









Ёнғоқ
Juglans regia L.
Identifier
CSTR: UZ113.45.PL.Jugalans.regia.IBUz.00034
Ўсимлик тавсифи.
Ёнғоқ Juglandaceae оиласига мансуб баландлиги 25 м гача бўлган дарахт, тана диаметри 3 м гача боради. Шох-шаббаси кучли, тарвақайлаб ўсган. Барглари жуда йириқ, кетма-кет, бандли, тоқ патсимон, 5-11 баргчалардан иборат. Баргчалари эллипсимон ёки чўзинчоқ, устки қисмида тўқ яшил, осткида эса очроқ рангда. Ёнғоқ гуллари майда, кўримсиз, бир жинсли бўлиб, битта тупда ривожланади, яъни бир уйли ўсимликдир. Чангчи гуллари кўп гулли тўпгулларда – кучалада тўпланган. Ҳар бир чангчи гули 6 та бўлакли гулқўрғон ва ўровчи барг билан қўшилиб ўсган ва 12-18 дона чангдондан иборат. Уруғчи гуллари ўтроқ, якка ёки 2-3 тадан тўпланган. Ҳар бир уруғчи гул иккита гулёнбарг, 1 уйли остки тугунча ва иккита тумшуқчадан иборат. Ёнғоқ мевалари – ҳар хил шаклдаги ва ўлчамдаги йирик шарсимон ва эллипсимон данак, ташқи томони қалин мева қобиғига эга, у ҳар хил шаклдаги ва ўлчамдаги ёғочлашган данак – ёнғоқни ўраб туради. Данакда оч жигарранг қобиқ билан қопланган уруғ («ёнғоқ мағзи») мавжуд. Пишмаган меваларда мева қобиғи этли бўлади. Мева пишганда ёнғоқ қурийди ва ёрилади, ундан уруғли данак ажралади. Ёнғоқ барглари очилиши билан бир вақтда апрель-май ойларида гуллайди. Ёнғоқ шамол ёрдамида чангланади. Мевалари сентябрь-октябрь ойларида пишади. Ёнғоқ тез ўсади, маданийлаштирилганда 5-10 ёшида мева беришни бошлайди, 50-60 ёшда тўлиқ ҳосилга етади ва 300 йилгача яшайди.
Ўсиш жойи ва тарқалиши.
У Ғарбий Тиён-Шон қияликларида кичик ўрмонлар ҳосил қилади (Тошкент вилояти), ҳамма жойда кенг етиштирилади.
Хом ашёни йиғиш ва унинг сифати.
Барглар, гуллар, мева қобиғи, яшил ва пишган ёнғоқлар, ёнғоқ уруғлари, уруғининг мойи, қаттиқ уруғ пўсти ва улар орасидаги юпқа пардалари шифобахш хом ашё бўлиб хизмат қилади. Барглари катта бўлиб кетмасдан май-июнь ойларида йиғилади, қорайиб кетмаслиги доимий кузатилиб айвон остида ва темир томли чордоқларда тезда қуритилади. Мева пўсти меваларни терганда йиғилади (август-сентябрь ойларида), қуритгичларда ёки печларда 30-40 С ҳароратда қуритилади. Ёнғоқ мевалари пишмаган ва пишган ҳолда йиғиб олинади. Пишмаган ёнғоқлар июнь ойида йиғилади (улар пишган мевалар катталигига етганда, лекин уларнинг паллалари ҳали ёғочлашмаган ва ёнғоқни игна билан тешиш мумкин бўлганда). Ёнғоқ хом ашёсининг асосий йиғими тўлиқ етилганда, яъни яшил мева қобиғи ёрилиб, ёнғоқ ажралиб тушганда амалга оширилади.
Кимёвий таркиби.
Ўсимликнинг барча қисмларида биологик фаол моддалар мавжуд: коратритерпеноидлар, стероидлар, алкалоидлар, С витамини, танинлар, хинонлар. Баргларда альдегидлар, эфир мойи, алкалоидлар, C витаминлари (1300 мг), PP, кўп миқдорда каротин (33 мг%), фенол карбон кислоталар, танинлар, кумаринлар, флавоноидлар, антоцианинлар, хинонлар ва юқори ароматик углеводородлар; мева қобиғида – органик моддалар кислоталар, танинлар, кумаринлар ва хинонлар. Яшил ёнғоқлар C, B1 витаминларига (B3, РР, каротин ва хинонлар, етилган ёнғоқлар – ситостеринлар, C, B1, B2, PP витаминлари, каротин, танинлар, хинонлар ва эфир мойларига, шунингдек, клетчатка, темир ва кобальт тузларига бой. Уруғ пўсти фенол карбон кислоталар, танинлар ва кумаринлар, пеликуласи (мевани қоплаган ингичка жигарранг пўсти) – стероидлар, фенол карбон кислоталар, танинлар ва кумаринларга бой.
Ёнғоқнинг шифобахш хусусиятлари.
Ёнғоқ препаратлари бактерицид, яллиғланишга қарши, склерозга қарши, антигельминтик, мустаҳкамловчи, бириктирувчи, ични тўхтатадиган, ич сурувчи (илдиз пўстлоғи), ўрта даражада қанд миқдорини пасайтирувчи, қон тўхтатувчи, ярани даволовчи ва битирувчи хусусиятларга эга. Барглар яраларни даволаш, микробларга ва яллиғланишга қарши хусусиятларга эга. Ёнғоқ мағзида магний жуда кўп, бу томирлар кенгайтирувчи ва сийдик ҳайдовчи таъсирга эга, шунингдек, калий кўп бўлиб, у организмдан натрийни чиқариб ташлаши ва сийдик ҳайдалишини кўпайтириши мумкин. Буларнинг барчаси қон босимини пасайтиришни таъминлайди. Ёнғоқ мевалари (мағзи) асли ҳолида, туғралган ва қовурилган шаклида ишлатилади. Улардан мураббо тайёрланади ёки асал билан аралаштирилади. Асал билан эзилган мағизлар сил касаллиги, саратон касаллиги ва умуман заифлашган одамлар учун жуда фойдали. Ёнғоқлар гиперацидли гастрит ёки ошқозон яраси учун ажойиб восита ҳисобланади ва меъда ширасининг секрециясини кўпайишига олиб келади. Ёнғоқ мевалари кичик гижжалар учун антигельминтик восита сифатида ишлатилади. Майдаланган ёнғоқлар кўкаришлар ва зарбларнинг доғларини даволаш учун ишлатилади, ошқозон ярасини даволаш учун эса ичга истеъмол қилинади. Болалардаги мия ва юрак томирларининг склерози, сил касаллиги, рахит учун баргларнинг дамламаси ичилади, метаболизмни яхшилайди ва қондаги қанд миқдорини пасайтиради; ташқи томондан – ҳўлланма, ванна, йирингли тошмалар, лишай, экземада ювиниб яраларни даволовчи восита сифатида, шунингдек, турли хил яллиғланиш касалликлари ва тиш милки қон кетишида оғиз ва томоқни чайиш восита сифатида ишлатилади. Ёнғоқ пўстлоғидан (қобиқдан) мураббо буйраклардаги яллиғланиш жараёнларида ёки сурункали нефрит ёки пиелонефритда ишлатилади.
Ёнғоқ ва ёнғоқ мойи атеросклерозда парҳез маҳсулот ҳисобланади, жигар касалликлари, ич қотиши билан кечадиган сурункали колит учун фойдалидир. Халқ табобатида ёнғоқ мойи кўз атрофидаги гангрена, сарамас ва тешик яра касалликларида энг яхши восита ҳисобланади. Мойидан сийдик тош касаллиги, ҳайз кўриши бузилишларида ишлатилган, лишай билан таъсирланган терини мойлаш учун ишлатишган, шунингдек, куйиш ва кўкрак ёриқларида суртма сифатида фойдаланилган.
Анъанавий тиббиёт рецептлари. Ёнғоқ баргларининг дамламаси: 2 стакан қайноқ сувга 1 ош қошиқ қуруқ эзилган барг қўшилади ва 1 соат дамлаб қуйилади, 2 соат совутишга қўйилади, қандли диабетда, мия ва юрак томирлари склерози, метаболизмни яхшилаш, ўпка силида қон тупуриши камайтириш учун овқатдан 20 дақиқа олдин кунига 2-3 марта ичилади. Худди шу дамлама ёрдамида оғиз ва томоқни турли хил яллиғланиш касалликлари ва тиш милки қон кетишида оғизни чайиш мумкин.
Ёнғоқ баргларини дамламаси: 1 литр қайноқ сувни 50 г ёнғоқ барглари дамланади, 2 соат тиндирилади – энтероколит, думалоқ чувалчангларда шу дамлама кун давомида ичилади. Ёнғоқ баргларидан дамлама: 1 ош қошиқ барглар ёки яшил мева пўсти устига 1 стакан қайноқ сув қуйилади, 1 соатга қолдирилади, тўкиб ташланади. Витамин етишмовчилигида мустаҳкамловчи сифатида овқатдан олдин кунига 3 марта 1-3 стакандан ичилади. Баргларнинг ўрнига ич юмшатувчи таъсирга эга бўлган илдизлар ва новдаларнинг пўстлоғидан фойдаланиш мумкин. Ташқи фойдаланиш учун ёнғоқ баргларидан дамлама: 0,5 кг майдаланган қуритилган ёки 2 кг янги йиғилган ёнғоқ баргларига (гуллари ёки пишмаган мевалари билан аралашмаси) 1 челак қайноқ сув (8-10 л) қуйилади, секин оловда 30 дақиқа давомида қайнатиб олинади, 37-40°C ҳароратли сув билан 1:1 нисбатда суюлтирилади ва тери касалликлари, болалар диатези, шунингдек, лимфа безларини яллиғланишида ванна қабул қилинади. Ваннани 10-15 мартагача қабул қилинади.
Етилган ёнғоқ уруғининг пардаларидан қайнатма тайёрлаш: 0,5 литр қайноқ сувга 40 г хом ашё солинади, секин оловда 1 соат қиздирилади, қанд диабетда овқатдан олдин кунига 3 марта 15 мл дан ичилади.
Ёнғоқнинг дамламаси: майдаланган ва етилмаган 15 та меваси 0,5 литрли идишга солинади, 70% спирт қуйилади ва 14 кун давомида қуёшда туради. Гастрит, энтероколит, диарея, қанд диабети, янги ўсмалар, шунингдек, витаминли восита ва умумий мустаҳкамловчи сифатида овқатдан сўнг 20-30 мл дан ичилади.
Ёнғоқ уруғининг пардаларидан настойка: ички пардалар 20-25 ёнғоқдан ажратилади, уларга 100 мл 70% спирт қуйилади, 7-10 кунга қолдирилади ва мастопатия ва бачадон миомасида кунига 3 маҳал 15-20 томчидан 30-50 мл қайнатилган сувга томизиб ичилади. Даволаш курси – 2 ой. 7-10 кунлик танаффусдан кейин уни такрорлаш мумкин.
Ёнғоқ уруғининг пардаларидан настойка: 200 мл 70% спирт ёки кучли ароққа 1 ош қошиқ қуруқ пардалар солинади, қоронғи жойда 14 кун сақланади, вақти-вақти билан силкитилади, сузгичдан ўтказилади, сиқиб олинади. Титраш, асаб касалликлари, диарея, сурункали колит, диабет, гипертонияда кунига 3 марта 1 чой қошиқдан ичилади, даволаниш курси 15-30 кун ҳисобланади. Ёнғоқнинг ёш ва янги баргларидан сиқилган шарбати ташқи томондан терининг замбуруғ касалликлари, ўрта қулоқнинг йирингли яллиғланишида ишлатилади. Ёнғоқнинг мева пўстидан олинган шарбат билан томоқ оғриғини даволашда чайилади. Ёнғоқ камеди яраларни даволаш учун кукун сифатида ишлатилади.
Янги ёнғоқ баргларини яралар ва чипқонларга қўйилади. Бавосил учун қайнатилган барглар иссиқ сувда ҳўллаб қўйилади. Худди шу мақсадда қуйидаги малҳамни тайёрлаш мумкин: 15 г қуруқ майдаланган ёнғоқ баргларига 100 мл ўсимлик мойи қуйилади, 7-8 кундан кейин 1 соат сув ҳаммомида қайнатилади, дока орқали икки марта сузгичдан ўтказилади ва яна 30 дақиқа қайнатилади, кейин 15 г мум қўшилади ва совигунча аралаштирилади.
Фойдаланилган адабиетлар рўйхати:
1. Акопов И.Э. Важнейшие отечественные лекарственные растения и их применение. – Ташкент: Медицина, 1990. – 446 с.
2. Алимбаева П.К., Гончарова А.В. Дикорастущие лекарственные растения Киргизии. – Фрунзе: Илим, 1971. – 98 с.
3. Атлас ареалов и ресурсов лекарственных растений. – М.: ГУГК, 1983. – 340 с.
4. Лесиовская Е.Е., Пастушенков Л.В. Фармакотерапия с основами фитотерапии. Учебное пособие. – М.: ГЭОТАР-МЕД, 2003. – 592 с.
5. Палов М. Энциклопедия лекарственных растений. Под ред. канд. биол. наук И.А.Губанова. – М.: Мир, 1998. – 467 с.
6. Растительные лекарственные средства Абу Али ибн Сино (Авицены). Справочник // Под редакцией Ш.Б.Иргашева. – Ташкент: Абу Али ибн Сино, 2003. – 457 с.
7. Хожиматов К.Х., Хожиматов О.К., Собиров У.А. Сборник правил пользования объектами лекарственных, пищевых и технических растений. Ташкент: «Янги аср авлоди», 2009. – 171 с.
8. Шепелев В.П. Целебные свойства орехов. – М.: Феникс, 2002. – 71 с.
9. Ядров А.А. Орехоплодные и субтропические плодовые культуры. Учеб. – Симферополь: Таврия, 1990. .– 160 с.
10. www.ipni.org
11. https://www.greeninfo.ru
12. http://lektrava.ru
13. http://manual-plants.com.ua/section/opisanie-rasteniy
14. http://pharmspravka.ru
15. http://www.fito.nnov.ru
16. http://n-retsept.ru
17. www.plantarium.ru
18. http://www.theplantlist.org/
19. http://www.u-lekar.ru/
20. http://100trav.su/
21. https://dic.academic.ru/dic.nsf/ruwiki/667127
22. https://good-tips.pro/nuts/walnut-health-benefits
23. https://lesoteka.com/derevya/gretskij-oreh
https://cstr.cn/UZ113.45.PL.Jugalans.regia.IBUz.00034


РУ