





Етмак, бех
Acanthophyllum gypsophiloides Regel
Identifier
CSTR: UZ113.45.PL.Acanthophyllum.gypsophiloides.IBUz.00051
Ўсимлик тавсифи.
Етмак (бех) – Acanthophyllum gypsophiloides Regel. Caryophyllaceae оиласига мансуб кўп йиллик ўсимлик. Пояси кучли шохланган, қисқа тукланган ёки силлиқ. Пояларининг кўп сонли шохланиши туфайли ўсимлик шарсимон шаклга эга, баландлиги ва диаметри деярли бир хил 70-80 см га етади. Барглари қарама-қарши бўлиб, узунлиги 3 см гача ва эни 0,5 см гача, текис, деярли чизиқли ёки чизиқли-ланцетсимон, учи ўткирлашган. Гулёнбарглар қарама-қарши, бигизсимон, силлиқ, косачабарглардан 2-3 баравар калтароқ. Гуллари поялар ва новдаларнинг учки қисмида бўш, айрисимон-шохланган, кенг рўвак тўпгулларда жойлашган. Тўпгулнинг ҳар бир айри қисмидаги ўрта гуллари деярли ўтроқ, қолган 2 таси узун ипсимон гулбандли. Косачабарглари беш баргли, цилиндрсимон, силлиқ, узунлиги 2 мм га яқин; 5 та пушти гултожибарглардан иборат, тугунчаси бир уяли, чангчилари 10 та. Меваси – яхши очилмайдиган, пардасимон, 1-2 уруғли косачабарглари сақланган кўсакдан иборат. Уруғлари оч жигарранг, деярли шарсимон, ён томонларидан бироз яссиланган, август ойининг бошларида пишади, аммо кузгача тўкилмайди. Илдизи ўқ илдиз, баъзан урчуқсимон, бўралган, узунлиги 2 м гача ва ундан ортиқ, вазни 12 кг гача. Ўқ илдизидан бир нечта марта шохланган ён илдизлар тарқалади. Етмак илдизлари қазиб олингандан кейин қайта тикланиш қобилиятига эга эмас, шунинг учун хом ашё йиғилгандан сўнг бу ўсимликнинг табиий зич ўсиш майдонлари қайта тикланмайди.
Ўсиш жойи. Тарқалиши.
Етмак фақат Ўрта Осиё тоғларида қуйи тоғ минтақасидан ўрта тоғ минтақасигача учрайди. Жанубда у Ҳисор тизмасида тарқалган. Шарқий чегара Ғарбий Тиён-Шон бўйлаб, ғарбий чегара эса тоғли Туркманистон бўйлаб ўтади. Етмакнинг зич ўсган майдонлари асосан эфемер ўсимликлари, вегетацияси узоқ давом этувчи чуқур илдизли кўп йиллик ўсимликлар ва ярим буталар жамоаларида, қуйи тоғ ва ўрта тоғ минтақаларида ўтлоқ-дашт ва дарахт-бута ўсимликлари орасида учрайди. Ерни ҳайдаш ва бу ўсимликнинг илдизларини оммавий йиғиш натижасида етмакнинг табиий зич ўсган майдонлари қисқарган. Ўзбекистонда хом ашёсини саноат миқёсида тайёрлаш жойлари қуйидагилар: Тошкент вилоятининг (Пскент, Ўртачирчиқ, Оҳангарон, Юқоричирчиқ, Паркент ва Бўстонлиқ туманлари), Фарғона водийси (Косонсой, Тўрақўрғон, Чуст, Поп ва Наманган атрофлари), Самарқанд, Пастдарғом туманлари) ва Жиззах вилоятларининг тоғ олди зонаси (Ғалла-Орол, Жиззах, Қорақишлоқ туманлари) – Сангзор дарёси ҳавзасида ва унга қўшни ҳудудлар, Қашқадарё ва Сурхондарё дарёлари ҳавзаларининг адир зонаси (Кўкбулоқ, Бойсун, Қамаши, Деҳқонобод, Яккабоғ, Чироқчи, Китаб ва Мираки қишлоқлари атрофида), Сурхондарё вилоятининг Бойсун туманидаги тоғлари (Кухитанг тоғи). Сапонин миқдори илдизларни ўлчамига деярли боғлиқ эмас.
Хом ашёни йиғиш ва унинг сифати.
Илдизларни йиғиш қисқа вақт ичида амалга оширилиши ва апрель ойининг иккинчи ярмида бошланиши керак. Хом ашёни тайёрлашнинг мақбул муддатлари- майнинг иккинчи ярми – июнь ойининг боши ҳисобланади. Қазиб олинган илдизлар тупроқдан тозаланади, пояларнинг қолдиқлари кесилиб, қуёшда қуритилади. Ёмғирли об-ҳаво шароитида қуритиш соябон остида амалга оширилади. Қуритишдан олдин илдизларни бўлакларга ажратиш шарт эмас. Илдизни 40-50°С ҳароратда қиздириш йўли билан сунъий қуритиш мумкин. Тайёр хом ашё ГОСТ 3448-78 талабларига жавоб бериши керак. Улар оғир, қаттиқ, цилиндрсимон илдиз бўлаклари бўлиб, тупроқдан ва ингичка ён илдизлардан тозаланган, асосан спиралсимон бўралган, юзаси буришиб бир текис бўлмаган, кўп сонли майда кўндаланг чуқурликлар билан қопланган (ингичка ҳалқасимон чизиқлар шаклида), ён илдизлари олиб ташланган жойда чуқур бўйлама эгатчалари ва юмалоқ чандиқли ёриқлари бўлади. Илдиз синган жойи нотекис, ташқи томондан ранги оч қўнғирранг, ичи сарғиш, оқ томирлари бор. Ҳидсиз, таъми бироз куйдирувчи, қўзғатувчи. Етмак хом ашёсининг 1-чи ва 2-навлари учун рақамли кўрсаткичлар: илдизларнинг узунлиги камида 5 см, қалинлиги камида 2 см бўлиши керак. 1-нав илдизлари учун 5 см дан кам бўлмаган узунликдаги илдизларнинг бўлаклари 2% дан, ингичка илдизлари (қалинлиги 2 см дан кам бўлмаган) 3% дан, кукун қилиб майдаланган илдизлари 1% дан, юмшайган илдизлари 2% дан; бошқа ўсимликларнинг илдизлари 1% дан, тупроқ, қум, тошчалар 1% дан ошмаслиги ва чириган, четлари қорайган ёки моғорлаган илдизлари бўлмаслиги керак. 2-нав илдизлари учун 5 см дан кам бўлмаган узунликдаги илдизларнинг бўлаклари 20% дан, ингичка илдизлари (қалинлиги 2 см дан кам бўлмаган) 20% дан, кукун қилиб майдаланган илдизлари 3% дан, юмшайган илдизлари 5% дан, чириган, четлари қорайган ёки моғорлаган илдизлари 1% дан, бошқа ўсимликларнинг илдизлари 2% дан, тупроқ, қум, тошчаларнинг 1,5% дан ошмаслиги керак. 1- ва 2-нав илдизлари учун асосий намлик 13% ни ташкил этади, чекланган намлик 13% дан ошмаслиги керак. Тайёр хом ашё 40 кг ли мато ва қоғоз қопларга жойлаштирилади.
Кимёвий таркиби.
Илдизларда 10-30% тритерпен сапонинлари мавжуд бўлиб, улардан гипсогенин, акантофиллазид В ва акантофиллазид С гликозидлари ажратиб олинган. Ўсимликнинг ер усти қисмларида ҳам кўплаб сапонинлар мавжуд.
Маҳаллий аҳоли кўпинча илдизидан «нишолло» ширинлигини тайёрлашда фойдаланилади – гўёки қалин кўпикли оқ суюқлик инсонга қувват берувчи восита деб ҳисобланилади.
Тиббиётда қўлланилиши.
Етмак хом ашёси (бех) озиқ-овқат, фармацевтика, қурилиш, мўйначилик, тўқимачилик, бўёқ ва парфюмерия саноатида қўлланилади.
Халқ табобатида илдиз дамламаси бронхит ва бошқа нафас йўллари касалликларини балғам кўчирувчи сифатида, ўт ҳайдовчи, сийдик ҳайдовчи, ич сурувчи восита сифатида қўлланилади (1 чой қошиқ майдаланган илдиз устига бир стакан совутилган қайнатилган сув қуйилади, 8-10 соат дамланади ва кун давомида ичилади). Етмак қайнатмаси совун каби кўпикланганлиги сабабли ўсимлик кундалик ҳаётда «совунли илдиз» деб номланади. Баъзида ошқозон-ичак, тери (пиодермия, экзема, фурункулларда, тангасимон лишайда), сийдик-таносил ва талоқ, жигар, буйрак касалликларида ва моддалар алмашинуви бузилганда илдизлари чой сифатида дамланиб ичилади. Ўсимликнинг ер усти қисмининг дамламаси ич сурувчи ва балғам қўчирувчи восита сифатида ишлатилади. Бироқ сўнгги йилларда етмакнинг зич ўсган майдонлари сезиларли даражада қисқарганлиги бу турни Ўзбекистон Республикасининг Қизил китобига киритиш учун асос бўлган. Ўзбекистон фармацевтика ва озиқ-овқат саноатини ушбу қимматбаҳо турнинг хом ашёсига бўлган эҳтиёжини қондириш учун уни маданийлаштириш зарур, шу муносабат билан экиш агротехникасининг самарали усулларини ишлаб чиқиш лозим.
Фойдаланилган адабиетлар рўйхати:
1. Акопов И.Э. Важнейшие отечественные лекарственные растения и их применение. – Ташкент: Медицина, 1990. – 446 с.
2. Алимбаева П.К., Гончарова А.В. Дикорастущие лекарственные растения Киргизии. – Фрунзе: Илим, 1971. – 98 с.
3. Атлас ареалов и ресурсов лекарственных растений. – М.: ГУГК, 1983. – 340 с.
4. Биологические особенности и распространение перспективных лекарственных растений //Под редакцией Т.А.Адылова. – Ташкент: Фан, 1981. –158 с.
5. Биологически активные вещества растительного происхождения. Б.Н.Головкин, Р.Н.Руденская, И.А.Трофимова, А.И.Шретер – в 3 томах. М.: Изд-во Наука, 2001. – 764 с.
6. Ботанико-фармакогностический словарь // Под ред. Блиновой К.Ф. – М.: Высшая школа, 1990. – 272 с.
7. Гаммерман А.Ф., Кадаев Г.Н., Янценко-Хмелевич А.А. Лекарственные растения (растения-целители). – М.: Высшая школа, 1984. – 400 с.
8. Гесь Д.К., Горбач Н.В. Лекарственные растения и их применение. – Минск: Наука и техника, 1977. – 552 с.
9. Государственная Фармакопея СССР // 11-е изд. – М.: Медицина, 1989. – 398 с.
10. Государственный реестр лекарственных средств. Официальное издание: в 2 т.- М.: Медицинский совет, 2009. – Т.2, ч.1. – 568 с.; ч.2. – 560 с.
11. Иващенко А.А. Сокровища растительного мира Казахстана. – Алматы: Алматыкітап, 2007. – 127 с.
12. Кьосев П.А. Лекарственные растения. Самый полный справочник. – М: Эксмо, 2011. – 944 с.
13. Лесиовская Е.Е., Пастушенков Л.В. Фармакотерапия с основами фитотерапии. Учебное пособие. – М.: ГЭОТАР-МЕД, 2003. – 592 с.
14. Палов М. Энциклопедия лекарственных растений». Под ред. канд. биол. наук И.А. Губанова. – М.: Мир, 1998. – 467 с.
15. Растительные лекарственные средства Абу Али ибн Сино (Авицены). Справочник // Под редакцией Ш.Б.Иргашева. – Ташкент: Абу Али ибн Сино, 2003. – 457 с.
16. Хожиматов К.Х., Хожиматов О.К., Собиров У.А. Сборник правил пользования объектами лекарственных, пищевых и технических растений. Ташкент: «Янги аср авлоди», 2009. – 171 с.
17. www.ipni.org
18. https://www.greeninfo.ru
19. http://lektrava.ru
20. http://manual-plants.com.ua/section/opisanie-rasteniy
21. http://pharmspravka.ru
22. http://www.fito.nnov.ru
23. http://n-retsept.ru
24. www.plantarium.ru
25. http://www.theplantlist.org/
26. http://www.u-lekar.ru/
27. http://100trav.su/
28. https://medicinal_plants.academic.ru/1462/Колючелистник_качимовидный
29. http://redbook.ucoz.kz/publ/1-1-0-21
https://cstr.cn/UZ113.45.PL.Acanthophyllum.gypsophiloides.IBUz.00051


РУ