Сассиқ коврак
Ferula foetida (Bunge) Regel

Identifier

CSTR: UZ113.45.PL.Ferula.foetida.IBUz.00021

Ботаник тавсифи.

Сассиқ коврак – Apiaceae оиласига кирувчи кўп йиллик монокарпик ўсимлик. Илдизи қалин. Поясининг баландлиги 2 м, 6-10-йилларда пайдо бўлади. У юқори қисмида зич шарсимон тўпгул – сохта ҳалқани ҳосил қилади. Барглари юмшоқ, остки қисми тукли, уч бўлакли-кесилган, йирик сегментлардан иборат икки карра патсимон бўлинган. Илдизбўғзи барглари йирик, поя барглари анча кичик, юқори қисмидаги барглари қингача қисқарган. Соябонлари кўп сонли, йирик, диаметри 20 см гача, ўрамабаргсиз. Тожибарглари оч сариқ рангда. Мевалари ясси, эллипссимон ёки юмалоқ-овалсимон шаклида, узунлиги 20 мм ва эни 15 мм. Ковракни бошқа турларидан (Ferula moschata (H. Reinsch) Koso-Pol.) хушбўй модда сифатида ишлатиш учун сумбул илдизидан 1,4% эфир мойи олинади. Дастлаб бу ўсимликда йирик барг бандли тўпбарги пайдо бўлади, 6-10 йилга келиб ўртасидан баландлиги 3м гача ва йўғонлиги 10 см гача етган, бўлинган барглари ва мураккаб соябонли пояси ўсиб чиқади.

Тарқалиши.

Сассиқ коврак Жиззах, Навоий, Қашқадарё, Бухоро вилоятлари ва Қорақалпоғистон Републикасида кенг тарқалган.
Кўпайтириш ва агротехникаси. Ferula foetida – ерга уруғларни экиш ёки иссиқхоналарда етиштирилган кўчатлари билан кўпайтирилади. Кўп йиллик ўсимлик сифатида пайкалли поналарга жойлаштирилади. Экишдан олдин тупроқ бегона ўтлардан тозаланади (агротехник тадбирлар ёки гербицидлар орқали), органик ва минерал ўғитлар билан бойитилади. Асосий шудгорлаш 25-30 см чуқурликда амалга оширилиб, баҳорда далага агротехник ишлов берилади. Кенг қаторли усулда экилади. Қаторларнинг оралиғи 70 см, 1 гектарга 6-8 кг/га уруғ, экиш чуқурлиги 2-3 см. Майсалар униб чиққандан сўнг, ўсимликлар ораси 40 см дан яганаланади. Ўсимликларни парвариш қилишда тупроқни юмшатиш ва бегона ўтлардан тозалаш лозим. Ўсиш мавсумида қатор оралиқларини 3-4 культивация қилиш, 2-3 марта бегона ўтлардан тозалаш, минерал ўғитлар билан озиқлантириш тадбирлари амалга оширилади.
Ҳосил йиғими. Уруғлар тўлиқ етилиш даврида йиғиб олинади. Хушбўй зиравор сифатида баҳорда илдизлардан олинган сутли шарбати ишлатилади.

Дориворлик хусусиятлари.

Коврак шираси (сутли шарбат) асосан жазавада (васваса), шунингдек, ичакдан ҳаво ҳайдовчи ва балғам кўчирувчи восита сифатида ишлатилади. Оғриқ қолдирувчи, тинчлантирувчи, ич сурувчи хусусиятларга эга. Сассиқ коврак шираси таркибида бошланғич таъсир этувчи модда – эфир мойлари бор. Унинг даволовчи хусусиятлари кўп, баъзи инсонлар унинг катта дозасини ҳам зарарсиз ҳисоблашса, айримлар заҳарли санашади. Фармакопияда ассафетида жазавага қарши фаол восита саналади. Ветеринария тиббиётида у ичак ва тери паразитларига қарши ишлатилади.
Қўлланма. Гален препаратлари илгари ичакларда ҳаво йиғилганда ва ичак бўшашганда қўлланилган (шунингдек гомеопатияда). Сассиқ коврак ўткир, жуда кучли ва саримсоқ ҳидига эга. Тайёр маҳсулот қийшиқ оқ «бодомча» шакли ва ҳар хил ўлчамда бўлиб, зиравор сифатида ишлатилади. Эрон, Афғонистонда қўй гўштидан тайёрланадиган қовурилган ва димланган таомларга ҳам қўшишади. Ҳиндистон ва Индонезияда сабзавот ва гуручли овқатларга бирга қўшилади. Шу билан бирга гуручли овқатлар унинг ўткир ҳиди ва таъмини бироз юмшатади. Коврак хушбўй аралашмалар «карри»таркибига киради.
Фаол таркибий қисмлар: таркибида 60% ферула кислотаси, азареситаннол, кумаринлар, эфир мойи, ванилин ва бошқа бир қатор моддалар мавжуд.

Захираси.

Ушбу турдаги коврак республикамизнинг чўл ва ярим чўл минтақаларида кенг тарқалган бўлиб, улар Жиззах, Навоий, Бухоро вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикасида кўп учрайди, бу зич ўсган жойларда сассиқ коврак доминантлик қилади. Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Ботаника институти ходимлари томонидан ўтган йиллар ичида сассиқ ковракнинг зич ўсган майдонларини аниқлаш бўйича хўжалик юритувчи субъектлар билан шартнома асосида ишлар амалга оширилган ва алоҳида ҳудуд билан чегараланган.
2016-2020 йил баҳор-ёз мавсумида тарқалиш жойлари ва захираларини аниқлаш мақсадида юқоридаги ҳудудларга такрорий сафарлар амалга оширилди. Сассиқ коврак ширасини ҳосилдорлик кўрсаткичлари: ўрганилаётган ҳудуднинг турли жойларида 10х10 м ўлчамли 5 та майдончалар олиниб, уларнинг ҳар бирида ўртача 3-4 туплар мавжуд бўлиб (1-7 ёшгача), улардан 7 таси маҳсулотбоп етилган (4-7 ёш) ўсимликларни ташкил этган. Шулардан 3 таси (40%) табиий ўсимликлар популяциясини кўпайтириш учун қолдирилиши лозим ва 4 тасидан (60%) хом ашё йиғиш мумкин. Ўсимликларнинг қолган қисми техник жиҳатдан пишмаган ва кўпайиш мақсадлари туфайли хом ашё йиғилмайдиган туплардир.
Ўсимлик ширасининг хом ашёсини йиғиш ҳар бир ўсимлик учун 50 гр миқдорида амалга оширилади. Шунга асосланиб, сассиқ коврак ширасининг ўртача ҳосилдорлиги гектарига 20 кг ёки 10 гектарига 200 кг этиб белгиланган. Ушбу маълумотларга кўра, зич ўсган жойнинг бир хиллиги ва сассиқ ковракни ўсимлик қопламидаги ўрнидан келиб чиқиб, унинг 3,5 минг гектар майдондаги жами биологик захираси 70 тонна ширани ташкил этишини аниқлаш мумкин. Шу билан бирга тижорат майдонлари ва табиий кўпайишни сақлаб қолиш заруратидан келиб чиқиб, эксплуатацион захира биологик захиранинг 10% ни ташкил этади, кейинчалик ушбу ҳудудда ўсимликларнинг ёш ҳолатини таҳлил қилиниш шарти билан 2 йил давомида йилига 7 тоннадан шира йиғиб олиш мумкин.
Бироқ хом ашё йиғиш имкониятлари асосан кўпгина омилларга боғлиқ бўлади, жумладан:
– йиғиб олинадиган майдонларни алмаштириш, шунингдек, уруғидан кўпайиши учун 4-7 ёшли ўсимликларнинг 40% ини қолдириш;
– хом ашё йиғувчилар томонидан йиғиш қоидалари ва техникасига қатъий риоя қилиш, шу жумладан, шакли ва ишлаб чиқарилган материали барча талабларга жавоб берадиган учи ўткир ва эгилган ускунадан фойдаланиш;
– уруғларни илдиз шираси олиниши натижасида ҳосил бўлган чуқурчага экиш ва агротехник тадбирлар ўтказиш;
– ўтган йилларнинг об-ҳаво шароити;
– йиғилган хом ашёнинг миқдори.
Сассиқ ковракнинг катта табиий заҳиралари бўлишига қарамасдан, Бухоро вилояти, Қорақалпоғистон Республикасида ўсадиган ўсимликлардан хом ашё йиғилмаслиги аниқланди. Хом ашё йиғувчиларнинг фикрига кўра, юқоридаги ҳудудлардаги ўсимликлардан йиғилган хом ашё Жиззах ва Навоий вилоятларидан тайёрланган маҳсулотга қараганда таъми ва ҳиди, бегона ҳидларнинг мавжудлиги ва бошқа хусусиятлари билан ажралиб туради. Бунга аниқлик киритиш учун йиғилган ўсимлик намуналарини (илдизларини) фитокимёвий таҳлиллар учун ихтисослашган илмий муассасаларга топшириш режалаштирилган. Шуларга асосланиб, юқорида айтиб ўтилган 2 та вилоятда сассиқ ковракнинг популяцияси энг кучли антропоген таъсирга учраганлиги аниқланди. Шу муносабат билан ушбу турдаги ковракнинг табиий ўсиш жойларида саноат плантацияларини яратиш зарур. Акс ҳолда бир ёки икки йил ичида сассиқ ковракнинг табиий популяциялари тожик феруласи каби йўқолиб кетиши мумкин, чунки қаровсиз ва аёвсиз фойдаланиш натижасида тожик феруласи Ўзбекистон Республикаси Қизил китобининг навбатдаги нашрига киритилди. Агар табиий ўсимлик ресурсларидан оқилона фойдаланиш, истиқболли ва экспортга йўналтирилган доривор ўсимликларнинг саноат плантацияларини яратиш каби зарур шартлар бажарилса, шубҳасиз табиий ўсаётган популяциялардан фойдаланишнинг камайиши туфайли ижобий таъсир кўрсатиши ва табиий ресурсларни сақлашга олиб келади. Бу ўз навбатида жаҳон бозорида талаб қилинадиган, аҳолини иш ўринлари билан таъминлайдиган ва Республикага эркин конвертация қилинадиган валютанинг барқарор кириб келишини берадиган қимматбаҳо хом ашё билан таъминлайди.

Фойдаланилган адабиетлар рўйхати:

1. Борисова Н.А., Шретер А.И. К методике определения запасов и картирования ресурсов лекарственного растительного сырья // Раст. ресурсы. – Ленинград: Наука, 1966.– Т. 2. – Вып. 2. – C. 271-277.
2. Клюйков Е. Декоративные возможности ферулы // Флора, 1998. – №1.
3. Клюйков Е., Остроумова Т. Экстравагантные ферулы//В мире растений, 2002. – №1.
4. Остроумова Т. Зеленое кружево ферул // Цветоводство, 2000. – №3. – С. 7-11.
5. Растительные лекарственные средства Абу Али ибн Сино (Авицены). Справочник // Под редакцией Ш.Б.Иргашева. – Ташкент: Абу Али ибн Сино, 2003. – 457 с.
6. Хожиматов К.Х., Хожиматов О.К., Собиров У.А. Сборник правил пользования объектами лекарственных, пищевых и технических растений. Ташкент: «Янги аср авлоди», 2009. – 171 с.
7. Хожиматов О.К., Хамраева Д.Т., Хужанов А. Оценка современного состояния некоторых перспективных лекарственных растений Узбекистана // ҚарДУ Хабарлари, № 3 (41). Карши, 2019. – С. 28-35.
8. Egamberdieva D., Mamadalieva N., Khodjimatov O., Antonio Tiezzi. Medicinal plants from Chatkal Biosphere Reserve Used in Folk Medicine in Uzbekistan. Global Science Books, 2012. pp.56-65.
9. Hongquan Duan, Yoshihisa Takaishi, Motoo Tori, Shigeru Takaoka, Gisho Honda, Michiho Ito, Yoshio Takeda, Olimjon K. Khodzhimatov, K. Khodzhimatov, and Ozodbek Ashurmetov. Polysulfide Derivatives from Ferula foetida. Journal of Natural products. Vol. 65, №11, 2002. pp. 1667-1669.
10. Olim K. Khojimatov, Dilovar T. Khamraeva, Alisher N. Khujanov, Rainer W. Bussmann. An overview of Ethnomedicinal plants of Uzbekistan. Ethnobotany Research & Applications 20:08 (2020) // Published: 21.06.2020, http://dx.doi.org/10.32859/era.20.08.1-19.
11. www.ipni.org
12. https://www.greeninfo.ru
13. http://lektrava.ru
14. http://manual-plants.com.ua/section/opisanie-rasteniy
15. http://pharmspravka.ru
16. http://www.fito.nnov.ru
17. http://n-retsept.ru
18. www.plantarium.ru
19. http://www.theplantlist.org/
20. http://www.u-lekar.ru/
21. http://100trav.su/
22. https://medicinal_plants.academic.ru/1644/Ферула_вонючая
23. http://medgrasses.ru/ferula.html
24. https://ltravi.ru/organy-dyhaniya/ferula-vonyuchaya.html

Khojimatov et al, 2024. Ferula foetida (Bunge) Regel. Сассиқ коврак
https://cstr.cn/UZ113.45.PL.Ferula.foetida.IBUz.00021