Зуптурум

Plantago major L.

Ўсимлик тавсифи. 

 Зуптурум Plantaginaceae оиласига мансуб кўп йиллик ўт ўсимлик. Илдиз бўғзидан тўпбарглар чиққан, марказидан баргсиз гулпоялар ўсиб чикади, юқори қисмида битта бошоқ жойлашади. Илдизпояси калта, йўғон, вертикал ҳолда жойлашган, ҳар томондан ингичка, попук, симсимон (ипсимон) илдизлар билан ўралган. Барглари бандли, кенг тухумсимон ёки кенг эллипсимон, бутун, силлиқ ёки бироз тукланган, узунлиги тахминан 12 см, 3-9 та чўзинчоқ ёйсимон томирлардан ташкил топган. Бошоқдаги гуллари майда, кўримсиз, қўнғирранг гултожибаргга эга, биттадан пардасимон гулёнбарг қўлтиғида жойлашади. Меваси– тухумсимон, кўндалангига очиладиган икки уяли, кўп уруғли кўсак, уруғлари қиррали, ҳар бир уяда 4-8 та уруғлари бор.
Жанубда май-июндан то август-сентябргача гуллайди.

Ўсиш жойи ва тарқалиши.

Зуптурум энг кенг тарқалган ўсимликлардан биридир. У кўпинча йўл бўйларида, йўлларда, ҳовлиларда, кўчаларда, боғларда, яйловларда ўсади. У турли механик таркибли намликдаги тупроқларда яшайди. Жанубий қурғоқчил минтақаларда у дарё қайирлари ва нам ўтлоқларга мослашган. Шунингдек, қуруқ ўтлоқларда, экинларда, томорқаларда ўсади. Тоғларда у денгиз сатҳидан 2000-2500 м баландликгача кўтарилади. Баъзан йўллар бўйлаб кенглиги бир неча метрни ташкил этадиган зич ўсиш майдонларини ҳосил қилади ва юзлаб метрларга чўзилади. Намлик ортиқча бўлганда зуптурум барглари бироз кўтарилган ҳолатда бўлади ва намлик кам бўлганда эса барглар ер бағирлар ўсади, чунки бунда намлик сақланади.

Хом ашёни йиғиш ва унинг сифати.

Тиббиётда ўсимликнинг барглари ва янги ўтларидан фойдаланилади. Ўсимлик плантаглюцид препаратлари ва зуптурум шарбатини ишлаб чиқариш учун хом ашё сифатида ишлатилади; барглари дорихоналарга қадоқланган ҳолда етказиб берилади. Хом ашё гуллаш босқичида май-август ойларида баргларнинг сарғайиши ёки қисман қизаришидан олдин йиғиб олинади. Намли иссиқ ёз бўлган йилларда хом ашёни битта жойдан бир неча марта ҳосилини йиғиш мумкин. Пичанзорларда август-сентябрь ойларида иккиламчи хом ашёни йиғиш мумкин. Йиғим пайтида барглар пичоқ ёки ўроқ билан кесилади, бандларининг кичик қолдиқлари бўлиши мумкин, зич ўсадиган майдонларда ўсимликлар ўралади ва кесилган массадан зуптурум барглари ажратилиб олинади. Йиғим тўғри ташкил этилса, битта майдонлардан бир неча йил давомида фойдаланиш мумкин, чунки ўсимликлар одатда 3-4 йилгача яшайди. Зараркунандалар ва касалликлар, айниқса, унли шудринг билан зарарланган барглар йиғиб олинмайди. Бутун тўпгуллар кесиб олинмайди, бу зич ўсадиган майдонларни нобуд бўлишига олиб келади. Баргларни ёмғирдан кейин қуруқ бўлганда йиғиш тавсия этилади. Хом ашёни йиғишда баъзи бир яхши ривожланган намуналарни қолдириш керак.
XI ДФ талабларга қўра, йирик зуптурумнинг қуритилган хом ашёси яшил ёки қўнғирранг-яшил, узунлиги 24 см гача ва эни 11 см гача, бутун ва четлари бироз тишсимон, силлиқ, 3-9 томирли барглардан иборат. Банднинг узилган жойида ипга ўхшаш томирларнинг узун қолдиқлари кўринади. Ҳиди кучсиз, ўзига хослиги йўқ. Таъми аччиқдир. Намлик 14% дан ошмаслиги керак. Хом ашёларда сарғайган, қорайган, қўнғирранг барглар 5% дан; гул поялари 1% дан; эзилган қисмлар (тешигининг диаметри 1 мм бўлган элакдан ўтган) 5% дан; зуптурумнинг бошқа қисмлари 1% дан; органик ва минерал аралашмаларнинг ҳар бири 1% дан ошмаслиги керак. Кул таркиби 20% дан, шу жумладан, 10% хлорид кислотада эримайдиган кул 6% дан ошмаслиги керак. Экстрактив моддалар камида 30% бўлиши керак.
Янги зуптурум ўтлари (бутун ер усти қисми, яъни тўпбарглар билан гулпоялари) камида 70% намликка эга. Ушбу йиғиб олинган хом ашё 24 соатдан кечиктирмай қайта ишланиши лозим.

Кимёвий таркиби.

Зуптурум хом ашёси таркибида ксатон аукубин гликозиди мавжуд бўлиб, у гидролиз натижасида глюкоза ва аукубигенинга бўлинади; алкалоидлар, озгина танинлар, шилимшиқ моддалар, витаминлар (К витамини, А провитамини), бироз аскорбин кислотаси, урон кислоталарининг излари мавжуд. Уруғларда стероид сапонинлари, 44% гача шилимшиқлар, 22% гача ёғли мой, 0,16-0,17% плантеоз углеводлари, 22% оқсил ва 16% аминокислоталар мавжуд. Янги баргларда флавоноидлар, кўп миқдордаги маннит углеводи, лимон кислотаси мавжуд.

Тиббиётда қўлланилиши.

Зуптурум баргларининг дамламаси балғам кўирувчи таъсирга эга ва бронхит, кўк йўтал, бронхиал астма ва силда ёрдамчи восита сифатида ишлатилади. Янги зуптурум баргларидан олинган шарбат меъда ширасининг нормал ва паст кислоталилигида сурункали гастрит, ошқозон яраси ва ўн икки бармоқли ичак яраси учун самарали ҳисобланади. Ўсимликда фитонцидлар мавжудлиги препаратнинг микробларга қарши таъсирини таъминлайди. Сув дамламаси ва ўсимлик баргларидан янги шарбати яраларни тез тозалаб, битишига ёрдам беради. Ушбу дорилар кўкаришлар, чуқур кесилган жойлар ва яралар, сурункали яралар, тешиклар, йирингли яралар, чипқонлар учун ҳўлланма ва чайиш шаклида қўлланилади. Бундан ташқари, йирингли яралар ва фурункулёзда компресс сифатида яхши ювилган янги барглари ишлатилади. Таркибида мавжуд бўлган К витамини қон ивишини кучайтиради, бу эса кучли қон кетишининг олдини олади. Ўсимлик яллиғланишга қарши хусусиятларга эга, шунинг учун у турли хил яллиғланишларда жуда самарали. Биринчидан, зуптурум асосидаги дорилар ёрдамида баъзи тери касалликларини даволаш мумкин (дерматит, псориаз), иккинчидан, оғиз бўшлиғи (стоматит, гингивит) ва юқори нафас йўллари (тонзиллит, гайморит) касалликларида ҳолатни яхшилайди ва даволаш жараёнини тезлаштиради. Зуптурум сийдик-таносил ва ажратувчи тизимларнинг айрим касалликлари, масалан, нефрит, энурез ва бошқаларни даволашда ишлатилади. Ўсимликни балғам кўчирувчи таъсири бўлганлиги учун бронхит ва бошқалар каби касалликларда ишлатилатилади. Таркибидаги моддалари баъзи патоген микроорганизмларга, масалан, стафилококклар, кўк йирингли таёқча ва бошқаларга зарарли таъсир кўрсатади. Кўзнинг шох пардаси шикастланганда ва зарарланганда ҳам қўллаш мумкин. Ўсимликнинг фойдали хусусиятлари туфайли аёлларнинг жинсий аъзолари касалликларини даволашда ҳам ижобий ҳисобланади. Зуптурум ёрдамида аднексит, миометрит, параметрит, эндометрит каби касалликларни даволаш мумкин. Агар ҳайзлар жуда оғриқли бўлганда ҳам зуптурум ёрдам беради. Ўсимлик ановуляцияда ҳам ишлатилади (овуляция бўлмаганда). Зуптурум барглари қувват берувчи ва мустаҳкамловчи восита сифатида ишлатилиши мумкин. Чарчоқ ва кучсизликдан, шунингдек, қаттиқ чарчашлар ва стресс таъсиридан халос бўлиш мумкин. Гипертензияда бундай табиий воситадан ҳам фойдаланиш мумкин, чунки бу қон босимини нормаллаштиришга ёрдам беради. Зуптурум кўпинча енгил тинчлантирувчи восита сифатида ишлатилади. Баъзилар оғриқ рўй берганда чакка ва пешонага баргларни қўйишади. Бу ҳақиқатан ҳам ёрдам беради, чунки ўсимлик самарали табиий оғриқ қолдирувчи воситадир. Шарбати овқат ҳазм қилиш тизимига фойдали. Биринчидан, бу шиллиқ пардаларнинг тез тикланишига ёрдам беради. Иккинчидан, бундай восита овқат ҳазм қилиш ширасини ишлаб чиқаришни стимуллайди, шунинг учун овқат ҳазм қилиш жараёни осонлашади. Ўсимлик холестерин миқдорини нормаллаштиришга ёрдам беради ва атеросклерознинг олдини олиш учун жуда самарали восита сифатида ишлатилиши мумкин. Ўсимликнинг бундай доривор фойдали хусусиятлари отит касаллигини даволаш учун самарали ҳисобланади. Зуптурум косметик мақсадларда ишлатилиши мумкин, чунки у яллиғланишни кетказиб, терининг рангини тинилаштиради, шунингдек, сочларни мустаҳкамлайди ва жуда яхши тозалайди. Мунтазам ва тўғри фойдаланилганда иммунитетни мустаҳкамлаш мумкин. Фитонцидлар бу фойдали хусусиятлари организмга вируслар билан курашишда ёрдам берадиган моддалардир, шунинг учун ўсимлик ўткир респиратор инфекциялар ва ўткир респиратор вирусли инфекцияларнинг олдини олиш ва даволаш учун ишлатилиши мумкин. Зуптурум буйрак учун фойдалидир, чунки у буйрак фаолиятини яхшилайди ва ортиқча суюқликни чиқаради, шишлардан халос қилади.
Плантаглюцид оғриқ қолдирувчи ва яллиғланишга қарши восита бўлиб, у нормал ва паст кислотали гипацидли гастрит, меъда ва ўн икки бармоқли ичак ярасида (зўриқиш пайтида ва қайт қилишни олдини олиш учун) ишлатилади.
Зуптурум баргининг кайнатмаси. 10 г (2 ош қошиқ) хом ашё сирли идишга солиниб, 200 мл (1 стакан) иссиқ сув қуйилади, қопқоғ ёпилади ва қайнаб турган сув ҳаммомида 30 дақиқа қиздирилади. Кейин у хона ҳароратида 10 дақиқа давомида совитилади, сузгичдан ўтказилади, қолган масса сиқиб олинади. Қайнатмага қайнатилган сув дастлабки ҳажм 200 мл гача қўшилади. Кунига 3-4 марта овқатдан 10-15 дақиқа олдин 1/2 -1/3 стакандан ичилади. Зуптурум сиропи йўталишда ёрдам беради, уни тайёрлаш унчалик қийин эмас. Барглардан олинган янги шарбатга тенг нисбатда асал билан қўшилади. Аралашма икки соатга қолдирилади ва беш-олти кун давомида кунига уч-тўрт марта бир ош қошиқдан ичилади. Ўсимлик настойкасидан стоматит, тонзиллит, отит ва бошқа касалликларни даволаш учун фойдаланиш мумкин. Уни тайёрлаш учун тахминан 100 грамм қуритилган ўти, шунингдек, бир стакан ароқ керак бўлади. Хом ашёга ароқ қуйилади, идиш ёпилиб, қоронғи ва салқин жойга икки ҳафтага қўйилади. Тайёр настойка сузгичдан ўтказилади. Отит касалликда пахта пиликлари суюқликда намланиб, қулоқга қўйилади (чуқур эмас!) Ярим соатга қолдирилади. Стоматит ёки тонзиллитда настойка сув билан суюлтирилади (1 қисм настойкага 10 қисм сув олинади) ва томоқ ёки оғиз чайилади. Дамламаси йўтал учун фойдалидир. Икки ош қошиқ қуруқ ўти бир стакан қайноқ сув билан аралаштирилиб, уни сув ҳаммомига ёки ярим соат давомида 70-90 даражага қадар қиздирилган печга қўйилади, сўнгра усти ёпилади ва бир соатга қолдирилади. Бир чой қошиғидан кунига уч-тўрт марта ичилади. Қайнатмани тайёрлаш учун бир ош қошиқ қуруқ хом ашёни бир стакан сув билан аралаштириб, 15 дақиқа давомида қайнатиб олинади, сўнгра истеъмол қилинади. Зуптурум барглари кўплаб ўсимлик чойларнинг бир қисмидир.
Косметологияда қўлланилиши: ўсимлик косметик мақсадларда ҳам муваффақиятли қўлланилмоқда. Қайнатмалар ёки дамламалардан ҳуснбузар ва бошқа муаммоларда суртма ёки компресс сифатида ишлатилади. Агар шарбати музлатилиб, кейин муз кубиклари юзга суртилса, тери тиниқлашади ва шишлар қайтади. Бундан ташқари, сочларни қайнатма билан ювиш мумкин.
Ўсимликнинг фойдали хусусиятлари жуда кўп ва ўзига хос бўлса-да, қўлланиб бўлмайдиган ҳолатлари ҳам мавжуд: Ошқозон ширасининг юқори кислоталилигидир. Бу ҳолда ўсимлик вазиятни янада кучайтириши мумкин. Ўн икки бармоқли ичак ёки ошқозон ярасининг ўткир босқичида қўллаб бўлмайди. Томирларнинг варикози, тромбофлебит ва бошқалар билан боғлиқ тромбларнинг ҳосил бўлишини юқори хавфида қўллаш мумкин эмас. Индивидуал кўтара олмаслик. Зуптуримни эҳтиёткорлик билан ишлатиш керак, чунки аллергик реакция пайдо бўлиши мумкин.

Фойдаланилган адабиетлар рўйхати:

1. Акопов И.Э. Важнейшие отечественные лекарственные растения и их применение. – Ташкент: Медицина, 1990. – 446 с.
2. Алимбаева П.К., Гончарова А.В. Дикорастущие лекарственные растения Киргизии. – Фрунзе: Илим, 1971. – 98 с.
3. Атлас ареалов и ресурсов лекарственных растений. – М.: ГУГК, 1983. – 340 с.
4. Биологические особенности и распространение перспективных лекарственных растений //Под редакцией Т.А.Адылова. – Ташкент: Фан, 1981. –158 с.
5. Биологически активные вещества растительного происхождения. Б.Н.Головкин, Р.Н.Руденская, И.А.Трофимова, А.И.Шретер – в 3 томах. М.: Изд-во Наука, 2001. – 764 с.
6. Ботанико-фармакогностический словарь // Под ред. Блиновой К.Ф. – М.: Высшая школа, 1990. – 272 с.
7. Гаммерман А.Ф., Кадаев Г.Н., Янценко-Хмелевич А.А. Лекарственные растения (растения-целители). – М.: Высшая школа, 1984. – 400 с.
8. Гесь Д.К., Горбач Н.В. Лекарственные растения и их применение. – Минск: Наука и техника, 1977. – 552 с.
9. Государственная Фармакопея СССР // 11-е изд. – М.: Медицина, 1989. – 398 с.
10. Государственный реестр лекарственных средств. Официальное издание: в 2 т.- М.: Медицинский совет, 2009. – Т.2, ч.1. – 568 с.; ч.2. – 560 с.
11. Лекарственное растительное сырье. Фармакогнозия: Учеб. пособие / Под ред. Г.П.Яковлева и К.Ф.Блиновой. – СПб.: СпецЛит, 2004. – 765 с.
12. Лесиовская Е.Е., Пастушенков Л.В. Фармакотерапия с основами фитотерапии. Учебное пособие. – М.: ГЭОТАР-МЕД, 2003. – 592 с.
13. Машковский М.Д. Лекарственные средства. В 2 т. – М.: ООО «Издательство Новая Волна», 2000. – 540 с.
14. Носов А.М. Лекарственные растения. – М.: ЭКСМО-Пресс, 2000.- 350 с.
15. Палов М. Энциклопедия лекарственных растений. Под ред. канд. биол. наук И.А.Губанова. – М.: Мир, 1998. – 467 с.
16. Пустырский И., Прохоров В. Здоровая кожа и растительные средства. – М.: Махаон; Мн.: Книжный Дом, 2001. – 192 с.
17. Растительные лекарственные средства Абу Али ибн Сино (Авицены). Справочник // Под редакцией Ш.Б.Иргашева. – Ташкент: Абу Али ибн Сино, 2003. – 457 с.
18. Формазюк В.И. Энциклопедия пищевых лекарственных растений: Культурные и дикорастущие растения в практической медицине. (Под. ред. Н.П. Максютиной) – К.: Издательство А.С.К., 2003. – 792 с.
19. Хожиматов К.Х., Хожиматов О.К., Собиров У.А. Сборник правил пользования объектами лекарственных, пищевых и технических растений. Ташкент: «Янги аср авлоди», 2009. – 171 с.
20. Чиков П.С. Лекарственные растения. – М.: Медицина, 2002. – 496 с.
21. www.ipni.org
22. https://www.greeninfo.ru
23. http://lektrava.ru
24. http://manual-plants.com.ua/section/opisanie-rasteniy
25. http://pharmspravka.ru
26. http://www.fito.nnov.ru
27. http://n-retsept.ru
28. www.plantarium.ru
29. http://www.theplantlist.org/
30. http://www.u-lekar.ru/
31. http://100trav.su/
32. https://dic.academic.ru/dic.nsf/ruwiki/671892
33. https://good-tips.pro/medicinal-plants/plantago-health-benefits
34. https://mag.org.ua/rast/trava189.html