





Рўян
Rubia tinctorum L.
Identifier
CSTR: UZ113.45.PL.Rubia.tinctorum.IBUz.00042
Ўсимлик тавсифи.
Rubiaceae оиласига мансуб кўп йиллик ўт ўсимлик, баландлиги 2 м гача. Асосий илдизи кучли ривожланган. Ундан қалин ўрмалаб ўсувчи илдизпоялар тарқалади. Илдизлар ва илдизпоялар қизғиш жигарранг қатлам бўлиб кўчадиган пўстлоқ билан қопланган. Пояси ингичка, чирмашиб ўсувчи, кучли шохланган, тўрт қиррали, тиканли дағалсимон. Барглари оч яшил рангли, тескари тухумсимон, зич, остки қисми дағал тиканли, қарама-қарши, узунлиги 9 см гача, эни 3 см гача, 4-6 дан ҳалқаларда тўпланган. Гуллари майда, сарғиш-яшил, диаметри 1,5 см гача, поялар ва новдалар учларида кам гулли ярим соябонларда тўпланган. Меваси узунлиги 5 мм гача бўлган сувли қора данак, унинг шарбати деярли ўчмайдиган тўқ қизил доғларни қолдиради. Уруғлари ва вегетатив равишда кўпаяди.
Июнь ойида гуллайди, мевалари июль-август ойларида етилади.
Ўсиш жойи. Тарқалиши.
У ариқлар бўйида, далаларда, боғларда ўсади ва тоғларнинг ўрта минтақаларида тошли тўкилмаларда учрайди. Ўзбекистон ҳудудида у Тошкент, Самарқанд, Фарғона, Андижон ва Сурхондарё вилоятларида ўсади. Умумий тарқалиши. Марказий Осиё, МДҲнинг Европа қисми, Кичик Осиё, Эрон, Афғонистон.
Хом ашёни йиғиш ва унинг сифати.
Тиббий мақсадларда рўян илдизи ва илдизпояларидан фойдаланилади. Хом ашё эрта баҳорда, мартдан апрель ойининг биринчи ярмигача ёки вегетация охирида – август ойининг бошидан то совуқгача йиғиб олинади. Улар белкурак билан қазиб олинади, тупроқдан тозаланади, ўсимликнинг ер усти қисми кесиб ташланади. Кейин ювилмаган илдизлар ва илдизпоялар қуритиш учун қўйилади. Сояда айвон остида ёки қуритгичда 45°С да қуритилади. Хом ашёнинг яроқлилик муддати 2 йил. Табиий зис ўсиш майдонларининг камайиб кетмаслиги учун улардан ҳар 3 йилда бир марта хом ашё йиғиш тавсия этилади. Боғларда ва узумзорларда рўяндан ҳосилни йиғиш ҳар йили қатор оралари биринчи марта шудгорланганда (февраль – апрель ойининг бошларида, шунингдек, ноябрда) амалга оширилиши керак.
Кимёвий таркиби.
Ўсимликнинг илдизпоялари таркибида лимон, олма ва вино каби органик кислоталар мавжуд. Тритерпеноидлар, С витамини, антрахинонлар 2,68%: ализарин, рубиадин, пурпурин, луцидин, псевдопурпурин, иридоидлар: асперулозид ва бошқалар. Ер усти қисмида углеводлар ва улар билан боғлиқ бирикмалар: пектин, иридоидлар: асперулозид 0,16%, дезацетиласперулозид, шунингдек, кумаринлар, флавоноидлар: рутин, гиперозид.
Тиббиётда қўлланилиши.
Ўсимликнинг доривор хусусиятлари ҳам қадим замонлардан бери маълум бўлган. Авиценна қуймуч нерви, фалаж, тўқима сезгирлигини йўқотганда сувга асални эритиб, унинг илдизидан ичимлик тайёрлашни тавсия қилган. Мева, шунингдек, талоқнинг катталашиши учун сирка ва асал билан ичимлик тайёрлаш учун ҳам ишлатилган. «Бу жигар ва талоқни тозалайди ва улардаги тўсиқларни очади», деб ёзган Ибн Сино. Экстракт кўринишидаги рўян илдизи, шунингдек, ўсимликнинг кукуни ва бошқа препаратлари асосан кальций ва магний фосфатлари ва оксалатларини ўз ичига олган буйрак ва сийдик пуфагидаги тошларни юмшатади ва туширади. Рўяннинг гален шакллари ҳам оғриқ қолдирувчи ва сийдик ҳайдовчи таъсирга эга. Бундан ташқари, ўсимлик препаратлари тонусни пасайтиради, буйрак жоми ва сийдик чиқариш йўллари мушакларининг перистальтик қисқаришини кучайтиради, шу билан тошларнинг сурилишига ва уларнинг буйраклар ва сийдик йўлларидан чиқарилишига ёрдам беради.
Илдизлар, илдизпоялар. Илмий тиббиётда қуруқ экстракт оғриқ қолдирувчи, сийдик ҳайдовчи восита бўлиб, таркибида кальций ва магниянинг фосфатлари ва оксалатларини ўз ичига олган сийдик тошларини юмшатишга, сийдик тош касаллик ҳолатида спазмларни ва майда тошларнинг чиқишини камайтиради; «Цистенал» комплекс препаратнинг бир қисмидир. Гомеопатияда кукун, настойкаси – аменорея, талоқ касалликлари билан кечадиган камқонликда қўлланилади. Тибет тиббиётида (мураккаб рецептлар таркибида) – ангина ва дифтерия учун; ҳинд – аменорея ва анурия билан; корейс (кўпкомпонентли қайнатма таркибида) – юрак клапан етишмовчилигида ишлатилади. Халқ табобатида кукун, дамлама, қайнатма, экстракт – буйрак, сийдик йўллари, жигар, талоқ, нафас олиш тизими касалликлари, ичак сили, суяк сили, рахит, остеомиелит, кам қонли аменорея, асцит, дизентерия, скрофулёз, подагра, ишиас; ташқи томондан – яралар, дерматомикоз, тери доғларида фойдаланилади. Қайнатма ташқи томондан – тери саратонида ишлатилади. Туркманистонда – хотира бузилишида қўлланилади.
Поялар. Туркманистонда малҳам (тухум сариғи ва аччиқтош билан аралаштирилади) ташқи томондан – кўкаришлар, чиқиқлар, синишларда ишлатилади.
Дори шакллари, қабул қилиш усули ва дозалари. Қуруқ рўян экстракти (Extractum Rubiae tinctoriaesiccum) 0,25 г таблеткаларда мавжуд. Кунига 3 марта 2-3 таблеткадан ичилади. Таблеткалар олдин 1/2 стакан илиқ сувда эритилади. Даволаш курси 20-30 кун. Агар керак бўлса, даволаниш курси 4-6 ҳафтадан сўнг такрорланади. Рўян экстракти гломерулонефрит, буйрак етишмовчилиги ва ошқозон ярасида мумкин эмас.
Цистенал – 0,01 г рўйян настойкаси, магний салицилат 0,15 г, эфир мойлари 6,15 г, этил спирти 0,8 г, 10 г гача зайтун мойи дамламасини ўз ичига олган мураккаб препарат. 3-4 томчи шакарга томизилиб, овқатдан 30 дақиқа олдин; санчиқларда бир марта 20 томчидан ичилади. Санчиқлар тез-тез қайталаниб турувчи беморларга кунига 3 марта 10 томчидан буюрилади. Препаратни қабул қилиш билан боғлиқ меъда қайнаши рўй берса овқат билан ёки овқатдан кейин ичилади. 10 мл шиша идишларда чиқарилади. Цистенал гломерулонефрит, буйрак етишмовчилиги ва ошқозон ярасида мумкин эмас. Рўян илдизи ва илдизпояларнинг дамламаси (болгарча рецепти): 1 чой қошиқ майдаланган хом ашёга 200 мл совуқ сув қуйилади, 8 соат давомида дамланади, сўнг экстракт сузгичдан ўтказилади ва хом ашёга яна 200 мл қайноқ сув қуйилади ва 15 дақиқадан сўнг яна сузгичдан ўтказилади. Иккала дамлама аралаштирилади ва кун давомида бир неча дозада ичилади. Рўян илдизи ва илдизпояларнинг кукуни: кунига 3 маҳал 1 г дан озроқ сув билан ичилади.
Қўллаш мумкин бўлмаган ҳолатлар ва юзага келиши мумкин бўлган ножўя таъсирлар:
ўсимлик препаратларининг ҳаддан ташқари дозаси оғриқ ва сурункали яллиғланиш касалликларини кучайишига олиб келиши мумкин.
Бошқа соҳаларда қўллаш.
Ўтган даврларда ҳам қадимги юнон, римлик, мисрлик ва форс ҳунармандлари рўян илдизини жуда қадрлашган. Ундан турғун қизил бўёқ олинган. Қадимги даврларда рўян жўн, ипак ва пахта матоларини бўяш учун ишлатилган ягона ўсимлик бўлган. Рўян илдизи замонавий даврда яхши маълум бўлган. Унга айниқса тўқимачиликда қизиқиш билдиришган. Ветеринария тиббиётида экстракти, қуруқ экстракти – сийдик тош касалликда ишлатилади. Рўян қадимги замонлардан бери жўн ва терини бўяш учун ишлатилган. Ҳозирги вақтда у гиламчиликда ишлатилади. Ундан олинган бўёқларнинг ранги пушти рангдан бинафша ранггача. Қорамол учун озуқа (пичан ичида); кўп миқдорда истеъмол қилинганда сигир сути қизариб кетади. Асал берувчи ўсимлик. Бўёқ ишлаб чиқариш учун Ғарбий Европанинг кўплаб мамлакатларида ва Осиёдаги баъзи мамлакатларда етиштирилади.
Қишлоқ хўжалиги технологиясини етиштириш элементлари. Рўян майсалари баҳорда тез совуқ уриши мумкин, шунинг учун экиш вақтини ёш ўсимликлар совуқ остида қолмаслиги учун танланиши керак. Қор кам ёғадиган қишда, ҳатто -15°C гача бўлган ҳароратда ҳам музлашиши мумкин, шунинг учун у ҳимояланадиган ҳудудларга жойлаштирилади ва қишда қорни ушлаб туриш амалга оширилади. Маданийлаштирилганда у чуқур ҳайдаладиган қатламли енгил ва ўрта ғовак тупроқларда яхши ўсади. Рўян учун майдон 30 см чуқурликда ҳайдалади, 1 м2 учун 2-3 кг гўнг ёки компост, 4-5 г азот, 6 г фосфор ва калий киритилади. Уруғлар тупроқ ҳарорати 6-8°С бўлганда экилади. Қаторлар ораси 45-60 см.Уруғлар 6-7 см чуқурликка экилади.Улар 8-10°С ҳароратда униб чиқади. 1000 дона уруғнинг массаси 30-31 г ни ташкил қилади. Илдизпоялар билан кўпайтирилганда чуқурликлар камида 8-10 см чуқурликларда эгатлар олинади. Илдизпоялар 6-8 см узунликда бир-биридан 10-15 см масофада экилиб, дарров кўмилади ва тупроқ юзаси текисланади. Вегетация даврида 1-2 марта ўтоқ қилинади. Кузда экинлар чопиқ қилинади. 2-йилда эрта баҳорда, қуриган ўсимлик қисмлари олиб ташланади ва тупроққа 1м2 учун азот-фосфорли ўғитлар 3 г миқдорида берилади. Рўяндан сотиш учун маҳсулотлар ўсимлик ҳаётининг 2-3-йилларида олинади. Илдизлар ва илдизпоялар кузнинг охирида (уларнинг қайта ўсиши тугаганидан кейин) ёки баҳорнинг бошида (уларнинг ўсиши бошланишидан олдин) йиғиб олинади. Бундай ҳолда, бутун ўсимликни эмас, балки унинг бир қисмини йиғиш мумкин, бу эса илдизпояларнинг учдан бир қисмини қолдиради. Бу келгуси 1-2 йил ичида ўша жойдан яна бир марта хом ашё йиғиш имконини беради. Умуман олганда, 2-3 йил ичида 1 м2 эгатлардан 0,3-0,4 кг қуруқ хом ашёси олиш мумкин. Рўян ўсимлиги лалми ерларда етиштирилиши мумкин, аммо суғорилганда унинг ҳосилдорлиги 2-3 ц/га кўпаяди.
Фойдаланилган адабиетилар рўйхати:
1. Акопов И.Э. Важнейшие отечественные лекарственные растения и их применение. – Ташкент: Медицина, 1990. – 446 с.
2. Алимбаева П.К., Гончарова А.В. Дикорастущие лекарственные растения Киргизии. – Фрунзе: Илим, 1971. – 98 с.
3. Атлас ареалов и ресурсов лекарственных растений. – М.: ГУГК, 1983. – 340 с.
4. Биологические особенности и распространение перспективных лекарственных растений //Под редакцией Т.А.Адылова. – Ташкент: Фан, 1981. –158 с.
5. Биологически активные вещества растительного происхождения. Б.Н.Головкин, Р.Н.Руденская, И.А.Трофимова, А.И.Шретер – в 3 томах. М.: Изд-во Наука, 2001. –764 с.
6. Борисова Н.А., Шретер А.И. К методике определения запасов и картирования ресурсов лекарственного растительного сырья // Раст. ресурсы. – Ленинград: Наука, 1966.– Т. 2. – Вып. 2. – C. 271-277.
7. Ботанико-фармакогностический словарь // Под ред. Блиновой К.Ф. – М.: Высшая школа, 1990. – 272 с.
8. Гаммерман А.Ф., Кадаев Г.Н., Янценко-Хмелевич А.А. Лекарственные растения (растения-целители). – М.: Высшая школа, 1984. – 400 с.
9. Гесь Д.К., Горбач Н.В. Лекарственные растения и их применение. – Минск: Наука и техника, 1977. – 552 с.
10. Государственная Фармакопея СССР // 11-е изд. – М.: Медицина, 1989. – 398 с.
11. Государственный реестр лекарственных средств. Официальное издание: в 2 т.- М.: Медицинский совет, 2009. – Т.2, ч.1 – 568 с.; ч.2 – 560 с.
12. Лекарственное растительное сырье. Фармакогнозия: Учеб. пособие / Под ред. Г.П.Яковлева и К.Ф.Блиновой. – СПб.: СпецЛит, 2004. – 765 с.
13. Лесиовская Е.Е., Пастушенков Л.В. Фармакотерапия с основами фитотерапии. Учебное пособие. – М.: ГЭОТАР-МЕД, 2003. –592 с.
14. Машковский М.Д. «Лекарственные средства». В 2 т. – М., ООО «Издательство Новая Волна», 2000. –540 с.
15. Носов А.М. Лекарственные растения. – М.: ЭКСМО-Пресс, 2000. – 350 с.
16. Палов М. Энциклопедия лекарственных растений». Под ред. канд. биол. наук И.А.Губанова. – М.: Мир, 1998. –467 с.
17. Растительные лекарственные средства Абу Али ибн Сино (Авицены). Справочник // Под редакцией Ш.Б.Иргашева. – Ташкент: Абу Али ибн Сино, 2003. – 457 с.
18. Травы и здоровье. лекарственные растения / Авт.-сост.: А.М.Задорожный и др.- Махаон; Гамма Пресс 2000, 2001. – 512 с.
19. Хожиматов К.Х., Хожиматов О.К., Собиров У.А. Сборник правил пользования объектами лекарственных, пищевых и технических растений. Ташкент: «Янги аср авлоди», 2009. – 171 с.
20. Чиков П.С. Лекарственные растения. – М.: Медицина, 2002. –496 с.
21. www.ipni.org
22. https://www.greeninfo.ru
23. http://lektrava.ru
24. http://manual-plants.com.ua/section/opisanie-rasteniy
25. http://pharmspravka.ru
26. http://www.fito.nnov.ru
27. http://n-retsept.ru
28. www.plantarium.ru
29. http://www.theplantlist.org/
30. http://www.u-lekar.ru/
31. http://100trav.su/
32. https://herbalpedia.ru/catalog/marena-krasilnaya/
33. https://dic.academic.ru/dic.nsf/ruwiki/498607
34. https://floristics.info/ru/stati/sadovodstvo/4490-marena-svojstva-i-protivopokazaniya-posadka-i-ukhod.html
https://cstr.cn/UZ113.45.PL.Rubia.tinctorum.IBUz.00042


РУ