Жийда
Elaeagnus angustifolia L.

Identifier

CSTR: UZ113.45.PL.Elaeagnus.angustifolia.IBUz.00043

Ўсимлик тавсифи. 

Жийда бу Elaeagnaceae оиласига мансуб дарахтсимон бута, қизил-жигарранг пўстлоғи, йирик пояли тиканлари, ланцетсимон тор барглари мавжуд. Гуллари калта гулбандларда жойлашган, майда, 1 см дан ошмайди. Улар баргларнинг қўлтиқларида 1-3 донадан жойлашган. Ҳар бир гулда оддий тўрт аъзоли қўнғироқсимон гулқўрғони, 4 та чангчи ва ипсимон устунчали уруғчи мавжуд. Ҳашаротлар ёрдамида ўзаро чангланади. Гуллаш пайтида гулларнинг хушбўй ширин ҳиди узоқдан сезилади. Мевалари овалсимон, унсимон, сарғиш-қўнғирранг, данак мева, шакли зайтунга ўхшайди. Меваси ширин, унсимон, озгина бириктирувчи таъмга эга. Ўсимликнинг бўйи 10 метр баландликка етади.

Ўсиш жойи. Тарқалиши.

Ўзбекистон ҳудудида у Тошкент, Самарқанд, Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятлари ва Қорақалпоғистонда учрайди. Декоратив ва мевали ўсимлик сифатида у паркларда, боғларда ва ихота ўсимлиги сифатида дала четларида экилади, шунингдек, дарё бўйларида, ўрмон четларида ўсади. Жийда жуда қадимги маданий ўсимлик бўлиб, унинг маданийлаштирилган шаклларида тиканлар бўлмайди. Ушбу ўсимликнинг кўплаб йирик мевали навлари мавжуд. Ушбу навлар кўп асрлар давомида ўтказилган танлов натижасидир.

Хом ашёни йиғиш ва унинг сифати.

Барглари, мевалари, гуллари доривор мақсадларда ишлатилади. Хом ашёни йиғишда барглар ёзнинг биринчи ярмида, гуллари – май ва июнь ойининг бошларида йиғилади. Ҳосилни йиғиш қийин туюлмаса ҳам иложи борича камроқ тиканли дарахтларни танлаш лозим. Жийда гуллари барглар билан бирга йиғилади. Хом ашёи ҳаво айланадиган соябон остида ёки махсус мослаштирилган қуритгичларда 40-50°С дан юқори бўлмаган ҳароратда қуритилади. Тайёр хом ашёни икки йилдан ортиқ бўлмаган вақт давомида сақлаш мумкин, гуллари – фақат бир йил, кейин улар фойдали сифатини йўқотади.

Кимёвий таркиби.

Мевалар таркибида 40% дан ортиқ шакар, шу жумладан, глюкоза (тахминан 20%) ва фруктоза (10% дан ортиқ), оқсил, фосфор ва калий тузлари, 40% гача боғланган ва эркин танинлар, бўёқлар, органик кислоталар мавжуд. Пўстлоғи таркибида танинлар, бўёқлар ва алкалоидлар; баргларда аскорбин кислотаси (0,1-0,3%) мавжуд. жийда дарахтининг новдалари ва танасида маълум даражада камедь мавжуд бўлиб, ўсимлик 5-12 ёшида кучли ажралиб чиқади. Гулўрни таркибида кўплаб микроэлементлар – мис, рух, хром, алюминий, никель; новдаларида – эфир мойи (0,3%) мавжуд.

Фармакологик хусусиятлари.

Жийда препаратлари кам токсик ҳисобланади, холинолитик таъсирга эга, шунингдек, нафас олиш тизимига ва юрак фаолиятига ижобий таъсир кўрсатади ва қон босимини пасайтиради. Ичакларни, ошқозон, ошқозон ости бези, буйрак ва юрак касалликларини даволашда ишлатилади. Жийда мевалари тинчлантирувчи таъсирга эга, ухлатувчи воситаларининг таъсирини кучайтиради, мўлжал олиш реакцияларини бостиради, ғазабланиш ва тажовузкорликни ривожланишига йўл қўймайди. Мевадан коллоид ва танинларнинг концентрати – пшатин олинган. Пшатин энтероколит ва бошқа овқат ҳазм қилиш касалликлари учун бириктирувчи восита сифатида ишлатилади. Беморлар препаратни ичга қабул қилганда овқат ҳазм қилиш тизимининг функциялари ва умумий ҳолати яхшиланади; оғиз бўшлиғининг яллиғланиш касалликларида оғиз чайилади. Худди шу мақсадда халқ табобатида мева дамламасидан фойдаланилади.
Ишлатилиши. Ўсимликнинг янги барглари бод касаллиги, подагра, радикулит учун ишлатилади, яллиғланишни яхшилаш ва тезда битиши учун йирингли ва битмайдиган яраларга суртилади, боғлам ҳар куни янгиланади. Майда эзилган жийда мевалари ва зуптурум барглари бавосил учун яхши восита ҳисобланади. Пўстлоғининг дамламаси қон кетишини тўхтатиш учун фойдали. Янги шарбати безгак ва гипертензия учун самарали ҳисобланади.
Жийда меваларининг кайнатмаси: 1 стакан қайноқ сув 30 г меваларга қуйилади, сув ҳаммомида ёпиқ сирланган идишда 30 дақиқа давомида қайнатилади. Кейин қайнатма бир неча дока орқали иссиғида сузилади, сиқиб олинади ва бирламчи ҳажмига келтирилади. 2 ош қошиқдан овқатдан олдин кунига 3-4 марта илиқ ҳолда истеъмол қилинади. Қайнатма музлатгичда 2 кунгача сақланади. Қайнатма нафас олиш йўллари касалликлари, шамоллаш ва кучли иситма, йўғон ичак ва ошқозоннинг яллиғланиш касалликлари, энтероколит, диарея, ичак катари, ошқозон касалликларида самарали ҳисобланади, оғиздаги яллиғланиш жараёнларида қайнатма билан оғизни чайиш фойдалидир.
Гулларнинг дамламаси. 1 стакан қайноқ сув 6 грамм гуллар ва барглар устига солинади, сув ҳаммомида 15 дақиқа дамланади, сузгичдан ўтказилади, сиқиб олинади, сўнг бирламчи ҳажмига келтирилади. Овқатдан олдин кунига 3 марта стаканнинг учдан бир қисми ичилади. Жийда дамламаси гипертония, юқори нафас йўллари касалликлари, иситма туширувчи восита ва юрак мушаклари фаолиятини кучайтиришда, шишишлар, цинга, колит касалликларида, антигельминт восита сифатида ишлатилади.
Озуқа сифатида истеъмол қилиниши. Мевалари янги узилган ҳолатда ҳам, майдаланган ҳолатда ҳам шўрвалар, нон, пряниклар ва бошқа таомларга қўшиб ишлатилади. Турли хил мевалар билан биргаликда улар компотлар тайёрлаш учун ишлатилади. Ўзига хос ўткир хушбўй ҳидли вино тайёрланади.
Декоратив ва бошқа мақсадларда фойдаланиш. Жийда буталаш, кўчириб ўтказиш, ҳавонинг ифлосланишига осон мослашади, кумушранг барглари, хушбўй гуллари, ёрқин пўстлоғи парклар ва боғлар учун жуда қимматли ва ўзига хос ўсимлик сифатида хизмат қилади. Тўқ яшил фонда жуда декоратив кўринишга эга. Жонли деворлар тарзида ҳам фойдаланса бўлади, лекин мунтазам равишда буталаниши керак, акс ҳолда у тез дарахтга айланади, кесиш ишлари ёзнинг бошида ва охирида амалга оширилади.
У тўғонлар, дарёлар ва каналлар қирғоқларини мустаҳкамлайдиган, дала ҳимоя ихоталари учун экин сифатида ишлатилади.
Жийда эрта асал-ширали ўсимлик, асосан нектар ишлаб чиқаради. Асал унумдорлиги 200 кг/га гача. Асали сариқ-жигар рангда, ўзига хос таъми ва ҳидига эга.
Қобиқ ва барглари терини бўяш ва ошлашда ишлатилади. Ёғочи юқори ёпишқоқлиги, зичлиги, сувга яхши чидамлилиги билан ажралиб туради, ундан мусиқа асбоблари ва мебель ишлаб чиқариш учун фойданилади. Камеди бўёқ, елим ва лаклар тайёрлаш учун ишлатилади. Ундан таблеткалар ишлаб чиқаришда эмульгатор ва боғловчи модда сифатида фойданилади.

Ресурслари:

Биология фанлари доктори Х.К. Хайдаров тадқиқотларига кўра, шарқий жийда (Elaeagnus angustifolia L.), эгаллаган умумий майдони 2500 гектар, меваларнинг абсолют қуруқ массаси бўйича умумий биологик захираси 2478,9 тонна, эксплуатацион захираси 1547,5 тоннани ташкил этади. Зарафшон (760 гектар ва 581,5 тонна), Амударё (670 гектар ва 424 тонна) ва Сурхондарё (530 гектар ва 374,9 тонна) дарёларининг ёқаларида энг катта зич ўсиш майдонлари ва эксплуатацион захиралари топилган.
Хўжалик жиҳатдан қимматли хусусиятга кўра, шарқий жийдани 16 та шакли аниқланган, улар ишлаб чиқариш, ўрмончилик ва селекция ишлари учун қимматли генофонд бўлиб хизмат қилиши мумкин.

Фойдаланилган адабиетлар рўйхати:

1. Акопов И.Э. Важнейшие отечественные лекарственные растения и их применение. – Ташкент: Медицина, 1990. – 446 с.
2. Алимбаева П.К., Гончарова А.В. Дикорастущие лекарственные растения Киргизии. – Фрунзе: Илим, 1971. – 98 с.
3. Атлас ареалов и ресурсов лекарственных растений. – М.: ГУГК, 1983. – 340 с.
4. Барабанов Е.И. Ботаника: учебник для студ. высш. учеб. заведений. – М: Издательский центр «Академия», 2006. – 448 с.
5. Биологические особенности и распространение перспективных лекарственных растений //Под редакцией Т.А.Адылова. – Ташкент: Фан, 1981. –158 с.
6. Биологически активные вещества растительного происхождения. Б.Н.Головкин, Р.Н.Руденская, И.А.Трофимова, А.И.Шретер – в 3 томах. М.: Изд-во Наука, 2001. –764 с.
7. Борисова Н.А., Шретер А.И. К методике определения запасов и картирования ресурсов лекарственного растительного сырья // Раст. ресурсы. – Ленинград: Наука, 1966.– Т. 2. – Вып. 2. – C. 271-277.
8. Ботанико-фармакогностический словарь // Под ред. Блиновой К.Ф. – М.: Высшая школа, 1990. – 272 с.
9. Буданцев А.Л., Лесиовская Е.Е. Дикорастущие полезные растения России. – СПб.: СПХФА, 2001 – 663 с.
10. Гаммерман А.Ф., Кадаев Г.Н., Янценко-Хмелевич А.А. Лекарственные растения (растения-целители). – М.: Высшая школа, 1984. – 400 с.
11. Гесь Д.К., Горбач Н.В. Лекарственные растения и их применение. – Минск: Наука и техника, 1977. – 552 с.
12. Государственная Фармакопея СССР // 11-е изд. – М.: Медицина, 1989. – 398 с.
13. Государственный реестр лекарственных средств. Официальное издание: в 2 т.- М.: Медицинский совет, 2009. – Т.2, ч.1. – 568 с.; ч.2. – 560 с.
14. Лесиовская Е.Е., Пастушенков Л.В. Фармакотерапия с основами фитотерапии. Учебное пособие. – М.: ГЭОТАР-МЕД, 2003. –592 с.
15. Палов М. Энциклопедия лекарственных растений». Под ред. канд. биол. наук И.А.Губанова. – М.: Мир, 1998. –467 с.
16. Пастушенков Л.В. Лекарственные растения. Использование в народной медицине и быту. – СПб.: БВХ-Петербург, 2012 – 432 с.
17. Растительные лекарственные средства Абу Али ибн Сино (Авицены). Справочник // Под редакцией Ш.Б.Иргашева. – Ташкент: Абу Али ибн Сино, 2003. – 457 с.
18. Хайдаров Х.К. Ўзбекистон флорасидаги Elaeagnасеае Juss. оиласи.// Автореф. дис. … докт. биол. наук. – Ташкент. 2018. – 62 с.
19. Хожиматов К.Х., Хожиматов О.К., Собиров У.А. Сборник правил пользования объектами лекарственных, пищевых и технических растений. Ташкент: «Янги аср авлоди», 2009. – 171 с.
20. www.ipni.org
21. https://www.greeninfo.ru
22. http://lektrava.ru
23. http://manual-plants.com.ua/section/opisanie-rasteniy
24. http://pharmspravka.ru
25. http://www.fito.nnov.ru
26. http://n-retsept.ru
27. www.plantarium.ru
28. http://www.theplantlist.org/
29. http://www.u-lekar.ru/
30. http://100trav.su/
31. https://dic.academic.ru/dic.nsf/ruwiki/1267911
32. https://ongreenway.org/2016/02/dzhida-lox-uzkolistnyj-i-lox-serebristyj-zashhitniki-landshafta/

Khojimatov et al, 2024. Elaeagnus angustifolia L. Жийда
https://cstr.cn/UZ113.45.PL.Elaeagnus.angustifolia.IBUz.00043