









Исириқ
Peganum harmala L.
Identifier
CSTR: UZ113.45.PL.Peganum.harmala.IBUz.00004
Ўсимлик тавсифи.
Исириқ – бу Nitrariaceae оиласининг кўп йиллик ўти ҳисобланади, кучли ўзига хос ҳидга эга, баландлиги 40-70 см. Илдизи кўп бошли, ёғочланган, қалин (диаметри 3-5 см), тупроққа 5 м гача чуқурликка кириб боради. Поялар шохланган, эгри-бугри, силлиқ, зич баргли. Барглар ўтроқ, кетма-кет, узунлиги 4-5 см, эни 5-6 см, асосигача учга бўлинган, бўлаклари ҳам чизиқли бўлакларга бўлинади. Ёнбарглари баргсимон, ланцетсимон-бигизсимон. Гуллари кўп сонли, оқ, поялар ва новдаларнинг юқори қисмида жойлашган. Меваси уч ҳужайрали яссиланган кўсак, диаметри 0,6-1 см, кўп сонли уруғлардан иборат.
Май-июль ойларида гуллайди, мевалари июнь охиридан августгача пишади.
Ўсиш жойи. Тарқалиши.
Ўзбекистон ҳудудида кенг тарқалган исириқ ҳамма жойда ўсади, кўпинча зич ўсиш майдонларини ташкил қилади.
Баъзи бир йирик ўсимликларнинг поялар 150 тани ташкил этади, уларнинг диаметри 100-150 см гача бўлади. Ер усти қисмлари март охирида ва апрелда интенсив ўсади. Гуллаш апрел-май ойларида бошланади. Ўсиш мавсуми август ойида тугайди, баъзида у кузги совуққа қадар давом этади.
Бу рудерал ўсимлик адир, чўл ва паст тоғ минтақаларида чорва моллари боқилиши натижасида ўтлоқ ва яйловларни қаттиқ зарарлайди. Текисли тоғ этакларидаги чўлларда тоғолди қияликларида, қумли, қумлоқли, гилли, шўртобли ва шўрланган майда шағалли тупроқларда ўсади. Майда заррали қияликлар ва чўл дарё водийлари бўйлаб у тоғларга кўтарилади. Бегона ўт сифатида исириқ чўлда аҳоли яшаш жойлари ва қудуқлар яқинида кенг тарқалган. У кўпинча эски экин майдонларидаги воҳаларда, лалми ерларда, камроқ донли экинларнинг суғориладиган экинларида, шунингдек, полиз, узумзор ва беда экинларида учрайди. Ўзбекистоннинг яримчўл ва чўл зоналарида исириқ кенг тарқалиши табиий экологик омиллар – тупроқ шароитлари ва ҳосил бўлган ўсимлик жамоаларининг тузилишига эмас, балки табиий ландшафтни антропоген трансформациясига боғлиқ. Шу муносабат билан бу ерларда турдан биринчи навбатда, ҳудудда ортиқча молларни боқилиши натижасида табиий жамоаларга ҳаддан ташқари антропоген босим таъсирини кўрсатувчи индикатор сифатида фойдаланиш мумкин.
Хом ашёни йиғиш ва унинг сифати.
Ўсимликлар (поялари, барглари, гуллари) ўти, уруғлари ва илдизлари доривор хом ашё сифатида ишлатилади. Гуллаш бошлаганда (апрел ва май ойининг бошларида) дағал қисмларидан ажратилиб ўсимлик ўти йиғиб олинади. Чордоқларда темир томнинг остида ёки яхши ҳаво айланадиган айвонларда қуритилади. 2 йил сақланилади. Илдизлари май – июль ойларида йиғиб олинади. Кўсаклари очила бошлаганда уруғлари йиғиб олинади. Матога ёйилиб яхши ҳаво айланадиган айвон остида ёки қуёшда қуритилади, сўнг ўтларни майдалаб, уруғлари ажратилади. Ўсимликларнинг нормал ўсиши ва тикланиши учун битта жойдаги табиий майдонлардан хом ашёни 1-2 йил оралиқда йиғиб олиш керак.
Вақтинчалик фармакопея мақоласига ВФС 42-879-79 биноан, исириқ хом ашёси бу ғунчалаш даврида йиғилган йирик кесилган ва қуритилган ўсимликнинг ўтидир.
Алкалоидлар йиғиндисининг миқдорий таркиби ўсимликнинг географик ўсиш жойига боғлиқ. Шунингдек, ёш илдизларда алкалоидлардан гармин етук тупларга қараганда икки баравар кўплиги аниқланган.
Ер усти қисмида ўсимлик ўсиши билан алкалоидлар миқдори ва пеганиннинг фоизи камаяди, аммо гармин миқдори ортади.
Хом ашё таркибида камида 1,5% алкалоид миқдори бўлиши керак, қуритиш пайтида массани 12% гача нобуд бўлишига йўл қўйилади, умумий кули 18% дан ошмаслиги керак; узунлиги 80 мм поялари 10% дан, ўтган йилга кулрангли пояларининг бўлаклари 5% дан, тешиклар диометри 0,155 мм бўлган элакдан ўтадиган зарралари 5% дан, органик аралашмалар (бошқа заҳарли бўлмаган ўсимликларнинг қисмлари) 4% дан, минерал аралашмалар (тупроқ, қум, тошлар) 2% дан ошмаслиги керак. Хом ашё соф оғирлиги 20 кг дан ошмайдиган қопларга солинади. Хом ашёнинг яроқлилик муддати – 2 йил.
Кимёвий таркиби.
Исириқнинг уруғларида алкалоидлар 3,5-6% ни миқдорини ташкил қилади, уларнинг 60% – гармалин, 30% га яқин гармин ва оз миқдордаги гармалол, пеганин ва деоксивазицинон. Ўсимлик ўтининг таркибида 1,5-3% алкалоид мавжуд бўлиб, улардан 60% пеганин (вазицин) ва вазицинон мавжуд. Ўсимликда оз миқдорда бошқа алкалоидлар ҳам учрайди: пеганидин, пегамин, дезоксипеганин, дезоксипеганидин, пеганол. Илдизларида 2,15-2,70% алкалоид мавжуд. Илдизнинг асосий алкалоиди – бу гармин; шунингдек, вазицин ва вазицинонни сақлайди. Уруғларида, шунингдек, бўёқлар ва 14,25% ёғли мой мавжуд.
Фармакологик хусусиятлари. Исириқ алкалоидлари силлиқ ва кўндаланг-тарғил (шу жумладан юрак) мушакларига тинчлантирувчи таъсир этади. Гармин психосоматик таъсирга эга, эйфория, визуал галлюцинациялар, аутометаморфопсия ва оптик-вестибуляр ҳодисаларни (танани бўшаши ва тебраниш ҳисси; атрофдаги нарсаларнинг чайқалиши) келтириб чиқаради.
Ўсимлик таркибидаги гармин бош мия пўстлоғининг ҳаракатланиш марказларини (камфара каби) ва марказий асаб тизимини қўзғатади, қон босимини пасайтиради, нафас олишни тезлаштиради, ичак, бачадон, юрак мушакларини бўшаштиради ва периферик томирларни кенгайтиради. Аммо катта дозаларда бу тутқаноқни келтириб чиқариши мумкин.
Алкалоид пеганин (пеганин гидрохлориди) антихолинэстераза воситаси сифатида таъсирга эга, яъни бачадон ва ичакларнинг силлиқ мушакларини стимуллаштиради, ўт ажралиб чиқишини кўпайтиради, бронхоспастик таъсир кўрсатади, юракка салбий инотроп таъсир кўрсатади ва юрак томирларида қон миқдорини камайтиради, шунингдек, ич қотиши ва ичак атониясини даволашда ич ҳайдовчи восита сифатида ишлатилади.
Тиббиётда қўлланилиши.
Тиббий мақсадлар учун камроқ исириқ уруғлари, кўпинча ўсимлик ўти ишлатилади. Исириқдан келиб чиққан ҳолда, деоксипеганин гидрохлориди антихолинестераза хусусиятларига эга ва миопатия ва миастенияни турли шаклларини даволашда, шунингдек, сурункали ич қотиши ва келиб чиқиши турлича бўлган ичак атонияларида даволовчи восита сифатида ишлатилади. Исириқ уруғлари таркибидаги гарминдан эпидемик энцефалит, титровчи фалаж ва Паркинсон касалликларининг асоратларини даволашда фойдаланилади.
Халқ табобатида исириқ ўсимлигининг дамлама ва қайнатмалари марказий асаб тизимини қўзғатувчи, тинчлантирувчи, оғриқ қолдирувчи, яллиғланишга қарши, стимулловчи, антигельминтик, антисептик, терлатувчи ва сийдик ҳайдовчи сифатида ишлатилади.
Косметологияда қўлланилиши. Сочларнинг оқаришини олдини олиш учун уларни майдаланган ва ивитилган ўсимлик уруғлари билан ювилади. Уруғлар яхши кўпикланади ва кўпинча совун ўрнига ишлатилади. Ҳуснбузар ва тошмалардан халос бўлиш учун концентрланган дамламадан фойдаланилади.
Умумий қарши кўрсатмалар. Заҳарли ўсимлик. Барглар ва уруғлари энг заҳарли ҳисобланади. Исириқ препаратларини қўллаш эҳтиёткорлик талаб қилади. Катта дозаларда наркотик модда каби таъсир қилади: у тутқаноқ ва галлюцинацияларни келтириб чиқаради, шунингдек, тана ҳароратини пасайтиради ва қон босими кўтарилиши, кўп миқдорда тупук ажралиши ва нафас олиш бузилиши билан (тўлиқ тўхташгача) боғлиқ мушакларнинг тиришиши ва беихтиёр қисқариб бўшашишини келтириб чиқаради.
Бундай ҳолда, ошқозонни фаоллаштирилган углероднинг сувли суспензия ёки 0,1% калий перманганат эритмаси билан билан ювиш керак, шўрли эритмаси ич сурувчи сифатида кўрсатилади, керак бўлган ҳолларда сунъий нафас берилади. Психотик ҳолатни тўхтатиш учун аминазин (тана вазнига 0,5–3 мг/кг) ишлатилади. Кейинги даволаниш симптоматик ҳисобланади.
Хўжаликда исириқдан фойдаланиш. Гармолол алкалоиди туфайли ўсимликдан ёрқин қизил бўёқ олинади. Туркияда феска – миллий бош кийимни бўяш учун ишлатилган, шунинг учун исириқ «турк бўёғи» деб номланган.
Халқ ветеринария тиббиётида ўсимлик ўтларнинг дамламаси уй ҳайвонларида қичималарни муваффақиятли даволайди. Исириқ инсектицид таъсирга эга, қишлоқ хўжалиги ўсимликларининг зараркунандаларига қарши курашда ижобий натижалари кўрсатган.
Тутатиш шаклида исириқ хушбўй смола – ладан ёки арча каби, ҳавони тозалаш ва хоналарда микробларни ўлдириш учун ишлатилади. Бунинг учун ўсимликнинг қуритилган уруғлик кўсаклари шаклланиб бўлган юқори қисми ишлатилади. Баъзида майдаланган қуруқ барглар ва уруғлар ишлатилади, улар кўмир устига ташланади.
Исириқ ўтининг дамламаси: 1 стакан қайноқ сувда 1 чой қошиқ қуруқ майдаланган ўти дамланади, дам олдирилади, 2 соат ўраб қўйилади, сузгичдан ўтказилади. Шамоллаш ва малярияда 1 ош қошиқдан кунига 3-4 марта овқатдан 20 дақиқа олдин ичилади. Исириқ ўтининг 1% ва 10% дамламаси фармакологик тадқиқотлар шуни кўрсатдики, ушбу дорилар стафилококка қарши фаолликка эга.
Исириқ ўтининг қайнатмаси: 1 стакан қайноқ сувга 1 чой қошиқ қуруқ майдаланган ўти солинади, ёпиқ идишда 30 дақиқа давомида қайноқ сув ҳаммомида дамланади, хона ҳароратида 10 дақиқа совутилади, сузгичдан ўтказилади.Чайиш учун ишлатилади. 1% ли қайнатмаси ва 0,25% ли пеганин эритмаси микробларга қарши жуда кучли таъсирга эга.
Исириқ уруғи ва зиғир уруғини дамламаси: 1 қисм исириқ уруғи ва 3 қисм зиғир уруғи аралаштирилади, 1 стакан қайноқ сув билан 1 ош қошиқ аралашма дамланади, ёпиқ идишда 30 дақиқа давомида қайноқ сув ҳаммомида дамлаб, хона ҳароратида 10 дақиқа совутилади, сузгичдан ўтказилади. 1 ош қошиқдан кунига 3-4 марта бронхиал астма, нафас қисиши, ревматизмда тинчлантирувчи, ўт ҳайдовчи, сийдик ҳайдовчи ва терлатувчи сифатида овқатдан 30 дақиқа олдин очилади.
Исириқ ўти экстракти: қуруқ ўтига 96% спиртдан 1:1 нисбатда қуйилади, 21 кунга қолдирилади, сузгичдан ўтказилади. Энцефалитли Паркинсонда, фалаж, энцефаломастит, миастения, буриш спазмлари, кататоник шизофрения ва кататоник ступорнинг оқибатларини даволаш учун кунига 3 марта 6-12 томчидан ичилади.
Исириқ чойи: неврастения, тутқаноқ, фалаж, қизамиқ, сифилиз, буйрак касалликларида ичилади, милклар касалликларида чайилади.
Исириқнинг уруғлари: кунига 10 тагача ошқозон-ичак касалликларида ва ўт ҳайдовчи восита сифатида истеъмол қилинади.
Исириқ солинган ванна: 10 л қайнаб турган сувда 100 г исириқ ўти дамланади, 15-20 дақиқа давомида ёпиқ идишда қайнатиб олинади, 2 соат туради, сузгичдан ўтказилади ва ваннага қўшилади (+ 30-40°С). Ванналар ҳар 2 кунда 1 марта 10-15 дақиқа давомида қабул қилинади (даволаш курси – 10 та ванна). Ревматизм ва модда алмашинуви касалликлари билан боғлиқ тери касалликларида қўлланилади.
Исириқ ўтини тутатиш: фалаж, қизамиқ, малярия, иситмали қалтироқ, асабий таранглик касалликларида, туққан хотинларга ёрдам бериш (шу жумладан ҳайвонларга) воситаси сифатида ишлатилади, у ухлатувчи ва антипаразитик восита сифатида самарали ҳисобланади.
Ресурс хусусиятлари.
Дала тадқиқотлари ва олинган маълумотларни кейинчалик қайта ишлаш жараёнида аниқланишича, зич ўсиш майдонларида ўртача проектив қоплами 30-35% ни ташкил қилади. Шу билан бирга 10 га 10 метрли ҳисоб майдончаларида саноат аҳамиятли 8 та етук туплар борлиги аниқланган. Ушбу ўсимликларнинг ўртача ҳосилдорлиги қуруқ массасига ҳисоблаганда 1300 г ни ташкил этди, шу асосида гектарига ўртача 130 кг ҳисобланди.



Фойдаланилган адабиётлар рўйхати:
1. Акопов И.Э. Важнейшие отечественные лекарственные растения и их применение. – Ташкент: Медицина, 1990. – 446 с.
2. Алимбаева П.К., Гончарова А.В. Дикорастущие лекарственные растения Киргизии. – Фрунзе: Илим, 1971. – 98 с.
3. Атлас ареалов и ресурсов лекарственных растений. – М.: ГУГК, 1983. – 340 с.
4. Биологические особенности и распространение перспективных лекарственных растений //Под редакцией Т.А.Адылова. – Ташкент: Фан, 1981. –158 с.
5. Биологически активные вещества растительного происхождения. Б.Н.Головкин, Р.Н.Руденская, И.А.Трофимова, А.И.Шретер – в 3 томах. М.: Изд-во Наука, 2001. – 764 с.
6. Борисова Н.А., Шретер А.И. К методике определения запасов и картирования ресурсов лекарственного растительного сырья // Раст. ресурсы. – Ленинград: Наука, 1966.– Т. 2. – Вып. 2. – C. 271-277.
7. Ботанико-фармакогностический словарь // Под ред. Блиновой К.Ф. – М.: Высшая школа, 1990. – 272 с.
8. Гаммерман А.Ф., Кадаев Г.Н., Янценко-Хмелевич А.А. Лекарственные растения (растения-целители). – М.: Высшая школа, 1984. – 400 с.
9. Гесь Д.К., Горбач Н.В. Лекарственные растения и их применение. – Минск: Наука и техника, 1977. – 552 с.
10. Государственная Фармакопея СССР // 11-е изд. – М.: Медицина, 1989. – 398 с.
11. Государственный реестр лекарственных средств. Официальное издание: в 2 т.- М.: Медицинский совет, 2009. – Т.2, ч.1 – 568 с.; ч.2. – 560 с.
12. Лесиовская Е.Е., Пастушенков Л.В. Фармакотерапия с основами фитотерапии. Учебное пособие. – М.: ГЭОТАР-МЕД, 2003. – 592 с.
13. Палов М. Энциклопедия лекарственных растений». Под ред. канд. биол. наук И.А. Губанова. – М.: Мир, 1998. – 467 с.
14. Растительные лекарственные средства Абу Али ибн Сино (Авицены). Справочник // Под редакцией Ш.Б.Иргашева. – Ташкент: Абу Али ибн Сино, 2003. – 457 с.
15. Хожиматов К.Х., Хожиматов О.К. Собиров У.А. Сборник правил пользования объектами лекарственных, пищевых и технических растений. Ташкент: «Янги аср авлоди», 2009. – 171 с.
16. Astulla, A., Zaima, K., Matsuno, Y., Hirasawa, Y., Ekasari, W., Widyawaruyanti, A., Zaini, N.Ch., Morita, H. 2008. Alkaloids from the seeds of Peganum harmala showing antiplasmodial and vasorelaxant activities. Journal of Natural Medicines 62 (4), рр. 470–472.
17. Moloudizargari, M., Mikaili1, P., Aghajanshakeri, Sh., Asghari, M.H., Shayegh J. 2013. Pharmacological and Therapeutic effects of Peganum harmala and its main alkaloids. Pharmacognosy Reviews 7 (14), 199-212. DOI: 10.4103/0973-7847.120524
18. www.ipni.org
19. https://www.greeninfo.ru
20. http://lektrava.ru
21. http://manual-plants.com.ua/section/opisanie-rasteniy
22. http://pharmspravka.ru
23. http://www.fito.nnov.ru
24. http://n-retsept.ru
25. www.plantarium.ru
26. http://www.plantsoftheworldonline.org/taxon/urn:lsid:ipni.org:names:774545-1
27. http://www.theplantlist.org/
28. http://www.u-lekar.ru/
29. http://100trav.su/
30. http://lifebio.wiki/гармала
31. https://viphutti.ru/травы/гармала-могильник-исирик-испанд-бело/
32. https://dic.academic.ru/dic.nsf/ruwiki/1442892
https://cstr.cn/UZ113.45.PL.Peganum.harmala.IBUz.00004


РУ