




Бўтакўз
Centaurea cyanus L.
Identifier
CSTR: UZ113.45.PL.Centaurea.cyanus.IBUz.00065
Ўсимлик тавсифи.
Бўтакўз – бу Asteraceae оиласига мансуб бир ёки икки йиллик ўт ўсимлик, юпқа ўқ илдизи билан. Пояси 100 см баландлигида, тик турувчи, шохланган, тутамли-тўрсимон. Пастки барглар эрта қурийди, патсимон-бўлакли, бандларда, ўрта ва юқори барглари – чизиқли, бутун қиррали, ўтроқ. Гул саватчалар йирик, якка, пояси ва новдаларининг учида жойлашади. Саватчанинг четки гуллари ёрқин кўк (камдан-кам оқ ёки пушти), қияворонкасимон, уруғсиз, ўртадаги – найчасимон, кўк-бинафша, икки жинсли. Меваси кулранг ёки сарғиш-кулранг, пистачаси бироз тукли, кўп қаторли попукка эга. Ҳар бир ўсимлик 2500 тагача уруғ беради. Июнь – сентябрь ойларида гуллайди, мевалар август – октябрь ойларида пишади.
Фақат уруғлари билан кўпаяди.
Ўсиш жойи.Тарқалиши.
У асосан МДҲнинг европа ҳудудидаги ўрта ва шимолий қисмида ва Ғарбий Сибирда ўсади. У кўпинча қишлоқ хўжалик экинларида, айниқса, кузги жавдарда, ўрмонларда, ташландиқ ерларда ва яхши ишлов берилмаган ерларда бегона ўт сифатида ўсади. Бўтакўз гуллари қумли ва қумоқли тупроқларни афзал кўради, аммо оғир гилли тупроқларда ҳам ўсади. Ўзбекистонда у гулзорларда манзарали ўсимлик сифатида ўстирилади.
Хом ашёни йиғиш ва унинг сифати.
Бўтакўз гулининг четки кўк гуллари доривор хом ашё ҳисобланади. Тўлиқ очилган гуллар хом ашё учун йиғилади. Бунинг учун гул саватчалари кесилади ёки узилади, кейин четки воронкасимон кўк гуллари узиб олинади, бунда ички найчасимон гулларни ҳам узмасликка ҳаракат қилиш керак. Улар қанчалик кам бўлса, хом ашёнинг сифати шунчалик яхши бўлади. Йиғилган хом ашё ажратилади, гулўрни, ички найчасимон ва хиралашган четки гуллари, шунингдек, бошқа аралашмалар олиб ташланади ва зудлик билан иссиқ, қоронғи хонада қуритилади (нурда, гуллар ранги тез ўчади ва хом ашё сифатсиз бўлиб қолади). Усти ёпиқ айвонлар остида уни тоза қоғозга юпқа қатламга ёйиб ёки қуритгичларда 40-50° С ҳароратда қуритиш тавсия этилади. Хом ашё сифатига қўйиладиган талаблар ХI ДФ да белгиланган ва қуйида келтирилган.
Ташқи белгилар. Четки ва ўртадаги гулларининг аралашмаси. Четки гуллари жинссиз, воронкасимон, узунлиги 2 см гача, гултожисимон, шакли қийшиқ, бўкилган жойининг бўлаклари 5-8 та гача чуқур кесилган ланцетсимон ва найчали асосининг узунлиги 6 мм гача бўлади. Ўртадаги гуллари – икки жинсли, найчасимон, узунлиги тахминан 1 см, 5 та текис тиш билан тугайди, ўртасидан асосига томон торайиб боради. Чангчилари 5 та, эркин дағал иплари ва қўшилиб ўсган чангдонларга эга. Уруғчиси пастки тугунчали. Четки гулларнинг ранги кўк, асосида рангсиз, ўртадаги – кўк-бинафша рангга эга. Ҳиди кучсиз. Таъми бироз хушбўй.
Микроскопия. Четки гулларининг эпидерма ҳужайралари икки томонга чўзилган, учлари ўткир ва деворлари эгри-бугри. Гулнинг найчасимон қисмида ҳужайра деворлари тўғри ёки бироз тўлқинсимон. Найчанинг тўқималарида кўплаб кальций оксалатнинг призматик кристаллари мавжуд. Найчасимон гулларнинг эпидермасининг тузилиши ўхшаш, аммо ҳужайралари кичикроқ ўлчамли. Овал шаклидаги чанг доналари учрайди.
Рақамли кўрсаткичлар.
Антоцианлар миқдорини цианидинга ўтказганда – 3,5-дигликозид 0,6% дан кам бўлмаслиги керак, намлик 14% дан, умумий кули 8% дан, хлорид кислотасининг 10% эритмасида эримайдиган кули 1% дан , гул саватчалари 1% дан, табиий рангини йўқотган гуллар 10% дан, органик аралашма 0,5% дан, минерал аралашма 0,5% дан ошмаслиги керак.
Миқдорини аниқлаш. Хом ашёнинг аналитик намунаси диаметри 1 мм бўлган тешиклари бўлган элакдан ўтадиган қисмларга майдаланади. Майдаланган хом ашёнинг тахминан 0,3 г (аниқ тортилади) ҳажми 250 мл ҳажмдаги колбаларга жойлаштирилади, 1% ли хлорид кислотасининг 100 мл эритмаси қўшилади, колба сув ҳаммомида 15 дақиқа давомида 40-45°C ҳароратда ушланади. Экстракт пахта ёрдамида 250 мл ҳажмли колбага сузгичдан ўтказилади. Пахта хом ашёси билан яна колбага солинади, 1% ли хлорид кислотасининг 100 мл эритмаси қўшилади, олдиндан хом ашё қисмларини воронкадан колбага ювиб солинади ва экстракция юқорида айтилганидек такрорланади. Кейин колбадаги эритма пахта ёрдамида ўша ҳажмли колбага сузгичдан ўтказилади. Сузғичдаги хом ашё 1% хлорид кислотасининг 40 мл эритмаси билан ювилади. Фильтрат совутилгандан сўнг, олиб ташланган хом ашё ҳажмининг ўрнини 1% хлорид кислотаси эритмаси билан белгига келтирилади. Дастлабки 10 мл эритма тўкиб ташланиб, олинган экстракт қоғоз сузғичдан сиғими 250 мл бўлган колбага ўтказилади ва фильтратнинг оптик зичлигини қаватининг қалинли 10 мм бўлган кюветада 510 нм тўлқин узунлигида спектрофотометрда ўлчанади. Таққослаш эритмаси сифатида 1% хлорид кислота эритмаси ишлатилади.
Қадоқлаш. Мато қопларида ёки зиғир-жут-кенаф қопларида вазни 20 кг дан ошмаслиги керак. Бўтакўз гуллари 50 г дан II типдаги қоғоз пакетларига қадоқланиб, уларни картон қутиларга жойлаштирилади. Яроқлилик муддати 2 йил. Сийдик ҳайдовчи восита ҳисобланади.
Кимёвий таркиби.
Бўтакўз гуллари таркибида цикориин, цитаурин гликозидлари, гулларни кўк рангга бўяйдиган бўёқли моддалар (цианин), пеларгонин хлорид, шилимшиқ, танинлар ва бошқа бирикмалар мавжуд. Ўсимлик ўти таркибида полиацетилен аралашмалари (полиинлар), полиенлар, ва меваларда алкалоидлар ҳамда 28 %гача ярим қуритилган ёғли мой мавжуд.
Тиббиётда қўлланилиши.
Бўтакўз гулларининг таркибидаги аницианлар туфайли уларнинг галеник препаратлари диуретик хусусиятларга эга. Бундан ташқари, бўтакўз гуллари яллиғланишга қарши, антимикроб ва бироз ўт ҳайдовчи хусусиятларга эга. Ўсимлик таркибидаги аччиқлик овқат ҳазм қилиш функциясини яхшилайди. Шунингдек, бўтакўз гуллари антиспазмолик, тер чиқарувчи, тоник ва бириктирувчи хусусиятларга эга.
Гулларнинг дамламалари ва қайнатмалари – буйрак ва сийдик йўлларининг сурункали яллиғланиш касалликлари, буйраклар ва юрак-қон томир тизими касалликлари билан боғлиқ бўлган комплекс даволашда қўлланилади. Сийдик ҳайдовчи йиғмалар сифатида – буйрак тоши, пиелит, цистит, уретрит, нефроз касалликларда тавсия этилади. Бундан ташқари, бўтакўз гуллари конъюнктивит, блефарит учун, кўриш аппарати чарчоғи кучайганда, шунингдек, яллиғланишга қарши ва дезинфекциялаш воситаси сифатида ишлатилади. Шунингдек, уларни жигар ва ўт йўллари, ўт секрецияси бузилганда қўллаш мумкин.
Ошқозон-ичак тракти касалликларида ишлатиладиган турли хил йиғмалар таркибига киради.
Халқ табобатида дамламаси – йўтал, кўклюш, нефрит, бачадондан қон кетиши, ошқозон-ичак тракти касалликлари, асаб тизими, тунги кўрлик учун ишлатилади.
Фойдаланилган адабиётлар рўйхати:
1. Акопов И.Э. Важнейшие отечественные лекарственные растения и их применение. – Ташкент: Медицина, 1990. – 446 с.
2. Атлас ареалов и ресурсов лекарственных растений. – М.: ГУГК, 1983. – 340 с.
3. Ботанико-фармакогностический словарь // Под ред. Блиновой К.Ф. – М.: Высшая школа, 1990. – 272 с.
4. Гаммерман А.Ф., Кадаев Г.Н., Янценко-Хмелевич А.А. Лекарственные растения (растения-целители). – М.: Высшая школа, 1984. – 400 с.
5. Гесь Д.К. Горбач Н.В. Лекарственные растения и их применение. – Минск: Наука и техника, 1977. – 552 с.
6. Государственная Фармакопея СССР // 11-е изд. – М.: Медицина, 1989. – 398 с.
7. Государственный реестр лекарственных средств. Официальное издание: в 2 т.- М.: Медицинский совет, 2009. – Т.2, ч.1 – 568 с.; ч.2. – 560 с.
8. Хожиматов К.Х., Хожиматов О.К. Собиров У.А. Сборник правил пользования объектами лекарственных, пищевых и технических растений. Ташкент: «Янги аср авлоди», 2009. – 171 с.
9. www.ipni.org
10. https://www.greeninfo.ru
11. http://lektrava.ru
12. http://manual-plants.com.ua/section/opisanie-rasteniy
13. http://pharmspravka.ru
14. http://www.fito.nnov.ru
15. http://n-retsept.ru
16. www.plantarium.ru
17. http://www.plantsoftheworldonline.org/taxon/urn:lsid:ipni.org:names:190310-1
18. http://www.theplantlist.org/
19. http://www.u-lekar.ru/
20. http://100trav.su/
21. https://lektrava.ru/encyclopedia/vasilek-siniy/
22. http://www.fito.nnov.ru/special/glycozides/flavo/centaurea_cyanus/
23.http://www.floraprice.ru/articles/sad/leto-lug-v-cvetax-i-vasilki-v-buketax%85.html
24. https://www.webapteka.ru/drugbase/name63917.html
https://cstr.cn/UZ113.45.PL.Centaurea.cyanus.IBUz.00065


РУ