Писта
Pistacia vera L.
Identifier
CSTR: UZ113.45.PL.Pistacia.vera.IBUz.00018
Ўсимлик тавсифи.
Писта – Anacardiaceae оиласига кирувчи барглари тўкилувчи, кулранг пўстлоқли дарахт. Асосий танаси қайрилган ва қиррасимон. Шох-шаббалари паст бўйли, зич, кулранг-қўнғир пўстлоқли, ёриқлари чуқур. Илдизлари 10-12 м чуқурликка кирган, кенглиги 20-25 м гача чўзилган. Барглари кетма кет жойлашган, мураккаб тоқ патсимон, оддий уч бўлакли, учта, камроқ битта, беш ёки етти баргчадан иборат. Барглари деярли ўтроқ, терисимон, зич, силлиқ, оч яшил рангда, ялтироқ, остки қисми хирароқ майин тукланган ёки деярли туксиз, кенг эллипссимон ёки юмалоқ тухумсимон, баъзан кенг ланцетсимон, узунлиги 5-11 (20 см) см, эни 5-6 (12 см гача) см. Барг бандлари майин тукланган ёки деярли туксиз, қанотсиз. Ўсимлик икки уйли. Эркак гуллари мураккаб кенг рўвак, узунлиги 6 см, уруғчи гуллари эса сийракроқ рўвак ва узунроқ тўпгулда йиғилган. Бир жинсли сариқ гуллари қўлтиқдан чиққан рўвакларга йиғилган. Чангчи гуллари зич, мураккаб, кенг рўвакли, узунлиги 4-6 см; гулқўрғони учтадан бештагача чўзилган, пардасимон, тенг бўлмаган гулқўрғон баргларидан иборат, узунлиги 2-2,5 мм, чангчиси 5-6 та, чанг ипи калталашган, чангдонлари узунлиги 2-3 мм. Уруғчи гуллари сийракроқ ва торайган рўвакда, узунлиги чангчи гуллари каби ўлчамда; гулқўрғони 3-5 (9 тача) чўзинчоқ, тенг бўлмаган, чангчили гулларга қараганда бироз кенгроқ, гулқўрғон барглари узунлиги 2-4 мм. Меваси йирик данак, деярли чизиқли-ланцетсимон, ингичка ёки кенг юмалоқ-тухумсимондан юмалоқсимонгача, узунлиги 0,8-1,5 см, эни 0,6-0,8 см, кўндаланг кесимида деярли юмалоқ ёки или қийшиқ овалсимон. Мева пўсти осон ажралади (пишиб етилганда), оч қаймойсимон, сариқ-қаймоқсимон, пушти, қизғишсимон, тўқ-қизил ёки тўқ-бинафша рангда; ички мева (данак) деярли хамма вақт қийшиқ асосли, бир томонидан одатда тўмтоқ понасимон. Уруғ мағзи яшилсимон, еса бўладиган, ёғли.
Март – апрель ойлари гуллаб, сентябрь – ноябрь ойлари меваси пишиб етилади. Ҳаво харорати 30°C бўлганда яхши мевалайди.
Ўсиш жойи. Тарқалиши.
Писта табиий равишда Ўрта Осиёнинг тоғ қияликларида (Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон, Ўзбекистон), Эроннинг шимоли-шарқида, Сурияда ва Афғонистон шимолида ўсади. Иқлим шароитида ўхшаш бўлган мамлакатларда кўплаб етиштирилмоқда.
Писта тоғ олди ва қуйи тоғ минтақасининг майда заррали, тошли ва қояли қияликларида асосан (денгиз сатхидан 700-800 дан 1500-1700 м баландикда), эфемероидли ўтлоқлар минтақасида учрайди. Баъзан жанубий қияликларнинг дарахт ва бута ўсимликлар жамоаларида учратиш мукун.
Хом ашёни тайёрлаш ва унинг сифати.
Писта мевалари июл-сентябр ойлари давомида пишиб етилгандан сўнг йиғиб олинади. Янги йиғиб олинган писта меваларининг фойдасини максимал даражала сақлаш учун пластмасса идишларда ёки қопларга жойлаштирилиб, ишлаш чиқаришга юборилади. У ерда янги терилган писталардан мой олинади (уч ойдан ортиқ сақланмайди), қовурилади ва тузланади. Қовурилган ва тузланган писталарнинг сақлаш муддати 2 йил. Янги терилган писта беш ой вақт давомида ўзининг хушбўй ҳиди ва таъмини сақлаб қолади. Писта қуруқ ва қоронғу жойда сақланади.
Бузғун (шишлар) хом ашёси қўл билан йиғилади, бунда шишлар барглардан териб олиниб, улар барг қолдиқларидан тозаланади. Бир туп дарахтдан тахминан 50 кг бузғун хом ашёсини олиш мумкин, шундан 25 кг га яқин қуруқ хом ашё қолади. У уч йилдан кўп бўлмаган вақтда намлик даражаси паст, ҳаво яхши айланадиган хонада сақланади. Қуруқ хом ашёни пластик идишларда ёки мато қопларида қадоқлаш мумкин.
Кимёвий таркиби.
Пистанинг мева қобиғига умумий оғирлигининг 48,6-52,7 % ни, мағзи эса 47,3% дан 51,4% ни ташкил қилади. Мағзининг кимёвий таркиби (%): сув – 7,4, азотли моддалар – 18,44 (шу жумладан оқсиллар 17,43), ёғлар 54,63, клетчатка – 4.61, пектозонлар – 1,98, кул – 3,32. Баргида ошловчи моддалар (20% гача) мавжуд бўлиб, ширалар фаолияти натижасида вужудга келган шишлар туфайли уларнинг миқдори 30-45 % ва ҳатто 50% гача кўтарилади. Писта поясини кесиш туфайли смола жаралади, ундан пинен сақловчи эфир мойи олинади. Баргларда тахминан 0,01% эфир мойи мавжуд. Пистанинг ёғли мойи қуримайдиган юқори сифатли мойлар тоифасига киради. Унинг таркибида олеин глицеридлари (54-62.8%), линолен (17%) ва тўйинмаган кислоталар (20%) мавжуд. Барг бузғунлари таркибида 30-50 % танин мавжуд бўлиб, улар техник ва тиббиёт танини ишлаб чиқаришда ишлатилади.
Тиббиётда қўлланилиши.
Хандон писта биринчи навбатда юқори сифатли қуримайдиган ёғга бой озиқ-овқат маҳсулоти сифатида баҳоланади. Тўйинмаган кислоталарнинг юқори миқдори борлиги сабабли хандон писта танани мустаҳкамлаш, касалликлардан сўнг тикланишда қимматли маҳсулот саналади. Писта мевалари меъёрида истеъмол қилинса, юрак, жигар, мия ишига фойдали таъсир кўрсатади ва қондаги қанд миқдорини тартибга солади. Таркиби озуқавий моддаларга бой бўлган писта кайфиятни яхшилаб, чарчоқни кеткизади ва стрессни камайтиради.
Халқ табобатида қўлланиши. Қадимдан жигар ва ошқозон касалликларида оғриқни олишда пистанинг хусусиятлари маълум бўлган, бу ўсимликнинг мевалари халқ табобатида кенг қўлланилади. Писта ёнғоқларидан анемия, қусишни тўхтатувчи, йўталга ва силга қарши даво воситаси сифатида фойданилади. Ушбу ёнғоқлар юрак фаолиятини яхшилайди. Писта эркаклар учун тавсия этилади. Уларнинг юқори калориялиги ва таркибидаги кўп миқдорда ёғ кислоталари сперма ишлаб чиқаришга ёрдам беради. Қадимда бузғундан халқ табобатида бириктирувчи восита сифатида фойдаланилган.
Фойдаланилган адабиетлар рўйхати:
1. Атлас ареалов и ресурсов лекарственных растений. – М.: ГУГК, 1983. – 340 с.
2. Хожиматов К.Х., Хожиматов О.К. Собиров У.А. Сборник правил пользования объектами лекарственных, пищевых и технических растений.Ташкент: «Янги аср авлоди»,2009.–171 с.
3.https://www.bioversityinternational.org/fileadmin/_migrated/uploads/tx_news/Descriptors_for_pistachio_Pistacia_vera_L._386_RU.pdf
4. https://www.botanichka.ru/article/pistachio/
5. http://www.cnshb.ru/AKDiL/0019/base/RF/000324.shtm
6. www.ipni.org
7. https://sunmint.ru/fistashki.html
8. https://www.greeninfo.ru
9. http://lektrava.ru
10. http://manual-plants.com.ua/section/opisanie-rasteniy
11. http://pharmspravka.ru
12. http://www.fito.nnov.ru
13. http://n-retsept.ru
14. https://ratinkhosh.com/ru/
15. www.plantarium.ru
16. http://www.theplantlist.org/
17. http://www.u-lekar.ru/
18. http://100trav.su/
19. https://www.webapteka.ru/drugbase/name63917.html
https://cstr.cn/UZ113.45.PL.Pistacia.vera.IBUz.00018


РУ





