Солаб 
Dactylorhiza incarnata subsp. cilicica (Klinge) H.Sund.

Identifier

CSTR: UZ113.45.PL.Dactylorhiza.incanta.subsp.cilica.IBUz.00005

Ўсимлик тавсифи. 

Солаб Orchidaceae оиласига мансуб кўп йиллик ўсимлик ҳисобланади. Тугунаклари 1-6 та бармоқсимон бўлинган узун ўсимталарга эга, ён томондан кучли сиқилган. Поянинг бўйи 30-40(45) см, тик турувчи, анча йўғон, ичи ғовак бўлади. Барглар сони одатда 6-7 та ланцетсимон ёки чизиқли-ланцетсимон, ўткирлашган ёки тўмтоқ, тик-эгилган ёки эгилган, пастки барглари узунлиги 10-20 см, эни 2-2,5 см, ўрта ёки пастки қисми кўпроқ кенгайган, барча барглар қисман оралари очиқ жойлашган, одатда узунасига букилган, юқоригилари ингичкароқ, одатда тўпгулнинг асосига етиб бормайди. Тўпгулларининг узунлиги 5-15 см, чўзилган-цилиндирсимон ёки чўзинчоқ-тухумсимон, қалин ёки сийрак қопланган.
Гулёнбарглари чизиқли-ланцетсимон, ўткирлашган, тўғри ёки қисман эгилган, пасткилари гуллардан икки баровар узун. Гуллари бинафша-сиёҳранг. Гулқўрғоннинг ташқи барглари тухумсимон-ланцет, тўмтоқ, узунлиги 7-9 см, эни 2-3 мм, ёнлари тенг бўлмаган, ичкиларининг узунлиги 5,5-6 мм, асосида эни 2 мм, деярли тик турувчи, ташқи ўртадагилар билан деярли бир хил узунликда. Гул лаблари эни 9-10 мм, узунлиги 7-8 мм, ромсимон-юмалоқ ёки юмалоқ-тескари юраксимон ёки овалсимон, одатда ингичка понасимон, аста-секин кенгайган, одатда бўйидан эни кенгроқ, камроқ ҳолларда чўзилган, деярли бутун ёки ноаниқ бўлакли, асосида улардан ташқарига қараб узун чизиқли қора доғли сиёҳ рангдаги нақши бор; ён бўлаклари юмалоқ, бутун, камроқ тишсимон, ўрта бўлакчаси қисқа тумтоқ-юмалоқлашган ёки чўзилган. Пихи цилиндирсимон, озгина эгилган, тўмтоқ, узунлиги 10-11 мм, лабчасидан узунроқ, одатда тугунчага тенг. Май ойидан июль ойининг охиригача гуллайди.

Ўсиш жойи.Тарқалиши.

Ўсимлик нам ботқоқли ерларда, ўтлоқларда, ўтлоқлар, дарё ирмоқлари, дарё қирғоқлари, дарё бошлари ва водийларда, тўқайзорларда, намлик юқори бўлган қияликлар ва жарликларда, ариқ бўйларидаги бутазорларда, толзорларда денгиз сатҳидан 700-2800 м баландликда учрайди. Тошкент, Қашқадарё ва Самарқанд вилоятларида тарқалган. Ареали. Ўрта Осиё (Жунгар Олойи, Тиён-Шон, Помир Олой).

Хом ашёни йиғиш ва унинг сифати.

Доривор хом ашё сифатида қуриган ҳолатида солаб деб номланувчи тугунаклари ҳисобланади. Ўсимлик туганагини гуллаш вақтининг охирида ёки гул пихи тўкилиб кетмасдан гуллаш жараёни тугагандан кейин йиғиб олинади. Қазиб олинган туганаклар тупроқдан тозаланади, тезда яхшилаб совуқ сувда ювилади ва 1-2 дақиқа давомида қайноқ сувда ботирилади, бу қуритиш вақтида тугунакларни ўсиб кетишини олдини олади. Хом ашёлар сояда ёки қуритгичда 50°C ҳароратда қуритилади. Тайёр хом ашё – яхши қуритилган тугунаклар, зич, оғир, бироз шаффоф; таъмсиз ва ҳидсиз, сарғиш-оқ ёки оқ-кулранг кўринишида бўлади.

Кимёвий таркиби.

Тугунакларда тахминан 50% шилимшиқ моддалар, 27% крахмал, 5% оқсил моддалар таркибида, шакар, шовул нордон кальцийси ва минерал тузлар мавжуд.

Тиббиётда қўлланилиши.

 Замонавий тиббиётда ёш тугунаклари ошқозон ичак касалликлари, нафас йўлларининг ўткир ва сурункали касалликлари, сурункали ва ўткир бронхит, гастроэнтерит, энтерит, диарея, айниқса болаларда дизентерия, сийдик пуфаги яллиғланиши, арйим заҳарлар билан заҳарланиш ҳолатларида қўлланилади. Ёш илдиз тугунаклари оғир касалликлардан кейин, кучли ташвишланиш, қарилик ҳолсизлиги, сил касаллиги билан оғриган беморларга ва кучли қон кетишда тикловчи восита сифатида ҳам қўлланилади. Солаб айниқса, ичак фаолияти бузилган болаларга ўсимлиги жуда фойдалидир. Солабнинг сувли эмульсиясини диарея, шу жумладан, дизентерияда клизмаларда кенг қўлланилади. Эмульсия таркибига зиғир уруғидан тайёрланган қайнатма қўшилади (1 чой қошиқ зиғир уруғи 1 стакан қайноқ сувга).
Шарқ мамлакатларида солаб ўсимлигининг тугунаклари соғлиқни тиклаш учун кучли заифлик, эркаклар бепуштлигида ишлатилади. Халқ табобатида тугунакларидан олинган кукун жинсий заифлик, сил касаллиги, қариликда қувватни сақлаш ва кучли қон кетиш, руҳий шикастланишда; ошқозон касалликлари, диарея, дизентерия, ошқозон ва ўн икки бармоқли ичак яралари, ярали колитлар, дистрофия, юқори нафас йўллари катари, оғиз бўшлиғи ва томоқ яллиғланиши касалликлари, ошқозон-ичак тракти тўқималарини овқат ва бошқа заҳарланишлар натижасида яллиғланганда шилимшиқ билан даволашда қўлланилади. Диареяда яхши натижа олиш учун солаб эритмасига зиғир уруғининг 1/10 қисми қўшиб, клизма қилинади.
Халқ табобатида қўлланиладиган рецептлар. Солаб кукунини сифатини текшириш учун 1 қисми 100 қисм сувга солиб қайнатилади; қуюқ ва деярли рангсиз шилимшиқ олинади; суюқлик совутилгач унга бир неча томчи йод томизилса, шилимшиқ кўк рангга киради. Қўллашдан олдин тугунак кукун ҳолатигача майдаланади, олдин 10 қисм совутиб қайнатилган сувда эритилади, сўнгра 90 қисм қайнатилган сув (ёки иссиқ сут) қўшилади, аралашма суюқ қаймоқ ҳолатига келгунча аралаштирилади. Қувватсиз инсонларга сувда ёки асал билан сутга қўшиб, суткалик дозаси 40 г дан ичилади. Солаб ўсимлиги бундан ташқари шилимшиқ ҳолатида ҳам қўлланилади, у қуйидагича тайёрланади: туганаклари майдаланиб, устига бир стакан иссиқ сувга 2 г қуритилган тугунак қўшилади (ҳарорати 50-60°C), дамлама 10-15 минут аралаштирилади. Дамлама салқин жойда 2-3 кунгача сақланади, аммо уни тайёрлагандан сўнг дарров ичиш учун ошқозон ва ичак касалликларида оч қоринга 1 ош қошиқдан кунига 4-5 марта ичилади.
Бронхит касаллигида овқатдан олдин ва кейин 1 чой қошиқда ичилади. Тайёр бўлган желатинсимон моддани бутқа, шўрва, сут ва бошқа маҳсулотлар билан барча касалликларда истеъмол қилиш фойдалидир. Масса таъмсиз ва ҳидсиз бўлади. Болалар учун дозани уларнинг ёшига қараб камайтириш зарур.
Дамламаси: 1 чой қошиқ майдаланган тугунакка бир стакан қайноқ сув қўшиб, 15 дақиқага қолдирилади, иссиқ жойда вақти-вақти билан аралаштирилади; дамламани иссиқ ҳолатда ичилади. Болаларга ич кетишда совутилган ҳолатда истеъмол қилинади.
Қайнатма: 200 мл сувга 3-10 г тугунак кукуни; 1-2 ош қошиқдан кунига 3-4 марта ичилади.
Клизма: 2 стакан қайноқ сувга 2 чой қошиқ солаб солиб (олдин кукун совуқ сувга буктирилади), чой қошиқнинг 1/4 қисмига тенг миқдорда эзилган зиғир уруғи қўшилади.

Фойдаланилган адабиетлар руйхати:

1. Акопов И.Э. Важнейшие отечественные лекарственные растения и их применение. – Ташкент: Медицина, 1990. – 446 с.
2. Алимбаева П.К., Гончарова А.В. Дикорастущие лекарственные растения Киргизии. – Фрунзе: Илим, 1971. – 98 с.
3. Атлас ареалов и ресурсов лекарственных растений. – М.: ГУГК, 1983. – 340 с.
4. Растительные лекарственные средства Абу Али ибн Сино (Авицены). Справочник // Под редакцией Ш.Б.Иргашева. – Ташкент: Абу Али ибн Сино, 2003. – 457 с.
5. Хожиматов К.Х., Хожиматов О.К., Собиров У.А. Сборник правил пользования объектами лекарственных, пищевых и технических растений. Ташкент: «Янги аср авлоди», 2009. – 171 с.
6. H. Kiziltas S. Ekin, D. Yildiz, S.M. Pinar. Evaluation of Antioxidant Properties, Trace Element and Mineral Composition of Dactylorhiza umbrosa (Kar. & Kir.) Nevski (Orchidaceae) // Journal of the Institute of Science and Technology, 2019. 9(4). – Р. 2148-2156. DOI: 10.21597/jist.532647
7. www.ipni.org
8. https://www.greeninfo.ru
9. http://lektrava.ru
10. http://manual-plants.com.ua/section/opisanie-rasteniy
11. http://pharmspravka.ru
12. http://www.fito.nnov.ru
13. http://n-retsept.ru
14. www.plantarium.ru
15. http://www.theplantlist.org/
16. http://www.u-lekar.ru/
17. http://100trav.su/
18. https://travoedov.ru/rasteniya/yatryshnik
19. https://healthperfect.ru/yatryshnik-foto-lechebnye-svoystva.html
20. https://felisov-ru.turbopages.org/s/felisov.ru/komnatnye-rasteniya/yatryshnik-pyatnistyj-foto.html

Khojimatov et al, 2024. Dactylorhiza incarnata subsp. cilicica (Klinge) H.Sund. Солаб
https://cstr.cn/UZ113.45.PL.Dactylorhiza.incanta.subsp.cilica.IBUz.00005