялаш орқали пикрин кислотаси ҳосил бўлади. Эфир мойининг ёқимсиз ҳиди сульфидлар туфайли бўлади. Мой қуйидаги моддаларни сақлайди: пинен С10Н15 6-8%, дисульфид C7H14S3 4,5%, дисульфид C11H20S2 20%, кейинчалик (C10H15O)n, C8H10S2 ва C10H18S2 [7;8;9;10;11;12].
Фармацевтикада қон тўхтатувчи бойлам сифатида фойдаланилади. Қадимги табобатчиликда бу шира аменорея касаллигини даволашда катаралга қарши восита сифатида тавсия этилган. Бундан ташқари, ўсимлик кучли антигельминт ҳусусиятига эга.
Микроскопия. Ferula tadshikorum Pimenov мева перикарпийсининг тузилиши диагностик белгиларни аниқлаш мақсадида ўрганилган. Тадқиқот натижасида ўрганилган тур ташқи тузилиши бўйича унга яқин Ferula kuhistanica Korovin турига ўхшаш белгиларга эга бўлишдан ташқари мева перикарпийсининг тузилиши бўйича аниқ белгилар билан ажралиб туриши аниқланган. Ferula tadshikorum мевасининг фарқ қилувчи белгиларига қуйидагилар киради, яъни меванинг эни, ўтказувчи най-толали бойламга эга орқа қовурғалари, мерикарпийнинг кўндаланг кесимдаги шакли, комиссурал ва четки қовурға ажратма каналларининг сони, уруғ йўлининг шакли.
Интродукция. Тошкент ботаника боғида интродукция қилинган Ferula tadshikorum Pimenov доривор ўсимликнинг ўсиши ва ривожланишини кузатиш бўйича тадқиқот ишлари олиб борилди. Экилган майдондаги асосий ўсимликлар прегенератив даврнинг ўсимта ва ювенил босқичини ўташди, лекин баъзи ўсимликлар эса дастлабки имматур босқичида ўтганлиги ҳамда июнь ойининг охирида онтогенезнинг биринчи йили тугаши кузатилди.

Подпись и обозначения к рисункам 
Разновозрастные особи Ferula tadshikorum в условиях культуры. а-б – проростки (01.03.2019), в-г – ювенильные особи (26.03.2019), д – ювенильная особь (06.05.2019), е – имматурная особь (06.05.2019), ж – имматурная особь (27.05.2019). Масштабная линейка: 1 cм.

Захиралари:

Тожик ковраги хом ашёсининг табиий ўсиш майдонларидаги захирасини аниқлаш бўйича ишлар Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Ботаника институти ходимлари томонидан 20 йилдан ортиқ вақт давомида хўжалик шартнома асосида олиб борилган. Шу вақт ичида деярли барча тижорат учун мақсадли майдонлари текшириб чиқилган. 2017 йилда олиб борилган дала ишлари асосида сўнгги йилларда Ўзбекистондаги Ferula tadshikorum захираларининг ҳолати хом ашё йиғиш кучайганлиги сабабли охирги йилларда жиддий равишда ёмонлашганлиги аниқланди. Ушбу Ferula турининг олдинги тарқалган жойлари оддий кўз билан қаралганда кўриниб туради, чунки илдизидан қатронни йиғишдан ҳосил бўлган чуқурларни кўриш мумкин.
Ferula tadshikorum табиий популяцияларини тиклаш мақсадида табиий зич ўсиш майдонларидан хом ашё йиғишни 5 йилга таъқиқлаш мақсадга мувофиқ ҳисобланади. Шундан сўнг келгуси тадқиқотлар ўтказилганда табиий зич ўсиш майдонларидан хом ашё йиғиш бўйича масалани кўриб чиқиш мумкин бўлади. Охирги 3-4 йилларда фермерлар томонидан берилган маълумотларга қараганда ушбу турнинг табиий ўсиш жойларида 3500 гектардан ортиқ плантациялари уруғидан экиш орқали яратилган. Бироқ илмий экспедициялар вақтида сунъий равишда яратилган плантациялари топилмади.
Бизнинг фикримизча бу қуйидагиларга боғлиқ:
1. Квота олиш учун асоссиз маълумотлар берилган;
2. Тегишли парвариш ва қўриқлаш тўсиқларини йўқлиги сабабли ёш ўсимликларни йирик чорва моллари, айниқса, майда туёқли ҳайвонлар томонидан топталиши ҳисобига яйловларда сақлаб қолиш имконияти мавжуд эмас.

Хулоса:

Йиллик хом ашё йиғиш имконияти кўп жиҳатдан қуйидаги омилларга боғлиқ, булар:
Хом ашё йиғиладиган майдонларни алмаштириш, шунингдек, 5-6 ёшли ўсимликларни 40% ини кейин экиш мақсадида уруғ олиш учун қолдириш;
Хом ашё йиғувчилар томонидан йиғиш қоидалари ва техникасига, шакли (эгилган учи билан) ва ишлаб чиқариш материаллари талабларга жавоб берадиган махсус ўткирланган жиҳоздан фойдаланиш;
Хом ашёни эҳтиётлик билан йиғиш ва сўнгра ковланган чуқурларни кўмиш;
Ўтган йилларнинг об-ҳаво шароити;
Йиғилган хом ашё миқдори.
Тожик ковраги хом ашёсининг экспорт салоҳиятини янада ривожлантириш мақсадида, шунингдек, биологик хилма-хилликни сақлаш учун ушбу ўсимлик турининг табиий ўсиш жойларида сунъий плантациялар яратиш керак.
Ушбу далилларни ҳисобга олиб, табиатни муҳофаза қилиш ташкилотлари томонидан плантацияларни яратиш, кўчатларни парвариш қилиш бўйича фермерларга қўйилган мажбуриятларни бажарилишини назорати кучайтириш тавсия қилинади.
Бу шубҳасиз, табиий ҳолда ўсувчи популяцияларга салбий таъсирни камайтириш нуқтаи назаридан ижобий таъсир кўрсатади ва тожик коврагининг табиий захираларини сақлашда ёрдам беради ҳамда ўз навбатида жаҳон бозорида талаб юқори хом ашё билан таъминлаш имконини беради.
2019 йил Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларидаги Ferula tadshikorum нинг захира майдонларини аниқлаш бўйича олиб борилган тадқиқотлар давомида 33 422,3 гектар табиий тарқалган майдонларининг мавжудлиги, йиллик йиғиш учун 104,45 тонна хом ашёнинг мавжудлиги аниқланди.
Юқоридагиларни ҳисобга олган ҳолда, Ferula tadshikorum 2019 йилда Ўзбекистон Республикаси Қизил китобининг 5-нашрига киритилган. Бизнинг фикримизча, ушбу ўсимликнинг табиий популяциясини тиклашнинг ягона усули бу 5-7 йил давомида шира йиғишни тўлиқ таъқиқлашдир, уруғларни йиғиш фақат фермер хўжаликларида ва табиий ўсиш жойларида сунъий плантацияларини яратиш учун амалга оширилиши керак.
Фақат 5-7 йил ўтгандан сўнг, захира аниқлаш тадқиқотларини ўтказиш зарур, шундан сўнг квоталар доирасида ушбу ўсимликдан хом ашё йиғишда фойдаланиш мақсадга мувофиқлиги тўғрисида хулоса чиқариш мумкин бўлади.
Шуни таъкидлаш керакки, тадқиқот натижаларига кўра, тожик коврагининг асосий популяциялари фақат Туркманистон Республикаси билан Ўзбекистон Республикаси давлат чегарасининг чегара ҳудудида ёки нейтрал ҳудудида белгиланган, чунки қолган ҳудудларда тижорат учун мақсадли йиғиш майдонлари қолмаган.

Фойдаланилган адабиётлар рўйхати:

1. Борисова Н.А., Шретер А.И. К методике определения запасов и картирования ресурсов лекарственного растительного сырья // Раст. ресурсы. – Ленинград: Наука, 1966.– Т. 2. – Вып. 2. – C. 271-277.
2. Растительные лекарственные средства Абу Али ибн Сино (Авицены). Справочник // Под редакцией Ш.Б.Иргашева. – Ташкент: Абу Али ибн Сино, 2003. – 457 с.
3. Рахмонов Х.С. Биология и ресурсы Ferula tadshikorum M. Pimen. в южном Таджикистане: Дисс. … канд. сель. хоз. наук. – Душанбе. 2017. 179 с.
4. Садыков Ю.Д. Биологически активные вещества дикорастущих лекарственных растений Таджикистана: Содержание, биосинтез и практическое использование: дис. … д-ра биол. наук / Душанбе, 2003. – 323 с.
5. Хожиматов К.Х., Хожиматов О.К., Собиров У.А. Сборник правил пользования объектами лекарственных, пищевых и технических растений. Ташкент: «Янги аср авлоди», 2009. – 171 с.
6. О.Хожиматов, Д.Хамраева. Изучение строения перикарпия плода ценного лекарственного растения Ferula tadshikorum и перспективы ее культивирования в Узбекистане // O’zbekiston biologiya jurnali, 2018, №4, с.45-48.
7. Хамраева Д.Т. Изучение начальных этапов онтогенеза Ferula tadshikorum в условиях Ташкентского Ботанического сада // Аграр соҳани барқарор ривожлантиришда фан, таълим ва ишлаб чиқариш интеграцияси. III – масофавий илмий-амалий конференцияси. Тошкент. 2020. 493-494 б.
8. Хамраева Д.Т., Хожиматов О.К., Уралов А.И. Рост и развитие Ferula tadshikorum Pimenov в условиях интродукции// Acta biologica Sibirica, 2019, 5(3), c. 172-177.
9. Хожиматов О.К., Хамраева Д.Т., Махмудов А.В., Хужанов А.Н. Инструкция по семенному выращиванию Ferula tadshikorum Pimenov в условиях южного Узбекистана //Ташкент, «MUXR PRESS», 2019. – 44 с.
10. Olim K. Khojimatov, Dilovar T. Khamraeva, Alisher N. Khujanov, Rainer W. Bussmann. An overview of Ethnomedicinal plants of Uzbekistan. Ethnobotany Research & Applications 20:08 (2020) // Published: 21.06.2020, http://dx.doi.org/10.32859/era.20.08.1-19
11. Sharopov F. (2018) The Chemical Composition and Biological Activity of the Essential Oil from the Underground Parts of Ferula tadshikorum (Apiaceae). Records of Natural Products. 13(1). DOI:10.25135/rnp.65.18.02.089.
12. Small E. (2012) TOP 100 Exotic Food Plants. New York: CRC Press. 636 p. https://www.crcpress.com/9781138116665
13. www.ipni.org
14. https://www.greeninfo.ru
15. http://lektrava.ru
16. http://manual-plants.com.ua/section/opisanie-rasteniy
17. http://pharmspravka.ru
18. http://www.fito.nnov.ru
19. http://n-retsept.ru
20. www.plantarium.ru
21. http://www.theplantlist.org/
22. http://www.u-lekar.ru/
23. https://thlaspi.com/picture/41740/1336885/
24. https://www.dissercat.com/content/biologiya-i-resursy-ferula-tadshikorum-m-pimen-v-yuzhnom-tadzhikistane

Khojimatov et al, 2024. Ferula tadshikorum Pimenov Чаир
https://cstr.cn/UZ113.45.PL.Ferula.tadshikorum.IBUz.00020