Гулхайри
Althaea armeniaca Ten.

Ўсимлик тавсифи. 

Malvaceae оиласига мансуб кўп йиллик ўт. Пояси тик ўсувчи, оддий ёки кам шохланган, майин юлдузсимон тукли, баландлиги 70-150 см. Барглари тухумсимон, пастки қисми одатда учбурчак-юраксимон шаклига эга, четки қисми тартибсиз кунгурали-тишсимон, баъзида бир оз 3-5 бўлакли, зич майин тукли, кул ранг-яшил, бандли, юқори барглари қисқа бандли. Гуллар барглар қўлтиғида тутам бўлиб жойлашган, жуда қисқа гулбандли, зич майин тукли. Остки косача Гулёнбарглари (8)-9-(10) қўшилиб ўсган, тухумсимон чўзилган, зич майин тукли, учли баргчалардан ташкил топган, косачабаргларга нисбатан қисқароқ. Косачабарглари тухумсимон, тепага қараб узайиб учли, зич майин тукли, пастки қисмида қўшилиб ўсган. Гултожибарглари оч ёки ёрқин пушти, баъзан оқ тусли, косачага қараганда 1,5-2 баравар узунроқ, гултожибарглар учбурчак-тескари юраксимон. Уруғлари орқа томонда силлиқ ёки жуда оз буришган, юлдузсимон-майин тукли, четки қисмида тумтоқ, сони 15-18.
Июн-август ойларида гуллайди, июл-сентябр ойларида мевалайди.

Ўсиш жойи. Тарқалиши.

Гулхайри паст ўтли ярим саванналар ва бутазорлар жамоаларида ўсади, одатда ташландиқ жойларда, бегона ўт сифатида бедазорлар, боғлар, дарёлар ва ариқлар бўйлаб 500-900 м баландликда учрайди. Тўқай ўсимликлари, шунингдек, нам жойларда бегона ўт сифатида тарқалган.
Тошкент, Самарқанд ва Фарғона вилоятларида тарқалган.

Хом ашёни йиғиш ва унинг сифати.

Гулхайри илдизлари ва илдизпоялари баҳорги ўсишидан олдин апрелда – май ойининг биринчи ярмида ёки кузда (сентябр-октябрда) ўсимликнинг ер усти қисми ноуд бўлгандан кейин йиғилади.
Гулхайри уруғлар, камдан-кам вегетатив ва кўчатлар билан кўпаяди. Гулхайри уруғини экиш эрта баҳорда ёки кеч кузда амалга оширилади.
Гулхайри илдизлари ва ер устки қисми вегетация даврининг иккинчи ва учинчи йилларида йиғиб олинади. Илдизлари эрта баҳорда ёки кузда йиғилади.
Ер устки қисмини вегетациясининг иккинчи йилида амалга оширилади. Тупроқ юзасидан 20-30 см баландликда ўрилган ўтларни уюмларда, кейин соябон остида қуритилади, қалинлиги 50 см дан ошмайдиган қатламга ёйилади.
Гулхайрининг тозаланган илдизлари цилиндрсимон шаклга эга ёки узунлиги бўйича 2-4 қисмга бўлиниб, учки қисми бироз торайган. Бўлакларнинг қалинлиги 0,5-1,5 (2) см, узунлиги 35 см гача. Кесилган хом ашёлар 3 дан 8 мм гача бўлган ўлчамдаги турли хил бўлаклардан иборат.
Хом ашёнинг намлиги 14% дан ошмаслиги керак, умумий кули 7% дан, шу жумладан 10% хлорид кислотада эримайдиган кули 0,5% дан, ёғочлашган илдиз қисми 3% дан, пўкак қисмидан яхши тозаланмаган илдизлар 3% дан, органик аралашмалар (бошқа заҳарли бўлмаган ўсимликларнинг қисмлари) 0,5% дан, минерал аралашмалар(тупроқ, қум, тошлар) 0,5% гача ошмаслиги керак.
Қуруқ, яхши ҳаво айланадиган хоналарда хом ашёни сақлаш керак. Илдизлари гигроскопик ва осон намланади. Яроқлилик муддати – 3 йил.
Гуллаш бошида йиғилган маданийлаштирилган гулхайрининг қуритилган ўти доривор гулхайри каби қисман тўкиладиган, тўлиқ ёки синган барглари ва гуллардан иборат.
Рақамли кўрсаткичлар: полисахаридларнинг таркиби камида 5%, тикланувчи шакарлар камида 2%, намлик 13% дан, умумий кул 18% дан, поялари 60% дан, мевалар 10% дан, органик аралашмалар (бошқа заҳарли бўлмаган ўсимликларнинг қисмлари) 1,5% дан ошмаслиги керак. Яроқлилик муддати – 5 йил.
Қуритиш. Хом-ашё юпқа бир қатламда ёйилиб, намликдан ҳимояланиши керак, акс ҳолда у қораяди, моғорлайди. Қуритиш ҳарорати 45-60 ° С. Қуритишни тугатиш илдизларнинг мўртлиги билан белгиланади. Хом ашёнинг қуруқ массаси 23-26% ни ташкил қилади.
Ташқи белгилари. Давлат стандарти ва XI ДФ га кўра, илдизлар қалинлиги 2 см гача бўлган пўкаклардан тозаланган, турли узунликдаги, юзадан луб толалари ажралиб чиққан бўлаклардан иборат. Синиқ жойларида хом ашё чангийди (крахмал). Ранги сарғиш кулранг. Ҳиди кучсиз, таъми ширин шилимшиқсимон. Қуруқ экстракти ва сиропини тайёрлаш учун тозаланмаган илдизлар учун ФС мавжуд. Ёғочлашган қисмларнинг аралашмада бўлиши хом ашё сифатини пасайтиради. Хом ашёнинг ҳақиқийлиги морфологик хусусиятлар, микрокимёвий реакциялар ва микроскопия билан тасдиқланади. Микроскоп остида илдиз кўкунида толалар, кальций оксалат друзлари, най толалари, крахмал доналари кўринади. ФС маълумотларига кўра, ўсимлик ёғочлашмаган, юмалоқсимон, кулранг-яшил, бахмалсимон, қалинлиги 8 мм дан ошмайдиган пояларга эга. Ҳиди кучсиз, таъми озгина шилимшиқсимон. Яроқлилик муддати 1 йил.

Кимёвий таркиби.

Қуруқ илдизларда 35% гача шилимшиқсиомн моддалар бор, уларнинг асосий таркибини полисахаридалар ташкил этади – пентозанлар ва гексозанлар, гидролиз қилинганда пентоза, галактоза ва декстрозага ажралади. Илдиз таркибида бундан ташқари 37% крахмал, 2% гача l-аспарагин, 8% сахароза, 11-16% пектин, 1,7% ёғли мойлар, бетаин, каротин, фитостеринлар, минерал моддалар, урон кислотаси, минерал тузлар бўлади.
Сақлаш. Фақат қуруқ жойда, гигроскопиклик белгиси бўлган қоп ёки тойларга солинган ҳолда сақланади. Яроқлилик муддати – 3 йил.
Тавсия этилган хавфсизлик чоралари. Ўсимлик ўсиш майдонлари қисқарганлиги учун йиғиш жараёнидан кейин уруғлар ковланган илдизларнинг ўрнига сепилади, униб чиққан туплардан баъзилари уруғ олиш учун қолдирилади. Ёш ўсимлик туплари ҳимоя қилинади.

Фармакологик хусусиятлари.

Гулхайри яллиғланишга қарши, ўраб олувчи, балғам кўчирувчи, йўталга қарши таъсирга эга.
Гулхайрининг шифобахш хусусиятлари полисахаридларнинг кўплиги билан боғлиқ, уларни сувли дамламада шишиши кузатилади, ҳажми ошиши ва шиллиқ пардалар ва терини ингичка қатлам билан қоплаши мумкин. Бу қатлам шиллиқ пардаларни зарарли омиллардан (совуқ ёки қуруқ ҳаво; озиқ-овқат таркибий қисмининг безовта қилувчи таъсири, қуриши) ҳимоя қилади. Бундан ташқари, шиллиқ-полисахарид комплекси зарарланган эпителий ҳужайралари томонидан чиқариладиган микроб, вирусли ва токсик маҳсулотларни адсорбция қилади, активлигини йўқотади, токсинларнинг шиллиқ қават билан ўзаро боғланишини олдини олади.
Бундай шиллиқ қават остида яллиғланиш жараёнининг фаоллиги пасаяди, зич ҳужайралар ва қобиқлар юмшатилади, эрозия ва яралар тезроқ битади. Гулхайри препаратлари муколитик хусусиятларга эга.
Доривор маҳсулотлари. Гулхайри илдизи бу шилимшиқсимон совуқ сувда дамлама шаклида, қуруқ экстракт, сироп, йўталга қарши тўплам сифатида ишлатилади. Доривор гулхайри ўсимлигининг ер устки қисмидан ажратиб олинган углеводлар аралашмасидан «Мукалтин» номли доривор препарат олинади.

Тиббиётда қўлланилиши. Арман гулхайри илдизи ташқи кўринишида доривор гулхайри илдизига ўхшайди, аммо синиқ жойларда кўпроқ толали бўлиши билан ажралиб туради. Ушбу турнинг илдизлари доривор гулхайри илдизидан ажратилган биологик фаол моддаларни сақлайди.
Гулайри нафас олиш ва овқат ҳазм қилиш органларининг касалликларида яллиғланишга қарши ва ўраб олувчи восита сифатида ишлатилади. Гулхайри сувли дамламаси ичга қабул қилинади, нафас олиш йўллари ва томоқ яллиғланиш касалликларида балғамни кўчиришда, тонзиллит, трахеит, стоматит, гингивит, глоссит касалликларида дамлама билан томоқ чайилади. Гулхайри препаратлари йўтални камайтиради, ўткир ва сурункали бронхит, пневмония, бронхоэктатит, туберкулёз, эмфизема, ўткир респиратор касалликларида балғам кўчиришини осонлаштиради.
Гулхайри илдизи эзофагит, гастрит, ошқозон яраси ва ўн икки бармоқли ичак яраси, энтероколит, озиқ-овқат токсикоинфекциялари ва дизентерия билан бирга ёрдамчи восита сифатида ишлатилади. Ўткир ошқозон-ичак касалликларида, айниқса, диарея билан кечадиган касалликларда, кўп миқдорда крахмал сақловчи шилимшиқли гулхайри дамламаси нафақат даволовчи, балки озиқа воситаси сифатида ҳам қўлланилади. Рентгенологик амалиётида ошқозон-ичак тракти шиллиқ қаватининг рельефини яхшироқ аниқлаш учун гулхайри илдизининг экстрактига барий кукунига қўшилади. Метаболизмни нормаллаштириш учун гулхайри дамламаси экзема, псориаз, нейродерматит, дерматит учун буюрилади.
Ташқи томондан, гулхайри илдизи дамламаси докага шимдирилиб, юмшатувчи сифатида ишлатилади.
1-сонли кўкрак қафаси касалликларига йиғма: гулхайри илдизлари ва оққалдирмоқ барглари 2 қисм, тоғрайхони 1 қисмдан олинади. Дамламани 1 ош қошиқ йиғмадан 200 мл сувда тайёрланади. Иссиқ ҳолда кунига 3-4 махал 1/2 стакандан ичилади.
2-сонли кўкрак қафаси касалликларига йиғма: гулхайри илдизлари 1 қисм, ширинмия илдизлари 1 қисм, андиз илдизлари 1 қисмдан олинади. 200 мл сувда йиғманинг 2 чой қошиғидан дамлама тайёрланади. Ҳар 3 соатда илиқ ҳолатда 1/2 стакандан ичилади.
Гул ва баргларнинг қайнатмасини аёллар сочлари учун ишлатади, чунки бу қайнатма сочларнинг ўсишни яхшилайди ва мустахкамлайди.

Фойдаланилган адабиётлар рўйхати:
1. Акопов И.Э. Важнейшие отечественные лекарственные растения и их применение. – Ташкент: Медицина, 1990. – 446 с.
2. Алимбаева П.К., Гончарова А.В. Дикорастущие лекарственные растения Киргизии. – Фрунзе: Илим, 1971. – 98 с.
3. Атлас ареалов и ресурсов лекарственных растений. – М.: ГУГК, 1983. – 340 с.
4. Биологические особенности и распространение перспективных лекарственных растений //Под редакцией Т.А.Адылова. – Ташкент: Фан, 1981. –158 с.
5. Биологически активные вещества растительного происхождения. Б.Н.Головкин, Р.Н.Руденская, И.А.Трофимова, А.И.Шретер – в 3 томах. М.: Изд-во Наука, 2001. – 764 с.
6. Борисова Н.А., Шретер А.И. К методике определения запасов и картирования ресурсов лекарственного растительного сырья // Раст. ресурсы. – Ленинград: Наука, 1966.– Т. 2. – Вып. 2. – C. 271-277.
7. Ботанико-фармакогностический словарь // Под ред. Блиновой К.Ф. – М.: Высшая школа, 1990. – 272 с.
8. Гаммерман А.Ф., Кадаев Г.Н., Янценко-Хмелевич А.А. Лекарственные растения (растения-целители). – М.: Высшая школа, 1984. – 400 с.
9. Гесь Д.К., Горбач Н.В. Лекарственные растения и их применение. – Минск: Наука и техника, 1977. – 552 с.
10. Государственная Фармакопея СССР // 11-е изд. – М.: Медицина, 1989. – 398 с.
11. Государственный реестр лекарственных средств. Официальное издание: в 2 т.- М.: Медицинский совет, 2009. – Т.2, ч.1 – 568 с.; ч.2 – 560 с.
12. Лесиовская Е.Е., Пастушенков Л.В. Фармакотерапия с основами фитотерапии. Учебное пособие. – М.: ГЭОТАР-МЕД, 2003. – 592 .
13. Палов М. Энциклопедия лекарственных растений. Под ред. канд. биол. наук И.А.Губанова. – М.: Мир, 1998. – 467 с.
14. Растительные лекарственные средства Абу Али ибн Сино (Авицены). Справочник // Под редакцией Ш.Б.Иргашева. – Ташкент: Абу Али ибн Сино, 2003. – 457 с.
15. Соколов С.Я., Замотаев И.П. Справочник по лекарственным растениям (фитотерапия). – М.: VITA, 1993. – 438 с.
16. Турова А.Д. Лекарственные растения СССР и их применение. М.: Медицина. 1974. – 426 с.
17. Фитотерапия с основами клинической фармакологии. Под ред. В.Г. Кукеса. – М.: Медицина, 1999. – 192 с.
18. Хожиматов К.Х., Хожиматов О.К., Собиров У.А. Сборник правил пользования объектами лекарственных, пищевых и технических растений. Ташкент: «Янги аср авлоди», 2009. – 171 с.
19. Чиков П.С. Лекарственные растения. М.: Медицина, 2002. –496 с.
20. www.ipni.org
21. http://www.bestbees.ru/
22. https://www.greeninfo.ru/
23. http://lektrava.ru/
24. http://manual-plants.com.ua/section/opisanie-rasteniy
25. http://pharmspravka.ru/
26. http://www.fito.nnov.ru/
27. http://n-retsept.ru/
28. www.plantarium.ru
29. http://www.plantsoftheworldonline.org/?q=Althaea%20armeniaca
30. http://phytum.com/
31. http://www.theplantlist.org/
32. http://www.u-lekar.ru/
33. http://100trav.su/
34. https://farmf.ru/prochee/prochee-farmakognoziya/altej-lekarstvennyj-althaea-officinalis/
35. https://medqueen.com/medicina/netradicionnaya-medicina/netradicionnaya-medicina-statya/636-altey-armyanskiy-althaea-armeniaca.html
36. https://znaniemed.ru/растение/алтей-армянский